You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Яқин Шарқ: Эрон Исроилда фитна қўзғамоқчими? Isroil Eron Dunyo Yangiliklar
- Author, Том Бейтман
- Role, Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири
- Published
Би-би-сига эксклюзив тарзда тақдим этилган тадқиқотга кўра, Эроннинг дезинформация бўлими фаластинликлар билан бўлиниш ва зиддиятни кучайтирмоқчи. Худди шу мақсадда Facebook дан фойдаланган. Дунёдаги энг йирик бу ижтимоий тармоқда Исроилдаги миллатчи ва ўта диндор яҳудийларни жалб қилувчи мукаммал тармоқни ташкил қилган.
Алоқадор мавзулар
Янги тармоқ
Иддао қилинган ушбу кампания бир нечта ижтимоий медиа платформаларида ташкил қилинган бўлиб, унда улар ўзини ўта ўнгчи гуруҳларни қўллаб-қувватловчи ўта ортодоксал яҳудий янгиликлар гуруҳи сифатида кўрсатиб келган.
Исроилнинг дезинформацияни кузатувчи "FakeReporter" ташкилотига кўра, кўзланган мақсад "хавотир, нафрат ва бетартибликни" кучайтириш орқали "диний уруш"ни қўзғатишга туртки бериш бўлган.
Бу Исроилда ижтимоий медиа ва мессенжер иловаларда кенгайиб бораётган дезинформация жанг майдонининг сўнгги белгисидир. Ушбу тармоқ ўтган йили мамлакатда динлараро зўравонлик авж олганидан бери фаоллашган.
Тармоқда улашилган бир видеода қурол кўтарган ўта ўнгчи депутат ва фаластинлик автотураргоҳ ходими ўртасидаги қарама-қаршилик акс этган бўлиб, унга "Унинг бошига биттани жойламагани ачинарли", деган изоҳ илова қилинган эди.
Facebook ва Twitter "FakeReporter" билан боғланганидан сўнг гуруҳ саҳифалари ва унга алоқадор профилларни ёпиб қўйди. Аммо Telegram мессенжеридаги канали фаоллигича қолмоқда.
Facebook нинг даъво қилишича, аккаунтлар ўтган март ойида "Эроннинг кичик таъсири операцияси" тўхтатилганидан кейин қайта пайдо бўлиш ҳаракатларининг бир қисми бўлган.
Компаниянинг фикрича, Эронда жойлашган гуруҳлар ижтимоий медиа платформаларидан фойдаланишда тиришқоқ ва яхши таъминланган.
Би-би-си гуруҳ администраторлари саҳифаларига мурожаат қилиб, уларнинг қаердалиги ва нима учун кўчирилган контентдан фойдаланаётганликларини сўради, бироқ улардан жавоб олмади.
Эроннинг Лондондаги элчихонаси ҳам изоҳ сўраб қилинган мурожаатларни жавобсиз қолдирди.
"Исроил сиёсатини яхши билади"
"Адук" - ёки "Собит диндор" - гуруҳи номи "Диний ҳамжамият учун виртуал диний иттифоқ"нинг ибронийча қисқартмасидир. У ўта ўнгчи сиёсатчиларни қўллаб-қувватловчи мақола ва постлар тарқатар, норозиликларни рағбатлантирар, ҳукуматга ва арабларга қарши кайфиятни алангалатарди. Унинг профилларидан бири минглаб обуначиларни тўплаган.
"FakeReporter" ижрочи директори Аҳия Шатз шундай дейди: "Биз бу тармоқнинг май ойидаги воқеалардан кейин пайдо бўлганини кўрдик, ўшанда Исроил тарихида яҳудий ва араб фуқаролари ўртасидаги муносабатлар энг паст даражага тушган эди".
Исроиллик хавфсизлик манбасининг айтишича, онлайн профиллар Эроннинг илгариги платформаларига ўхшаш хусусиятларга эга.
Тармоқ ҳақиқий бўлиб кўриниши учун кўп ҳаракат қилган, Исроилнинг ультра-ортодоксал шаҳридаги асли мавжуд бўлмаган новвойхона номидан саҳифа очган, бошқа бир ҳолатда, Россиядан келган, вафот этганига тўрт йил бўлган ўта диндор яҳудийнинг интернетдаги шахсини ўғирлаган. Уларнинг сохта профил эканини билган унинг синглиси Би-би-сига бу ижтимоий медиа платформаларини ёпиш кераклигини айтди (қуйида унинг ҳикоясини ўқинг).
"Бунақасини илгари кўрмаган эдик, бундай тарихни яратиш", дейди жаноб Шатз.
"Бу тармоқлар тобора ривожланиб бораётгани, уларнинг экстремистлар ва зўравон гуруҳлар билан қандай боғлиқлиги яна бир хавотирли ҳолат. Улар Исроил сиёсатини жуда яхши билади", дея қўшимча қилади у.
Гуруҳ арабларни Исроилдан қувиб чиқаришга чақирувчи тақиқланган ирқчилик ҳаракати тарафдори бўлган ўта миллатчи яҳудий депутат Итамар Бен Гвирни бир неча бор қўллаб-қувватлаган.
Шубҳали Эрон тармоғи ва унинг админлари тарқатаётган бошқа хабарлар қуйидагилардан иборат:
- Исроилда ҳукуматга қарши намойишларда, айниқса, ўта ўнгчилар томонидан уюштирилган намойишларда қатнашишга қайта-қайта чақириқлар.
- Ўтган май ойида динлараро зўравонликлар бошланган шаҳарларда исроиллик араб "қўзғатувчилар"ни "махсус ўлдириш"га чақирган жаноб Бен Гвир твитларини тарқатиш.
- Ҳукумат таркибига исломий партия қўшилганлиги сабабли Исроил коалицияси мусулмонлар назорати остида эканлиги ҳақидаги нотўғри фикр уйғотувчи фотосуратлар репостлари.
- Исроилнинг ўта ортодоксал яҳудий жамоаси орасида полицияга қарши кайфиятни янада рағбатлантириш. Бу жамоаларнинг аксарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлатга ишонмайди.
Таҳлилчилар АҚШ ва Европадаги бўлинишлар ва беқарорликни чуқурлаштиришга қаратилган аввалги хорижий аралашув кампаниялари билан солиштирадилар.
"Бу ижтимоий тармоқларни ёпиш керак"
Ольга Вешуева акаси Реувендан хабар олганида, у табассум билан фотосуратни очди.
Бу унинг бир неча ҳафта давомида сотиб олиш учун пул йиғиб юрган қимматбаҳо шляпани кийиб тушган сурати эди.
Ольга уни Санкт-Петербургдаги яҳудий диний семинариясидаги дўстлари орасида фахр билан кийишни ўйлаганди.
Аммо 2017 йилдаги ўша лаҳза Ольга учун фожиали хотирага айланди. Бир неча кундан сўнг, атиги 20 ёшда бўлган Реувен тўсатдан юрак етишмовчилигидан вафот этди. Ольга бу фотосуратни жуда қадрлайди - Реувен томонидан олинган охирги сурат.
Аммо у тўрт йилдан кейин келадиган аччиқроқ зарбани билмасди. Оила аъзолари бехабар, шу сурат ва бошқалари Реувеннинг ижтимоий тармоқдаги профилидан олинган ва Эронда бўлгани ишонилган дезинформация ходимлари томонидан "Адук" янгиликлар тармоғи админи, ўзини "Ариел Леви" деб атаган одамнинг онлайн юзига айлантирилган.
Реувеннинг ўғирланган сурати энди минглаб исроиллик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари олдида ўта ўнгчи сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаётган ва яҳудийлар ва араблар ўртасидаги зиддиятни кучайтирган гуруҳ ҳақидаги хабарларда пайдо бўлди.
Ольга акасининг суратлари сўнгги саккиз ой давомида Facebook ижтимоий тармоғида сохта шахс сифатида фойдаланилганини кўриб, йиғлаб юборди.
"У меҳрибон, мулойим инсон сифатида хотира қолдирди. У энг яхши ака, меҳрибон инсон эди", дейди у Қозоғистондаги уйидан Би-би-сига.
"Аммо мен нима қила оламан? Менда куч йўқ. Бу ижтимоий тармоқларнинг барчаси ёпилиши керак", дея қўшимча қилди у.
Баъзи ёш ўта ортодоксал исроилликлар "рақамли саводхонлик"нинг паст даражаси туфайли чет эл аралашувига кўпроқ мойил бўлиши мумкин, дейди Исроил Демократия Институти таҳлил марказидан Теҳилла Шварц Альтшулер. Унинг айтишича, кўпчилик ҳозир интернетдан биринчи марта фойдаланмоқда.
"Бу жамият жуда консерватив ва 70 йиллик телевидение тажрибасига эга эмас, - дейди у. - Исроил жамиятига нисбатан ҳар қандай норозилик, ўта ўнг экстремизм, араб ва мусулмонларга қарши кайфиятдан [фойдаланиш мумкин]. Бундай жамият сохта янгиликлар ёки рақамли манипуляция билан курашишга тайёр эмас".
"Адук" тармоғи ишонарли чиқиши учун тарқоқлик ёндашувини қўллади. Баъзи платформалардаги саҳифалар фаол эмас эди ва кўплаб постларга кам изоҳ ёзилган. Бироқ "Адук" админи "Ариел Леви"нинг Facebook саҳифасида деярли 3000 дўсти бор эди.
Атлантика Кенгашининг Рақамли суд экспертиза лабораториясининг мустақил тадқиқотчиси Симин Каргарнинг айтишича, хорижий аралашувнинг бундай намунаси бошқа мамлакатларда ҳам кузатилган. Унинг фикрича, дезинформация кампанияларини душманларининг ўзлари кузатиши Эронга фойда келтиради.
"АҚШдаги президентлик сайловларидан буён биз Эрон тактикаси тобора хилма-хил бўлиб бораётганини, каттароқ ва мураккаб стратегиянинг бир қисмига айланиб бораётганини кўрдик... Улар ўзларига эътибор беришаётгани ва ўзларидан қўрқишаётганини кўриб турибди", дейди у.
Соя уруши
Исроилнинг Шин Бет ички хавфсизлик агентлиги кибер жиноятлар бўлими собиқ раҳбари Эрез Креймер "Адук" тармоғини "профессионал бўлмаган, аммо самарали" деб таърифлаб, Эрон Исроилни "кибер саъй-ҳаракатларидаги асосий нишон" сифатида кўришини қўшимча қилди.
Бу иш Исроилга қилинган аралашувлар ҳақидаги сўнгги даъводир.
Ўтган ой хавфсизлик идоралари бир нечта ҳибсга олишларни амалга оширди ва ҳукумат Эроннинг оддий исроилликларни паст даражадаги жосусликка жалб қилишга уринишлари ҳақида огоҳлантирди.
2020 йил охиридан бери Эроннинг Исроил ҳукуматига қарши норозилик намойишларини кучайтириш учун мессенжер иловаларига аралашуви бўйича камида бешта ҳолат қайд этилган.
Атлантика Кенгашидан Каргар хоним бу уринишларни Яқин Шарқдаги кенгроқ соя уруши билан боғлаб, Эроннинг нуфузли ядро олими ўлдирилиши ва ядровий иншоотларидаги сирли портлашларга ишора қилади. Кўпчилик уларни Исроилга боғлайди, лекин у ҳеч қачон бу ишларда қўли борлигини тан олмаган.
"Эроннинг Исроилдан ўч олиш йўли - кўпроқ қўпорувчилик кампаниялари ёки киберҳужумлар бўлиб, бу билан улар жим турмасликлари ва таҳдидни юмшатиш учун нимадир қилаётганини кўрсатмоқчи бўлишади, - дейди у. - Аммо қимматга тушмайдиган шаклда, чунки бу [кибер фазога] кириш унчалик қийин эмас."
Исроил Демократия институти ходими Теҳилла Шварц Альтшулер буни чет эл аралашувининг арзон шакли деб таърифлайди. "Ливанга ракеталар юбориш [Исроилга] рақамли байтлардан қимматроқ тушади", дейди у.
Айни пайтда, "FakeReporter" тадқиқотчилари ижтимоий медиа платформаларини янада кучлироқ мониторинг қилишга чақирмоқда.
Жаноб Шатз шундай дейди: "Тушунишимиз керакки, агар давлатлар ва ижтимоий тармоқлар, йирик технология компаниялари олдинга қадам ташлаб, хавфсизликни яхшилаш ва интернетда фойдаланувчи ҳуқуқларини ҳимоя қилмаса, биз одамлар ўртасига кўпроқ сиёсат ва ишончсизлик кириб боришини кўрамиз".
Facebook нинг бош компанияси Meta нинг таъкидлашича, унинг Эроннинг ташқи аралашувига қарши ҳаракатлари "ҳар сафар бу кампанияни сустлаштириб, бизнинг платформамизда ўз аудиториясини қайта тикламасликка ёрдам берди".
"Ушбу маконнинг адоватлилик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ва бу босқинчилар доим яна қайтишга ҳаракат қилишини билсак, ҳушёр бўлиб қоламиз ва керак бўлганда ҳаракат қиламиз."
Twitter вакили шундай дейди: "Тилга олинган аккаунтлар платформамизнинг манипуляция ва спам сиёсатини бузгани учун доимийга тақиқланган."
Telegram эса, изоҳ бермади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek