You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қизиқ, араблар ўз сўзини айтди: Демократия бўлса, иқтисод ривожланмайдими? Dunyo Yangiliklar
- Author, Жесси Уилямс, Сара Ҳэбершон ва Беки Дэйл
- Role, Би-би-си
- Published
Яқинда ўтказилган йирик омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида яшайдиган инсонлар демократия иқтисодий барқарорлик келтиради деган фикрга ишонмай бораяптилар.
Алоқадор мавзулар:
BBC News Arabic учун Араб Барометри (Arab Barometer) тармоғи тўққиз мамлакат ва Фаластин ҳудудидаги 23 000 га яқин одам орасида сўров ўтказган.
Кўпчилик демократияда иқтисод заифлашади, деган фикрга қўшилган.
Бу хулосалар демократик ўзгаришларга чақирган "Араб баҳори" деб аталмиш норозилик намойишларидан ўн йил ўтиб чиқмоқда.
Намойишлардан икки йил ўтмасдан, ўша давлатлардан фақат биттаси, Тунис демократиклигича қолди, аммо яқинда эълон қилинган конституция лойиҳаси маъқулланса, бу мамлакат ҳам авторитаризм сари кетиши мумкин.
2021 йил охири ва 2022 йил баҳори оралиғида сўров ўтказиш учун Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги университетлар ва ижтимоий фикр ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган Принстон университетидаги "Араб Барометри" тадқиқот тармоғи директори Майкл Роббинснинг айтишича, 2018/19 йилги сўнгги сўровдан буён минтақада демократия бўйича қарашлар ўзгарган.
"Демократия идеал бошқарув шакли эмаслиги ва ҳамма нарсани тузатмаслигига ишонч ортган", дейди у.
"Биз бутун минтақа бўйлаб кўраётганимиз шуки, одамлар очликдан ўлмоқда, одамлар нонга муҳтож, одамлар ўзларидаги мавжуд тизимлардан норози."
Сўровда қатнашган аксарият мамлакатларда ўртача ҳисобда респондентларнинг ярмидан кўпи демократик тизимда иқтисодиёт заифлашади, деган фикрга қўшилади.
Бу мамлакатлардаги сўралганларнинг ярмидан кўпи бошқарув шакли қандай бўлиши кераклигидан кўра ўз ҳукуматлари сиёсатининг самарадорлиги ҳақида кўпроқ қайғураётганини билдирган.
Economist Intelligence Unit (EIU) нинг Демократия индексига кўра,
Яқин Шарқ ва Шимолий Африка индексга киритилган барча минтақалар орасида энг паст ўринни эгаллайди: Исроил "номукаммал демократия", Тунис ва Марокаш "гибрид режимлар" деб таснифланган, қолганлари эса «авторитар» деб кўрсатилган.
Етти мамлакат ва Фаластин ҳудудларида "Араб Барометри" респондентларининг ярмидан кўпи ўз мамлакатига зарур бўлганда "қоидаларни букадиган" раҳбар керак деган фикрга қўшилади. Фақат Марокашда, ярмидан камроғи бу фикрга қўшилади. Бироқ, Фаластин ҳудудлари, Иордания ва Суданда бу фикрга қўшилмаганларнинг сезиларли қисми ҳам бор.
Тунисда сўралганларнинг ўндан саккиз нафари бу фикрга қўшилади, ўндан тўққиз нафари Президент Сайиднинг 2021 йил июлида ҳукуматни истеъфога чиқариш ва парламентни тарқатиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган. Президент Сайиднинг рақиблари буни давлат тўнтариши деб атайди, унинг ўзи эса бу қарорни бузуқ сиёсий тизимдан қутулиш учун шундай қилиш керак деб ҳисоблайди.
Тунис 2011 йилги араб баҳори қўзғолонларидан кейин мустаҳкам демократик ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлган ягона давлат эди. Бироқ Тунис президент Сайид бошқарувни авторитаризм томон етаклаётганга ўхшайди. 2021 йилги EIU Демосратия индексига кўра, мамлакат рейтингда 21 поғона пастга тушди ва "номукаммал демократия" эмас, балки "гибрид режим" сифатида қайта таснифланди.
Тунисдаги сўров 2021 йил октябрь ва ноябрь ойлари орасида ўтказилди. Ўшандан бери президент парламентни тарқатиб юбориш, сайлов комиссиясини назорат қилиш ва янги конституция бўйича референдум ўтказишга ундаш орқали ҳокимиятни кучайтиргани учун унга қарши норозиликлар бўлиб келмоқда. Айни пайтда мамлакат иқтисодиёти янада чуқур инқирозга тушган.
"Ҳозир, афсуски, Тунис авторитаризмга ёки биз демократик чекиниш деб атайдиган нарсага юз тутмоқда, бу бугунги кунда бутун дунёдаги тенденциядир", дейди Амани Жамол, Араб Барометри асосчиси ва Принстон Жамоат ва халқаро муносабатлар мактаби мудири.
"Менимча, асосий омиллардан бири авторитаризм ёки авторитар сиёсий маданиятга содиқлик эмас, балки Тунисда демократия иқтисодий жиҳатдан барбод бўлганига ишонишдир".
Иқтисодий вазият коррупция, беқарорлик ва Ковид-19 тарқалишидан кейин етти мамлакат ва Фаластин ҳудудлари учун энг долзарб муаммо сифатида кўрилмоқда.
Фақат икки давлатда иқтисодий вазият энг муҳим масала сифатида кўрилмайди - Ироқда коррупция ва урушдан вайрон бўлган Ливияда беқарорлик.
Сўровда қатнашган ҳар бир мамлакатда камида ҳар уч кишидан бири ўтган йили пул етказолмагани учун озиқ-овқат сотиб олишга қийналганини билдирган.
Қозон қайнаб туриши учун энг кўп кураш Миср ва Мавританияда сезилган, бу ерда ҳар уч кишидан иккитаси буни тан олган.
Сўров асосан Россиянинг февраль ойида Украинага бостириб киришидан олдин ўтказилган. Босқиндан кейин минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлиги янада ёмонлашагн, айниқса, Россия ва Украинадан буғдой импортига қаттиқ боғлиқ бўлган Миср, Ливия ва Тунисда.
Сўровда қатнашган респондентлар озиқ-овқат тугаб қолганда, кўпроқ озиқ-овқат сотиб ололмаслигини билдирганлар, сўровда қатнашган қатор мамлакатларда, хусусан, Судан, Мавритания ва Марокашда демократия энг кам нуфузга эга.
Минтақанинг иқтисодий истиқболи анча тушкун: респондентларнинг ярмидан камроғи ўз мамлакатидаги иқтисодий вазиятни яхши деб баҳолашга тайёр.
Ливан сўровда қатнашган барча мамлакатлар орасида энг паст ўринни эгаллайди, сўровда қатнашган ливанликларнинг 1 фоиздан камроғи ҳозирги иқтисодий вазият яхши эканини айтади. Жаҳон банки Ливандаги иқтисодий инқирозни 19-аср ўрталаридан бери дунёдаги энг ёмон инқирозлардан бири деб атади.
Умуман олганда, кўпчилик яқин бир неча йил ичида ўз мамлакатидаги иқтисодий вазият яхшиланишини кутмаяпти. Бироқ, қандайдир оптимизм бор. Олтита давлатда сўралган фуқароларнинг учдан биридан кўпроғи яқин икки-уч йил ичида вазият яхшиланади ёки бироз яхшиланади, деб ҳисоблайди.
Ҳозирда Тунисни қамраб олган иқтисодий нотинчликка қарамай, респондентлар келажакка умид боғламоқда: 61% бир неча йил ичида вазият анча яхши ёки бироз яхшироқ бўлади, дейди.
Келажак «мавҳум», дейди "Араб Барометри"дан доктор Роббинс. Минтақа фуқаролари муқобил сиёсий тизимларни излашлари мумкин, масалан, Хитой модели - авторитар бир партиявий тизим - бу тизим "сўнгги 40 йил ичида жуда кўп одамларни қашшоқликдан олиб чиқди".
"Иқтисодий жадал ривожланишнинг бундай тури кўпчилик излаётган нарсадир", дейди у.
Методология
Тадқиқот "Араб Барометри" тадқиқот тармоғи томонидан ўтказилди. Лойиҳа доирасида тўққиз мамлакат ва Фаластин ҳудудидаги 22 765 киши билан суҳбатлаилган. "Араб Барометри" Принстон университетида жойлашган тадқиқот тармоғидир. Тармоқ 2006 йилдан бери шунга ўхшаш сўровларни ўтказмоқда. 45 дақиқалик суҳбатлар, асосан планшетларда, тадқиқотчилар ва иштирокчилар ўртасида юзма-юз ўтказилган.
Бу араб дунёсининг фикри бўлиб, Эрон, Исроил ёки Туркияни ўз ичига олмайди. Минтақадаги аксарият давлатлар киритилган, бироқ бир қанча Форс кўрфази давлатлари ҳукуматлари сўровга тўлиқ имконият бермаган. Қувайт ва Жазоир натижалари кечиккани учун Би-би-си Араб Барометри якуний натижаларига кирмай қолди. Сурия у ердаги шароит сабабли кирмай қолди.
Ҳуқуқий ва маданий сабабларга кўра, баъзи мамлакатлар айрим саволларни олиб ташлашни сўраган. Ушбу истиснолар натижаларни ифодалашда ҳисобга олинади.
Жамоатчилик фикрини ўрганишнинг батафсил натижалари билан "Араб дунёси барометри" сайтида танишиш мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek