You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Видео: Донбассда вазият қандай? - Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги энг ҳалокатли уруш Ukraina, Rossiya
- Author, Жонатан Бил
- Role, Би-би-си
- Published
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Украинадаги можаро Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европадаги энг кўп одамнинг ёстиғини қуритган урушлардан бири бўлди. Ҳалок бўлган Украина аскарларининг умумий сони ҳақидаги маълумот сир сақланади. Бироқ расмийлар ҳар куни юздан ортиқ аскар вафот этаётганини айтишади. Россия томонидан йўқотишлар бундан ҳам юқори эканлигига ишонилади.
5 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилган.
Алоқадор мавзулар:
Ажал Донбассга жуда тез келади. Россия снарядлари етиб келиши учун атига бир-неча сония кифоя. Бу сафар бомба оддий одамларнинг уйларига тушди.
Аёлларнинг ёши катта қўшниси ўлдирилди.
Осуда ҳаёт аломатлари тезда йўқолади. Славянск шаҳри Россиянинг кейинги нишони. Одамлар бу ерларларни тарк этмоқда. Шаҳарда тирик қолиш нарда тошлари каби омадга боғлиқ.
"Тинмай бомбалашаётгани учун кетаяпман. Уйларимизни портлатишаётгани учун ертўлаларга бекинишга мажбурмиз. Ҳаммаёқ ёнаяпти. Ўзингиз ҳам эшитиб турибсиз. Болаларимизни ҳам қутқаришимиз керак", дейди Катерина.
Алексейнинг доимий иши ўлим билан боғлиқ. У ва шериклари аскарлар ҳамда тинч аҳолининг жасадларини ташийди.
Ҳар куни тахминан 100 нафар Украин аскари ҳалок бўлади. Бироқ у йиғиб олган жасадлари саноғидан адашиб кетган бўлса-да, россияликлар уч баробар кўп ўляпти, деб ўйлайди. Уруш унга ҳам таъсирини кўрсатган.
"Доим ўлим билан юзлашасан. Бошқалар буни фақат тасаввур қилиши мумкин. Уйга келганингда бунинг ҳаммаси таъсир қилади. Ичингда тўлдириб бўлмас бир бўшлиқ бордек ҳис қиласан", дейди Алексей Юков.
Россия ҳарбийлари бир кунда ўртача 20 мингта бомба отади.
Тина ва Полина уруш чизиғидаги тиббиёт ходими. Тина яқинда неварали бўлди. Оиласини эслаганда кўзига ёш олади.
Улар фронтдошларининг умрини сақлаб қолиш учун ҳавф томон боришади. Ҳар бир ҳалок бўлган аскарга кўплаб жароҳат олган аскар тўғри келади. Бироқ Тинага уларнинг сонини айтиш мумкин эмас.
"Йўқотиш деярли ҳар куни бор. Фақат бир нафар эмас, гоҳида кўп, гоҳида жуда ҳам кўп. Аммо бу ҳақда айтолмайман", дейди Тина.
Полина энди 21 га кирган. Уруш уни синдириб қўймаслиги учун қўлидан келганини қиляпти.
"Ҳар куни тепангдан бомба учади ва атрофингда жуда ҳам кўп яраланган бор. Жароҳат олаётганларнинг айримлари дўстларим ва яқинларим. Агар буни қалбимга яқин олсам, жуда ҳам қийин бўлади", дейди Полина.
Икки томон ҳам оғир йўқотишларга учрамоқда.
Би-би-си борган борган айрим Украина бўлинмалари аскарларининг қарийб ярмини йўқотган, улар ё жароҳатланган ёки ўлган.
Бироқ қолганларнинг ҳаммаси ҳаётга ташна ва умидга тўла.
Бизга узоқ муддат кўрмаган оилаларининг расмларини кўрсатишади.
Биз гаплашган ҳар бир аскар Украина урушда ғалаба қозонига ҳамон ишонишини айтишди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek