Дунё: Уй ҳайвонлари учун миллионлаб харажат - Дубай ҳокими собиқ рафиқасига ярим миллиард доллар тўлайди, dunyo, yangiliklar

Published

Буюк Британия Олий суди 21 декабрь куни Иордания собиқ қироли Ҳуссайннинг 47 яшар қизи - малика Ҳая бин ал-Ҳуссайн фойдасига 251 миллион фунт стерлинглик ҳукмни эълон қилди.

У Дубайнинг мульти-миллиардер ҳокими, БАА Бош вазири ва от пойгаси дунёсида кенг нуфузга эга Шайх Муҳаммад Рошид ол Мактумнинг олти рафиқаси ичида энг ёши ҳисобланади.

Ҳукм малика Ҳаяга Лондон ва Суррей графлигидаги қиймати бир неча миллион фунт стерлингга тенг икки кўчмас мулк харажатларини қоплатиш имконини ҳам назарда тутади.

Шунингдек, малика салмоқли "қора кунларга аталган бюджет", таътиллар, ҳамшира ва энаганинг маошлари ҳамда турар-жойи, оила хизматидаги зирҳли автомобиллар, бир қанча пони отлари ва бошқа уй ҳайвонларини сақлашга кетадиган харажатларга сарфланажак маблағларга ҳам эга бўлган.

Суд ҳукми билан малика 14 яшар қизи ва тўққиз яшар ўғлининг ҳар бири учун йилига 5.6 миллион фунт стерлинг оладиган бўлган.

Ушбу харажатларнинг барига кафолатли 290 миллион фунт стерлинг ажратилган.

Алоқадор мавзулар:

Ҳаётидан хавотирга тушган малика

Узоқ вақтга чўзилган мазкур суд иши ортидан, одатда, жамоатчилик учун ёпиқ бўлган Яқин Шарқнинг хос оилалари дунёсига назар ташлаш имкони пайдо бўлган.

Малика Ҳая Шайх Муҳаммад муқаддам бошқа икки нафар қизи - Шайха Латифа ва Шайха Шамсани ўғирлаб, ўз истагига қарши уларни Дубайга қайтариб келганидан хабар топганидан сўнг ҳаётидан хавотирга тушганини таъкидлаб, 2019 йилда фарзандлари билан Британияга қочиб кетган эди.

От пойгаси дунёсида нуфузли шахс бўлмиш 72 яшар Шайх Муҳаммад ўз фарзандларини ўғирлаб келганига оид айбловларни рад этган, аммо Британия Олий суди 2020 йилдаги хулосасида бу иддаолар ҳақиқат, дея топган.

Рафиқаси ўзининг собиқ тансоқчиси билан ишқий муносабатда бўлгани маълум бўлгач, Шайх Муҳаммад "Яшадинг, ўлдинг" номли шеърини эълон қилган ва ушбу шеър кенг омма томонидан маликага таҳдид ўлароқ қабул қилинган эди.

Малика Ҳая Британияга келгач ҳам "қаерда бўлмагин, қўлимизга тушасан" мазмунидаги таҳдидли хабарларни олишда давом этган ва у шу вақтга қадар фарзандлари ўғирланиб, Дубайга қайтариб олиб кетилишидан қўрқиб, хавфсизлик учун катта миқдорда маблағ сарфлаб келган.

Британия Олий суди жорий йилда Шайх Муҳаммад малика Ҳая, унинг тансоқчилари ва ҳуқуқшуносларининг мобил телефонларини ноқонуний равишда бузган, деган хулосага келган.

Телефонларни сездирмай кузатишда Исроилдаги NSO Group компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва шов-шувларга сабаб бўлган Pegasus жосуслик дастуридан фойдаланилган.

Шайх Муҳаммад ўз ихтиёрида бирор ўғирланган электрон маълумотлар мавжуд эмаслиги ва унинг топшириғи ёки ваколати доирасида ҳеч қандай кузатув ўрнатилмаганини таъкидлаган бўлсада, Британия Олий суди бунинг аксини исботловчи хулоса қабул қилган.

Оилавий ажрим ишига оид суд ҳукмида, аввалги хулосаларга таянилган ҳолда, малика ва унинг фарзандлари хавфсизлиги жиддий хатар остида экани тўғрисида сўз боради.

Ишни кўриб чиққан судья Филипп Мур оиланинг Буюк Британиядаги хавфсиз ҳаётини таъминлаш йўлида жиддий хавфсизлик чоралари зарурлиги ҳақида гапирган.

У асосий таҳдид солувчи манба фарзандларнинг йирик давлат ва қудратга эга отаси эканини таъкидлаган.

"Ушбу болалар учун аниқ ва доимий хавф мавжуд бўлиб, бу хатар улар мустақилликка эришгунча давом этади", деган судья.

"Умрининг охирига қадар [малика Ҳая] учун - [Шайх Муҳаммад]дан бўладими ёки террорчилар ва бошқа таҳдидларми - аниқ ва доимий хавф сақланиб қолади", фикр билдирган судья Мур.

Натижада, суд оила хизматидаги зирҳли автомашиналар учун сафланажак харажатларни ҳам якуний ҳукмга киритган.

Олий суд судьяси "болалар ота-онаси турмуши давомида баҳраманд бўлган ақл-бовар қилмас бойлик ва мисли кўрилмаган турмуш тарзи"ни ҳисобга олган ҳолда оқилона қарор олиш учун қўлидан келган барча нарсани қилганини айтган.

Ҳуқуқшунослари малика Ҳая ўзи учун бирор нарса даъво қилмаганини таъкидлаган бўлсада, маҳкама тингловлари давомида малика пулни аямай совуришда танқид қилинган.

Масалан, маликанинг энди тўққизга кирган ўғли учта қимматбаҳо автомашина соҳиби ҳисобланади ва унинг "совғага машина олишга ўрганиб қолгани" айтилади.

Суд ҳукмида малика Ҳая тансоқчиларидан бири билан ишқий муносабатда бўлиши ортидан ўз хавфсизлик хизматининг бир қанча аъзолари томонидан шантажга юз тутганига оид далиллар ҳам келтирилган.

Малика фарзандларининг банк ҳисоб рақамларидан тўрт нафар тансоқчисига бир неча бор пул олиб беришга мажбур бўлган ва олинган маблағ ўрнини тўлдириш учун қиймати бир миллион фунт стерлингдан зиёдроқ бўлган тақинчоқларини сотишига тўғри келган.

Дубай ҳокими собиқ рафиқасига тегишли зеб-зийнатлар унинг ўзига юборилиши айтган.

Шайх Муҳаммад бундан ташқари рафиқаси томонидан таҳдид ўлароқ қабул қилинган шеърини интернетдан олиб ташлаганини ва маликага бирор зарар етказиш ниятида эмаслигини ҳам билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek