You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Украина уруши: Россия нефть заводида ёнғин, ДХР кучларининг ярмини йўқотган Ukraina Rossiya
Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин
Украинанинг Луҳанск вилояти чегарасидан 15 километр узоқликда жойлашган Россиянинг Ростов вилояти Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин келиб чиққан, бунга икки дрон ҳужуми сабаб бўлган.
Маҳаллий расмийлар дронларнинг Украинаники эканини хабар қилдилар.
Ижтимоий тармоқларда ўзиучар аппаратнинг завод минорасига бориб урилгани ва портлаш тасвирга олинган видеолар тарқалди.
Бу Россияга тегишли иншоотларга қилинган охирги кунлардаги иккинчи ҳужум бўлди.
20 июнь куни Россия аннексия қилган Қрим ярим оролига яқин Қора денгиздаги "Черноморнефтегаз" ширкатига тегишли газ бурғулаш платформаларига ракеталар билан ҳужум қилинди, платформалар ишдан чиқарилди, бир неча киши яралангани, бедарак кетгани ҳақида хабар тарқатдилар Россия расмийлари.
"Черноморнефтегаз" платформалари ва Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига ҳужумлар ҳақида Украина томони изоҳ бергани йўқ.
Бироқ икки иншоот ҳам Россия ҳарбийлари мақсадлари учун, уларни ёқилғи билан таъминлашда фойдаланилгани аниқ.
Украина босқини бошланганидан буён Россиянинг чегарага яқин ёнилғи омборлари ва иншоотларида бир неча портлаш ва ёнғинлар рўй берди.
Британия разведкаси: россияпараст бўлгинчилар кучларининг ярми ўлдирилган ёки яраланган
Британия разведкаси кунлик ҳисоботида айтилишича, ўзини Донецк Халқ республикаси деб эълон қилган сепаратисларнинг қуролли кучлари уруш бошланганидан буён катта талофатлар берган.
55 фоиз ҳарбийлар ё ўлдирилган ёки жароҳатланган.
Россия қўшинлари бор эътиборини қўшни Луҳанск вилояти ҳудудини босиб олишга қаратган, Лисичанск шаҳрини қуршаб олишни мақсад қилаяптилар, дейишади Украина раҳбарияти.
Луҳанск вилояти ҳокими Серҳий Ҳайдай шаҳар катта вайронагарчиликка учраганини айтмоқда, қўшни Северодонецк шаҳри буткул "жаҳаннамга айланган", у ерда ҳамон 7000-8000 тинч фуқаро қолиб кетган, дейди.
Британия истиҳбороти маълумотларига кўра, Россия катта сондаги резервчилар бўлинмаларини Донбасс минтақасига ташлашни мақсад қилаяпти.
Бир неча ойдан буён Донецк ва Луҳанск вилоятларида истиқомат қилаётган эркаклар мажбуран ҳарбий хизматга чақирилувчи сифатида урушга жалб этилганлари, бу ҳарбий кучлар ўртасида кайфияти тушкун экани, жуда ёмон қуролланганлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ҳатто бир неча ўн йиллик милтиқлар берилган.
Ўтган ой Украина хавфсизлик хизмати ДХР ҳарбийлари аҳволини қулларга солиштирган, уларнинг дезертирликка тайёрликларини билдирган.
Ўтган ой Донецкнинг собиқ раҳбарларидан бири Евгений Михайлов Россия ҳарбий чақирилувчиларни жанг жабҳасига юборишни истамаётгани учун фронтга ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган резервистлар юборилаётганини айтганди.
Маҳаллий яшовчилардан бири Би-би-сига "ҳамма ёқда фожеа" эканини айтган.
Шу ҳафтада бўлгинчилар маъмурияти хорижий ёлланма жангчиларга бир йиллик шартнома таклифи билан чиқди.
- Германия замбараклари Украинада, фақат "Азот" Украина назоратида
- Россия уруши: Украинага 1 миллиард долларлик қурол-яроғ ваъда қилинди - Видео
- НАТО урушга тайёргарлик кўряптими? Европа осмонида Россия ва НАТО самолётлари яқинлашди
- Путин ўзини Пётр I га қиёслади ва вазифаси Россия ерларини қайтариш эканини айтди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek