Тажриба майдони: Хитой олимларни қандай қайтармоқда, Россия нима қиляпти? Лонгрид, таҳлил - Ўзбекистон ва дунё

    • Author, Артем Воронин
    • Role, Би-би-си
  • Published

Хитой, Россия ва бошқа кўплаб давлатлар бугун чиқиб кетган олимларни ортга қайтаришга ҳаракат қилмоқда. 1960 йилларда инглизлар киритган "Ақллар кўчиши" атамаси ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмаган, аммо бугунги кунда олимлари катта инқирозлар вақтида кетиб қолган мамлакатлар уларни қайтаришда сезиларли натижаларга эришди. Россия ва Хитойда бу борада ишлар қандай?

Кетиб қолган ақлларни қайтаришда сезиларли ютуқларга эришган давлатлар орасида бир неча ўн йиллар давомида нолдан академик муҳит яратиб келаётган Хитой ажралиб туради.

1966-76 йилларда Хитойда "маданий инқилоб" сабабли зиёлилар таъқиб қилиниб, эски тузумдан деярли ҳеч нарса қолдирилмади. Ҳунвейбинлар ёрқин келажак сари йўлда эски тузумнинг барча унсурлари билан самарали курашди, бу йўлда олимлар биринчи қурбонлар қаторида бўлди.

Хитой олимларини таъқиб қилиш ташаббускорлари Мао Цзедуннинг хотини ва бошқа бир қанча аппаратчилардан иборат "Тўртлар тўдаси" коммунистлари эди. Улар биринчи бўлиб олимларнинг принципиал реакцион табиати ҳақида гапирдилар. Уларнинг асосий тезиси: "Қанча кўп ўргансангиз, шунчалик реакционерсиз" эди.

Олимлар партияга ишонмасликда, ўзларини социализм ишига бағишлашни истамасликда ва кўпчилиги Ғарбда ва 60 йилларда Хитой коммунистлари ўта ревизионист деб ҳисоблаган СССРда таълим олганликда айбланган.

Бу ўн йиллик инқироз эди, бу даврда Хитой академик тизими деярли буткул йўқ қилинди. Олимлар қишлоққа "қайта ўқитиш учун" юборилди, аксарият илмий-тадқиқот институтлари устидан назорат ҳарбий муассасаларга ўтказилди.

Натижада Хитой олимларсиз қолди. 1966-1969 йилларда олий ўқув юртлари умуман талаба қабул қилмаган, 1977 йилгача мамлакатда бирорта ҳам аспирант йўқ эди. Кливленд университети социологи Конг Као ёзади: "Маданий инқилобнинг кенг қамровли оқибати шундан иборатки, у сиёсий иллюзияларни парчалаб ташлади ва хитойликлар, жумладан, олимлар орасида цинизм ва бефарқликни келтириб чиқарди".

1990 йилларда Россиядан ақлларнинг кўчиб кетиши сал бошқачароқ характерга эга эди. 1987 йилда СССР чет элга чиқиш тартибини соддалаштирди ва Совет фуқаролари бошқа мамлакатларга кўчиб ўтиш ҳуқуқини олдилар. Бунга иқтисодий тизимнинг бозор тизимига ўтиши ҳам қўшилди - кўплаб ёш ва юқори сифатли бўлмаган мутахассислар тадбиркорликка киришди.

Тренд давом этмоқда. Масалан, техника фанлари соҳасида 1989 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда Россиядан олимлар ва муҳандисларнинг кетиши, тадқиқотчининг фикрича, қарийб 444 минг кишини ташкил этди. Уларнинг асосий қисми 1990 йилларда кетган, аммо мутахассислар бугунги кунда ҳам Россияни тарк этишда давом этмоқда.

Катта хато

Хитойда "Маданий инқилоб" 2016 йилдан буён "ҳалокатли хато" сифатида баҳоланмоқда. Расмий риторикага кўра, Россияда 1990 йиллар таназзул ва нотинчлик даври ҳисобланади.

Иккала давлат ҳам шок терапиясидан сўнг илм-фанни тиклашга деярли бир хил ёндашди - грантлар ва энг яхши иш шароитларини яратиш.

Хитой ҳукумати маошлар ва юқори технологияли лабораторияларга маблағ аямайди. Улар қайтиб келганларга сахийлик билан мансаб беради. 2050 йилга бориб мамлакат илм-фан соҳасида жаҳон етакчисига айланишни кўзлаб турибди.

2008 йилдан буён ХХР "Минг истеъдод" дастурини амалга ошириб келмоқда. Давлатнинг илм-фанга ажратилган триллионлаб доллар сармояси Пекинга бутун дунё олимларини жалб қилиш имконини берди.

"Оқликни" енгиб, "қизил мутахассис" бўлиш учун зиёлилар узоқ ва қийин "сиёсий қайта тарбия" ва "мафкуравий оқартув"ни бошдан кечиришлари, туганмас сиёсий ўқув машғулотларига қатнашишлари, кўпинча "танқид" ва "ўз-ўзини танқид" қилишлари, фабрикаларда ва қишлоқларда оғир жисмоний меҳнат қилишлари керак эди, деб ёзади "Маданий инқилоб" ҳақида Кливленд университети социология доктори Конг Као.

Бугун манзара бутунлай бошқача.

"Бу имконият пайдо бўлгач, мен Пекинга қайтдим. Ва бундан хурсанд бўлдим. Мен бу ерда бўлмаган 20 йил ичида Хитой жуда ўзгариб кетибди. Янги иш жойлари яратилмоқда", дейди биолог Чжао Донг Би би сига. У ҳокимият гранти эвазига янги биологик институт ташкил қилиш учун Пекинга қайтган.

Янги Хитой илм-фанида кўплаб ахлоқий саволлар пайдо бўлиши билан ҳамма нарса мураккаблашмоқда.

2018 йилда Шэньчжэнь университети профессори Хэ Цзянькуй биринчи марта гени ўзгартирилган болаларни яратишга муваффақ бўлганини эълон қилиб, жаҳон ҳамжамиятини ларзага келтирди. Тажриба ҳақида ҳеч ким билмас эди. Кейинчалик, профессор Хэ генини ўзгартирган болаларнинг ота-оналарига уларнинг розилигини олиш учун нотўғри маълумот бергани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Хитой фани бугунги кунда шундай кўринади - партиянинг иродасидан бўлак чекловчи нарса йўқ, тажрибалар учун мукаммал молиялаштирилган майдон.

"Хитойда ҳамма нарса каби оқ-қора ҳам йўқ. Бу ерда кулрангнинг 50 таси эмас, юздан ортиқ туси бор. Биласизми, Хитой ҳаммасини ўта ибтидоий шароитдан бошлаган. Ҳозир ҳам кўпчилик олимлар инновацион ёки танқидий фикрлашга мойил эмас. Ғарбда мавжуд бўлган 400 йиллик илмий анъана бизда йўқ", дейди Чжао Донг.

Россия Хитойнинг муваффақиятини такрорлашга ҳаракат қилмоқда. Қисман муваффақиятга эришмоқда, аммо бу ерда ўлчов бошқача.

Россияга қанча одам қайтмоқда?

Жорий йилнинг апрель ойида Россия Фанлар академияси Президиуми бош илмий котиби Николай Долгушкин Россияни ҳар йили ўртача 70 минг нафар мутахассис тарк этишини айтди. Росстат статистикаси бошқача манзарани кўрсатади - 2019 йилда унинг маълумотига кўра, Россияни 384 минг киши тарк этган. Улардан атиги 62 минг нафари олий маълумотли бўлган. Улар орасида атиги 360 нафар фан доктори ва номзоди бор.

Кўпчилик Росстат статистикасини танқид қилади, аммо расмийлар Фанлар академиясининг баҳоси билан баҳслашмайди. Шундай қилиб, қанча олим чиқиб кетаётганининг тахминий рақамлари тушунарли. Аммо "қайтиб келганлар" қанчалиги аниқ эмас.

Физика соҳасида Нобел мукофоти совриндори Андрей Гейм Би би си билан суҳбатда: "Билишимча, олимларни Россияга "қайтариш лойиҳаси" ҳозир анча секин давом этмоқда" дейди.

"Тахминан 5-10 йил олдин суръат тезлашганди: кўп танишларим қайтиш ҳақида ўйларди, баъзилари эса қайтиб келди ҳам. Бугун қайтиб келиши мумкин бўлганлардан Москвада ҳаёт сифати [қайтиб келган олимлар учун] Ғарбдагидан юқори бўлиши мумкинлигини эшитяпман. Ҳеч бўлмаганда, баъзи жойларда, шу жумладан, Москва физика техника институтида (МФТИ) ҳам муваффақиятли ишлаш учун кўплаб имкониятлар мавжуд", деб ёзган эди Гейм бир ой олдин Би би си билан электрон почта орқали суҳбатда.

24 ноябрда МФТИ АҚШ санкциялари остида қолди ва америкалик олимлар учун бу институт билан ишлаш қийинлашди.

"Сиёсий беқарорлик ва бюрократик тўсиқлар (баъзан Ғарб санкциялари сабабли) аҳволни шундай ўзгартирдики, қайтишга жуда оз одамгина журъат қилмоқда. Қайтганлар кўпинча "икки стулда ўтириш"га мажбур бўлиб, яна Ғарбга қайтиб кетиш имкониятини сақлаб қолишга уринмоқда", дейди Гейм.

Олимларнинг Россияга қайтиши грант дастурлари билан боғлиқ бўлиб, улардан энг диққатга сазовори 2010 йилда бошланган "мегагрантлар" дастуридир.

Танлов натижасида хорижлик олимларга маълум муддатга грантлар ажратилади, бу муддат узайтирилиши мумкин ёки узайтирилмайди. Узайтирилмаганда улар қайтиб кетади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, ўн йил ичида 31 мамлакатдан 272 олим - 149 хорижий мутахассис ва 123 россиялик - Россияда лаборатория очиш учун грант олган. Аммо уларнинг қанчаси қолишга қарор қилгани маълум эмас.

Бироқ олимларни Россияга қайтариш бўйича барча ишларни фақат мегагрантлар билан боғлаш нотўғри бўлар эди.

Агар тадқиқотчи Россияда ишлашга қарор қилса, у икки ёки уч миллион доллар учун буни қилмайди, дейди молекуляр биолог, Сколково фан ва технология институти ва Нью-Жерсидаги Ратгерс университети профессори Константин Северинов. У 16 йил олдин Россияга, ўзининг айтишича, шахсий сабабларга кўра қайтган.

Шу билан бирга, аввалги рус грантлари мутахассиснинг йилига бир неча ой давомида мамлакатда бўлиши шартини назарда тутган. Бу оғир эди ва Ғарбда хавф туғдириши мумкин эди. Энди кўпроқ пул тўлайдиган дастурлар мавжуд ва Россияда қолиш учун ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Олимларнинг Россияга қайтиши билан боғлиқ умумий вазиятга назар ташласак, бу ерда бюрократлашган ўтмиш ва юқори технологияли келажак параллель равишда мавжуд деган фикр келади. Жаҳон даражасида муваффақиятли ишлаётган олимлар бор.

Аммо яна бир нарса бор: институтларда минглаб кичик ва ўрта даражали илмий ходимлар, грантлар олган хорижлик мутахассислар ва чет элда мартаба орттиришга интилаётган ёш олимлар бор.

Кўчишларни рағбатлантириш

Россия олимларининг қайтиши билан боғлиқ вазиятнинг иккита қизиқ жиҳати бор. Биринчи жиҳати ҳақида Америка, Россия ва Хитой грантларини олган ва бир неча йил олдин Россия, Хитой ва АҚШда лабораторияларни бошқарган кристаллограф-назариётчи Артём Оганов мулоҳаза билдиради.

Ҳозир Оганов Москвада яшамоқда, ўз дачасига бориб туради, тўрт фарзандни ўстиряпти, Россияда ишлаш унга қизиқроқ эканлигини таъкидлайди. Унинг қайд этишича, Ғарб "ақлларнинг тескари оқими"га қарши фаол курашмоқда.

"Менга омад кулиб боқди - 2012 йилда Американи тарк этганимда, буни секин-аста қилдим, уйимни сотдим, нарсаларимни йиғдим, - дейди у.- Кейин АҚШда профессор бўлганим учун ҳам Россия, ҳам Хитой университетлари билан ҳамкорлик қилишим мумкин эди. Агар шу ишлар ҳозир бўлганида бунинг иложи бўлмасди, муаммолар чиқарди, ўз вақтида кетдим, қочмадим, шунчаки кетдим."

Оганов бугунги кунда бошқа олимларнинг карьераларида ҳам иштирок этади ва Россияда Хитойга нисбатан кадрларни жалб қилиш тизими унчалик самарали эмаслигини айтади.

"Хитойда олимларни қайтариш ва чет элликларни жалб қилиш жуда оддий иш бўлиб, муайян йўлга солиб қўйилган. Бу тахминан шундай кўринади: сиз Хитой лабораториясига қандайдир истиқболли олимни жалб қилмоқчи бўлсангиз, у билан боғланасиз ва агар у қизиқиш билдирса, сиз деканнинг олдига борасиз, бу олимни олиб келиш учун фаол ҳаракат қилишади", дейди у.

"Хитойда буни қилиш жуда осон. Менимча, Россияда ишлаш Хитойдан кам жозибадор эмас. Ҳар ҳолда, флагман институт ва университетларда мутлақо шундай. Лекин қатъий истак йўқ", дейди у.

Огановнинг сўзларига кўра, Россияга қайтган кўплаб олимлар бор - у уларнинг сонини бир неча мингта деб ҳисоблайди.

"Аммо уларнинг айримлари қандайдир тарзда ўз-ўзидан қайтиб келди, қандайдир йўлни очди, қандайдир йўллар билан келишди. Кимдир билан яхши муносабатларда, кимдир билан унчалик яхши эмас. Хитойда бу анча осон кечади. Сиз деканга бориб: "Хўш, ана шу одам зўр олим, мен уни Хитойга қайтишга кўндиришга муваффақ бўлдим", дейсиз. Ўша ондан бошлаб бу олимни қайтариш бўйича музокаралар бошланади ва бунга жиддий киришилади. Аммо Россияда у қадар жиддий эмас", дейди у.

Қайтариш жараёнининг яна бир қизиқ тафсилоти бор. Россия университетига йилига 100-200 минг доллар маошга профессор четдан қайтариб келтирилса, тенгсизлик пайдо бўлади.

"Бу ерда Сколково институтидан бошқа ерларда бунақа маошлар йўқ. Гап шундаки, нима қиласиз? Бу олимни Челябинск университетига ўзига тортасиз. Атрофдаги одамларда нега менинг маошим бунча эмас, деган саволлар пайдо бўлади. Наҳотки мен ҳам четга кетишим керак бўлса?" дейди Оганов.

Шундай қилиб, рус олимлари бундай маошларни фақат чет элда олиш мумкин, лекин ўз мамлакатларида эмас, деган таассурот билан юради. Бироқ кетиш ҳам осон эмас, тўсиқлар кўп, дейди у. Лекин нуфузли рус олимларига жаҳон даражасида маош таклиф этилмаса, Россия қабул қилувчи эмас, балки ақллар донори бўлиб қолаверади.

Шунга қарамай, тизим ўзгаради, унинг ишонишича, "Мен бу ҳолат ўзгаришини ва бунга ҳисса қўшишни хоҳлардим".

Мувозанатни топиш ва "Мандела инстинкти"

Россиядаги сиёсий вазият барча ёшлар каби ёш олимларга ҳам таъсир қилади. Танқидий фикрлашга одатланган бу олимлар Россияда мухолифат ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан репрессив чоралар кўрилаётганини билиб турибди.

Биология фанлари номзоди, катта илмий ходим Ирина Терентьева иссиқхона газларини тадқиқ қилмоқда. У бутун умри давомида Россияда яшаб, ишлаган, аммо бу йил у оиласи билан Канадага ишлаш визаси учун ариза топширган.

"Фан халқаро аҳамиятга эга ва нафақат Россияда, балки хорижда ҳам ишлаш доим ажойиб бўлган. Сиз тажриба орқали ўрганасиз, инглиз тилини яхшилайсиз, мақолаларингиз кўпаяди, чунки сиз турли каттаю кичик олимлар билан ҳамкорлик қиласиз. Мен буни билардим. Мен ўзимнинг илмий раҳбаримни учратганимдан буён буни биламан", дейди у.

Терентьеванинг сўзларига кўра, 2014 йилдан кейин у ва эри четга кетиш ҳақида ўйлай бошлаган. Ўшанда Россия Қримни аннекция қилган, Ғарб унга қарши санкциялар киритган, рубль қадри тушган эди.

"Сиз ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлаб ўтирасиз, лекин кейин ҳамма Россияни тажовузкор деб муҳокама қила бошлайди ва, умуман олганда, сиз ҳам давлат сиёсатига хайрихоҳ бўлмай қоласиз. Ғарб билан муносабатлар ёмонлашди. Ўша лаҳзани ёмонлашув деб таърифлаш мумкин", дейди у.

Шу аҳволда ҳам, Россия фанида яхшиланишлар кузатилмоқда, гарчи маошлар Ғарб ва Хитойга нисбатан пастлигича қалаётган бўлса ҳам.

"Ҳозир Россияда илм-фан - ҳамкасбларим, приборлар - атрофимдагилар шундайки, мен баъзида қолишни хоҳлайман. Мен шароит "пайдо бўлди" демаган бўлардим, лекин у яхшиланяпти. Ҳозир фан аввалгидан яхшироқ. Ғарбда ўн баробар яхшироқ, лекин бизда ҳам ҳаракат бор", дейди Ирина.

"Навальний қамоққа олинмагунча ҳаммаси яхши эди. Қамоққа тушиши билан биз қандайдир тарзда бу ҳақиқий фалокат эканлигини англадик."

Ирина кўплаб русларга таниш бўлган Путин режими билан боғлиқ умид ва қўрқувнинг тебранишларини тасвирлайди.

"Сиёсий вазият шундайки, сизда умид нури пайдо бўлади, кейин йўқолади. Эсимда, охирги Путин сайловларидан олдин менда умид бор эди - балки нормал овоз беришар, ёки овозлар тўғри ҳисобланмас, балки одатдагидек бўлмас", дейди у.

Аммо бу умидлар пуч бўлиб чиқади. "Ўтириб ўйлаб кўринг - шартли бўлсин, уй қамоғи, нима бўлишидан қатъи назар, лекин заиф бўлса ҳам мувозанат сақланиб қолсин, ҳукумат бор ва қандайдир тарқоқ мухолифат ҳам мавжуд бўлсин, улар ҳам нимадир қилишга уринсин. Бу ерда нима қилишди? Уни [Навалнийни] қамоққа ташлашди. Ўшанда мувозанат йўқолганини тушундим."

Ватанига қайтган, Би-би-сига интервью берган олимлар Иринанинг Россиядаги ўзгаришларга доир умидларига қўшилмайди.

"Россияда винтлар маҳкамланганини, чет эл агентлари овини кўриб, кетмоқчи бўлган ёшлар учун айтишим мумкинки, кетинглар, лекин бошқа мамлакатларда ҳам шундай бўлади. Балки кўпроқ. Бахтга эришиш учун биз бир қатор танловлар қиламиз, ҳаёт шундан иборат", дейди Артем Оганов.

"Танлов сизники - истанг Нелсон Мандела бўлинг ёки истанг илм билан шуғулланиб, шу орқали мамлакатингизни яхшиланг", деди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek