You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Афғонистон: Бобур боғи ва Харобот - Кобулнинг мен севган гўшалари Афғонистон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar
Жорий ёзда Толибон ҳокимиятни қўлга киритгани Кобул учун зилзилага тенг бўлди. Бу шаҳарни ўзимизники дейдиганлар ҳам ҳаёт бу қадар ўзгариб кетганидан ҳайрон бўлишади. Кобулни ўзига хос қилган кўп нарсалар энди маданий кураш майдонига айланди: устидан исломий оятлар ёзиб кетилган кўча расмлари, ёпилган қизлар мактаблари, дўконлар ва кўчаларда қулоққа чалинадиган шўх мусиқа ҳам ўчган.
Толибонни ҳокимиятга қайтарган уруш тугагач, аксарият кўчалар ўзини хавфсизроқ ҳис қилмоқда. Аммо хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар аригани йўқ - кимдир Толибон раҳбарлигидаги ҳаётидан хавотирда, кимдир ИШИД ҳужумидан қўрқади. Қашшоқлик тобора кучайиб бормоқда.
Аммо афғонлар Кобулнинг узоқ ва ранг-баранг тарихи ОАВ сарлавҳалардан кўра кўпроқ маълумот беришини ҳам билади. Асрлар давомида ўз даври воқеаларидан ларзага келган шаҳар ҳам ўз тарихини ҳикоя қилади. Бу ҳикоя сердаромад героин савдосидан ва АҚШнинг улкан ҳарбий шартномалари орқали тўпланган маблағ эвазига қурилган "кўкнори саройлари" дея аталмиш виллаларга, қадимги қалъа тошларию замонавий бетон ҳимоя деворларига, нафис саройлару совет услубидаги кўп қаватли квадрат уйларга битилган.
Афғонлар бу шаҳарни кўпинча ўзларининг севикли дўстига гапиргандек "Кобул жон" деб атайди.
Кўп йиллар давомида у ерда ишлаганман - охирги сафарим октябрь ойида ниҳоясига етди. Мен ўзимга савол бераман: бу шаҳар одамларни нимаси билан ўзига жалб қилади?
ХVII асрнинг мўътабар шоири Соиб Табризий ҳайратини яширмайди:
"Ким унинг томлари узра балққан гўзал ойларни ҳисоблай олар?
Ва унинг деворлари ортида яширин юзлаб ажойиб қуёшни."
Кобул тарихида яна бир боб очилди. Мамлакатнинг турли бурчакларидан келган толиблар энди унинг кўчаларини талаб қилмоқда. Қочишга мажбур бўлган афғонлар - ёки ҳали ҳам кетиш илинжидагилар - бу шаҳардан қолган хотираларини унута олишмайди.
Зарғуна қизлари ўрта мактаби
Нуфузли мактаб; ифтихор манбаи. У 18-асрда яшаган нуфузли афғон аёли Зарғуна Анна номига қўйилган.
Кобулдаги мактаб ҳовлиси, шодон кулги ва суҳбатлар. Аммо еттинчидан ўн иккинчи синфгача бўлган минглаб ўқувчи қизлар бу ерда йўқ. Толибоннинг айтишича, аксарият қизлар ўрта мактаблари ҳозирча ёпиқ қолади. Афғонлар 1990-йиллардаги Толибон даврида бўлганидек, улар ҳеч қачон қайта очилмайди деб қўрқмоқда. Таълим ҳозир афғон аёллари ва қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашда биринчи ўринда туради.
"Зарғуна қизлар орзулари ушаладиган маскан, - дейди директор ўринбосари Робия Рашид. - Умид қиламанки, Толибон барча қизларга ўқишга рухсат бериш ҳақидаги ваъдасини бажаради".
2001 йилда Толибон ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин қизлар ва ота-оналар унинг дарвозаларидан ёпирилиб келди. Ўшандан кейин бу ерда кўплаб сайловларда овоз бериш кабиналари ўрнатилган.
2014 йилги сайловларда хавфсизлик бўйича огоҳлантиришлар бизни у ерга боришдан деярли тўхтатаёзган эди. Биз Толибон таҳдидларига қарамай овоз бериш учун йўлаклар бўйлаб дадил юриб келаётган аёл сайловчиларни кўргани келган эдик ўшанда.
Спанди кўчалари
Кобулнинг оҳанрабоси бу шаҳардаги ритмда. Аммо гавжум кўчалар болалар, турли ёшдаги қизлар, шунингдек, шафқатсиз урушдан қадди дол оқ соқол чоллар - садақа сўраб, аранг кун кўраётганлар билан тўла.
Шаҳардаги доимий тирбандлик ғазаб билан ўкиради. Аммо улар машиналар ораларида занглаган тунука идишларни силкитиб юрадиган кўча болаларининг ўсиб бораётган лигаси учун унумдор замин. Спандидан таралаётган тутатқи иси арзимас пул эвазига яхши кайфият ваъда қилиб, деразадан оқиб келади. У бу пулга оиласини боқиш учун нон сотиб олади, сизга қараб айёрона жилмаяди. Ким ҳам йўқ дея олади бунга?
Шаҳзода саройи саррофлари
Эски шаҳарнинг қадимий лабиринтида жойлашган валюта айирбошлаш бозори худди биржадаги каби суронли. Ушбу универсал молиявий хизматлар маркази ҳозирги нақд пул инқирози ва банклардан ҳар ҳафта пул ечиб олиш бўйича қатъий чекловлар боис янада аҳамиятли жойга айланди. Толибон хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлаганини эълон қилди. Хорижий валюта иқтисодиётнинг қони эди.
Бозор ҳам бой тарихга эга. Унга ярим аср олдин афғон яҳудий оилалари асос солган, 1980- йиллар охирларида, мен Кобулда яшаганимда, у ерда афғон сикҳлари ва ҳиндулари фаол эди. Аммо сўнгги афғон яҳудий ўзининг севимли шаҳрини сентябрь ойи бошида тарк этди. Сикҳлар ва ҳиндулар ҳам урушлардаги таъқиблар туфайли йилдан-йилга камайиб кетди. Энди уларни бу бозорда учратмайсиз, мамлакатда эса деярли қолмаган.
Коҳ Фуруши парранда бозори
Ёрқин кўк ва сариқ рангли тўтилар вайронага айланган эски Кобул шаҳрида чуғурлаб бир бирига суркалади - қўноқни ким бошқариши аҳамиятсиз уларга. Қушларнинг оҳангдор қўшиғи тўрт аср давомида сим ва чўпдан ясалган қафаслар илинган бу лой деворли дўконларни тўлдириб келган - уруш андуҳларига қарши яхши малҳам.
Бу 80 ёшли Муҳаммад Хитоб ҳаёти мусиқасидир. У болалигидан қанотли дўстларни боққан - икки подшоҳ, икки давлат тўнтариши, икки босқин ва ҳозир Толибон 2.0. "Мен ҳукуматнинг 13 марта ўзгаришини кўрдим ва 20 миллион каптар етиштирдим", дейди у менга фахр билан.
У Толибон биринчи марта ҳукмронлик қилган вақтдагидек ҳозир ҳам қоидаларни билади. Қушларни сотиб олиш ва сотиш яхши. Лекин пойга кабутарлар, хўроз ёки каптар уриштириш, қимор ўйинлари йўқ. "Улар Исломга мувофиқми ёки йўқ, билмайман, - деб таъкидлайди у. - Аммо мен бу афғонлар эрмаги экани, сўнгги 400 йилда маданиятимизнинг бир қисми бўлганини биламан."
Урушнинг сўнгги 40 йилида у ҳеч қачон дўконини ёпмаган. Аммо август ойи ўрталаридан бери шаҳарда чуқурлашган молиявий инқироз туфайли бизнеси амалда тўхтаб қолди.
Кабутарлар 3000 доллардан 4000 долларгача (2200 фунт стерлингдан 2930 фунтгача) туриши мумкин, уларнинг қиймати кўзлари ва қанотларининг ранги, тумшуғининг ўлчами ва шакли билан белгиланади.
"Нега улар жуда қиммат?" деб сўрайман мен қуш эгасидан. "Чунки улар жуда гўзал", деб жавоб беради Муҳаммад Хитоб.
Мусиқачилар қатори
Харабот кўчасининг қадимий кварталидаги дўконлар ёпилган, севимли чолғу асбоблари буюк устозлар, анъанавий афғон мусиқаси афсоналари туғилган жойда кўздан яширилган.
"Биз бутун умримизни, бутун кучимизни мусиқага бағишладик", деб ёзғиради эътиборли мусиқачилардан бири, катта жомадонлар, тўйлар каби тантаналарда фойдаланиладиган овоз кучайтиргичлар жойланган қоронғи хонада. "Бу биз билган ягона ҳаёт."
У чанг босган қутилар уюмидан торли рубобни авайлаб олиб, миллий ғурур ифодаси бўлган "Ватан" куйини чалишни бошлади. Ҳозир бу куй қаршилик ҳаракати рамзи бўлиб қолган.
Толибон биринчи марта қудратга келганидаги каби мусиқани ҳали расман тақиқлагани йўқ. Аммо жонли мусиқа қўйилган баъзи тўйларни уларнинг жангчилари зўрлик билан тўхтатди. Бошқаларида мусиқа бор, лекин фақат DJлар. Афғонлар сўрайди, мусиқасиз тўй нима дегани ўзи?
Қаҳва маданияти
Афғонларнинг анъанавий ичимлиги чой - кўп чой. Аммо сўнгги йигирма йил ичида қаҳва Кобулни забт этди. Энди Толибон қайтиб, бариста билан гаплашмоқда.
"Улар биз энди капучино, латте, эспрессо ва барча кейклар ҳақида биламиз деб айтишади", дейди машҳур "Cupcake Café" қаҳвахонаси эгаси Азизулла Гулзода. Аммо ишлар унчалик яхши кетаётгани йўқ. Баъзи доимий мижозларимиз, айниқса, аёллар олдинда нима бўлишини билмагани учун келишга чўчийди."
Қаҳвахоналар нафақат таъмни, балки ҳаётни ҳам ўзгартирди. Улар Афғонистон тарихидаги энг билимли авлод учун янги ғоялар ва лойиҳаларни тарқатиш ва жуда консерватив жамиятда эҳтиёткорлик билан ўзаро мулоқот қилишлари учун тинч жой бўлди.
"Толибон бизни ёпиш учун минглаб сабаблар топиши мумкин", деб огоҳлантиради бошқа бир қаҳвахона эгаси елка қисиб.
Бобур боғлари
Одамлар гавжум шаҳардаги энг катта ва энг сўлим жамоат майдони биринчи марта 16-асрда туркийлар подшоҳи Бобур томонидан тўртта боғли классик чорбоғ услубида қурилган.
Қандаҳорлик ёш толиб, 23 ёшли Аҳмад Шоҳдан Бобур ҳақида нима билишини сўраганимда, "у гуллар, яшил майдонлар, дам олиш ва кўнгилочар жойларни жуда яхши кўргани ҳақида эшитгандим", дейди у. Кўк салла ва кўйлак кийган қандаҳорлик ёшлар биринчи келишларида афғон атиргуллари бўйлаб кезиб юришибди.
Бу нафис боғлар 1990-йиллардаги фуқаролар уруши туфайли вайрон бўлган ва 2001 йилда Толибон қулаганидан кейин Оға Хон Маданият жамғармаси томонидан эҳтиёткорлик билан қайта қурилган. Бу ер нуфузли меҳмонлар зиёрат қиладиган, зиёфатлар ва пикниклар, ҳатто най ва ноғораларда ижро этиладиган анъанавий миллий Атане-Миллий рақслари учун боп жой.
"Одамлар дам олиши керак, лекин Ислом мусиқа ва рақсни тақиқлайди, - деб тушунтиради Аҳмад Шоҳ. - Бунинг учун биз одамларни калтакламаймиз. Биз уларга шундай қилмаслик кераклигини айтамиз."
Нодирхон тепалиги
Нодиршоҳ ва унинг ўғли, сўнгги афғон шоҳи Зоҳиршоҳнинг мармар мақбараси бу бўз тепалик тепасига ўрнашган. Унинг шамол билан ёрқин рақсга тушадиган марваридлари - афғон озодлик рамзи.
Биз борганимизда, осмонда бир нечта қоғоз квадратчалари учиб турарди.
"Толибон варракларни тақиқлагани йўқ, - дейди ёш толиблардан бири. - Ҳатто биз уларни учирамиз." Толибоннинг дастлабки ҳукмронлиги даврида бу мумкин эмас эди.
"Ҳозир бизга камроқ одам келади, - деб афсусланади мақбара қоровули Ҳабибулла. - Аммо Толибон мендан бунинг тарихини сўраяпти."
Бу Толибон туризми учун энг яхши манзил. Қуёш ботиши билан шаҳар иссиқ тилларанг тусга бурканади ва мамлакатнинг турли бурчакларидан келган ёшлар Толибоннинг белгиларини - узун соч қўйган, калта шим, ҳар хил қалпоқ ва саллаларини кийиб олган. Қуёш ботиши - селфига тушишнинг айни вақти, кейин эса ибодат вақти.
Биби Маҳру тепалиги
Молия вазирлигининг собиқ ходими Шоҳ Файсал: "байроғимизни жуда соғиндим", дейди. У пикник столлари ва ранг-баранг атиргуллар билан безатилган, оқ тўсиқлар билан ўралган машҳур тепаликка боради.
Бизнинг орқамизда 70 метрлик байроқ устуни Кобул осмонига найзадек чўзилган.
Кўпчилик афғонлар миллий рамзларини соғинганини айтади, бир пайтлар ҳиндлар совға қилган бу байроқ шаҳар тепасида хилпираб турарди. 30х20 метрлик бу байроқдан каттароғи мамлакатда йўқ эди. Толибон яшил, қора ва қизил мегабайроқни олиб ташлади. Улар тезда катта ҳажмдаги қора арабча ёзувли байроқларини ясаттирдилар, лекин у унчалик катта эмас.
Бир пайтлар ўғрилар пайт пойлаган бу тепалик энди хавфсизроқ, шунга қарамай Толибон вакили бизга қуёш ботган заҳоти кетишимизни буюрди, шунинг учун керагича суратга ололмадик. Толибларнинг аксарияти майсазорларда дам олиб, гўзал манзарадан баҳра олмоқда ёки Советлар қурган Олимпия ўлчамидаги сузиш ҳавзаси тепасидаги кўп поғонали трамплинга чиқиб олишган. Бу ҳавза ҳеч қачон сузиш учун ишлатилмаган, чунки сувни тик қияликка чиқара олишмаган; Толибон 1990-йилларда одамларни бу ерга ташлаб ўлдирган. У тарихга бой бу шаҳарда ҳали ҳам бўш турибди.
Лиз Дюсет, Маҳфуз Зубайдий ва Исматуллоҳ Коҳсар томонидан тайёрланган.
Суратларни Паула Бронштейн олган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek