You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Путин Украинага “чида, гўзалим” дейишгача борган Минск келишувлари нима ўзи? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar
Минск келишувлари бугун ҳам Украинадаги вазиятни тинчитишнинг асоси сифатида кўрилмоқда. Уларнинг қабул қилинганига етти йил бўлган. Аммо шу пайтгача бирор бир банди бажарилмаган. Россия қандай мавқеъда, Украина нимадан хавотирда? Киев нимага "чидаши" керак?
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Бу масала куни-кеча Россия, Украина, Германия ва Францияни ҳам ўз ичига олувчи Нормандия тўртлигининг Берлиндаги учрашуви чоғида қайта кўтарилган.
Аммо Минск келишувларининг тақдири бу гал ҳам ноаён қолган.
Россия ва Украина бу хусусда яна гаплашишларини айтишган.
Аммо кўзда тутаётган навбатдаги музокараларининг аниқ санасини очиқлашмаган.
Ўтган ҳафта Путиннинг Минск келишуви юзасидан Украинага ""Ёқадими, ёқмайдими - чида, гўзалим". Бажариш керак. Чунки бошқа йўл йўқ", - деб айтган сўзлари катта шов-шувга сабаб бўлган.
Унинг бу сўзлари Франция президентининг ҳозирлигида янграган.
Сексуал шаъма борлигига шубҳа қилиб, кейин Путиннинг гапларига журналистлар эмас, Украина президенти ва бошқа сиёсатчилар ҳам эътибор қаратишган.
Бунга Оқ уйгача расман ўзининг муносабатини билдирганди.
Минск келишувлари ва Донбасс
Минск келишувларида Украинанинг Донбассида қандай қилиб тинчликни қарор топтириш ҳақида сўз боради, бунинг шартларини ўз ичига олади.
Донбасс 2014 йилдан буён қуролли низолар ичида.
Орада кечган вақт давомида минглаб инсоннинг умрига зомин бўлган.
Украина ва Ғарб Россияни у ердаги бўлгинчиларни ҳарбий жиҳатдан дастаклашда айблайди.
Расмий Москва эса, буни рад этади.
Аммо Путин охирги пайтларда у ердаги этник руслар "геноцид" қилинаяпти, деган даъвода.
Минск келишувлари остида Украинанинг ҳам имзоси турибди.
Нормандия тўртлигига кирувчи тўрт давлатнинг барчаси Минск келишувлари бажарилиши керак, деб келишади.
Аммо орадан етти йил ўтса-да, унинг бирор бир банди кучга кирмаган.
Нега иш бермаяпти?
Томонлар келишувлар шартларини турлича талқин этишади.
Россия Донбассда Украина билан Донецк ва Луганск Халқ Республикалари урушиб келаётганини айтади.
Расмий Киев айнан улар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориши шартлигини айтади.
Украина эса, Донбассда бевосита Россиянинг ўзи билан тўқнашиб турганини таъкидлайди.
Россия тилга олган "республикалар"ни қўғирчоқ "ишғолчи маъмуриятлар", деб атайди.
Худди шу боис ҳам, улар билан музокаралар олиб боришнинг маъниси йўқ, деб ҳисоблайди.
Донецк ва Луганск 2014 йилнинг майида ўзларининг Украинадан мустақилликларини эълон қилишган.
Икковлон ҳам ўзларини Халқ Республикалари, деб аташган.
Аммо уларнинг мустақиллигини шу пайтгача дунёнинг бирор бир давлати расман тан олмаган.
Томонлар Минск келишувлари бандларини қандай тартибда амалга ошириш борасида ҳам якдил эмаслар.
Киев дастлаб келишувларнинг Донбасс хавфсизлиги билан боғлиқ бандлари ҳаётга тадбиқ этилиши кераклиги, афв, сайловлар, "Донецк ва Луганск"нинг хос туманларига "хос мақом" берилиши масаласи кейин ҳам бўлаверишини айтади.
Расмий Москва эса, битимларнинг барча бандлари бир вақтнинг ўзида бажарилиши лозим, деган мавқеъда.
Киевнинг қўрқуви
Украина яна Донбассга "хос мақом" берилиши шарти остида Россиянинг бошқа бир мақсади борлигини ҳам даъво қилади.
Расмий Киевга кўра, шу йўл билан Украина таркибида Россия томонидан тўлиқ назорат этилувчи ҳудуд пайдо бўлади.
Бу ўзларининг НАТО ва Европа Иттифоқига киришлари йўлига тўсиқ бўлади.
Россия ва Украина бир-бирларини Минск келишувларини саботаж қилиш, унинг шартларини бажаришдан қочишда айблаб келишади.
Расмий Киев орада унинг шартларини ўзгартириш талаби билан ҳам чиқиб қолади.
Аммо Россия буни қатъиян рад этади.
Шу кунларда Берлинда бўлиб ўтган музокаралар ҳам томонларни бу хусусда келиштира олмаган.
Кеча, сешанба куни Россия Давлат Думасида Украинанинг икки бўлгинчи минтақаси масаласи кўтарилган.
Дума уларнинг мустақиллигини тан олиш масаласида Путинга тўғридан-тўғри мурожаат қилишни кўзда тутувчи резолюция лойиҳасини маъқуллаган.
Россия Донецк ва Луганксдаги 70 мингдан ортиқ одамга аллақачон ўзининг паспортини берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek