Толибонга қарши бораётган ўқитувчи аёл Afg'oniston Tolibon

    • Author, Феруза Акбариён
    • Role, BBC Форс Хизмати
  • Published

Толибон Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, қизлар ва ёш аёлларга мактабга бормасликни буюрди. Аҳвол ўнгланишини кўрмаган хориждаги афғон диаспораси аъзоларидан бири ўзи ҳаракат қилишга қарор қилди. Анжела Ғаюрнинг онлайн мактабида ҳозирда 1000 га яқин ўқувчи ва 400 дан ортиқ кўнгилли муаллим бор.

1992 йилда Афғонистонда фуқаролар уруши бошланганида Анжела атиги саккиз ёшда эди. Унинг оиласи мамлакат ғарбидаги Ҳиротдаги уйидан Эронга қочди ва кейинги беш йил давомида Анжела мактабга бора олмади - оиланинг вақтинчалик визаси шартлари сабабли у бунга ҳуқуқли эмас эди.

"Ўша пайтда Эронга қочган афғон болалари зарур ҳужжатлар йўқлиги сабабли мактабга бора олмаслиги одатий ҳол эди", деб эслайди Анжела Британиянинг Брайтон шаҳридаги уйи деразасидан денгизга тикилганча.

Беш йил ўтиб, ниҳоят, Анжеланинг отаси керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга муваффақ бўлди ва у Эрондаги мактабга қатнай бошлади. 13 ёшида ёқ у зиммасида вазифа борлигини тушунди.

Ҳар куни мактабдан уйига қайтгач, Анжела яна 14 нафар афғон болаларига дарс берди, улар мактабга бора олмасди. Анжеланинг отаси Эронда боғбонлик қилган. У отасининг яхши қаралган боғига кичик синф тўплаб, болаларга ўша куни мактабда ўргангани ҳамма нарса - ўқиш, ёзиш, математикадан дарс ўтарди.

Толибон ҳокимиятдан ағдарилганидан бир неча йил ўтгач, Анжела Афғонистонга қайтиб, ўрта мактаб ўқитувчиси сифатида малакага эга бўлди. Кейин Нидерландияга, кейин эса Буюк Британияга кўчиб ўтди.

Афғон диаспорасидаги кўпчилик сингари, у ҳам сўнгги бир неча ой ичида ўз ватанида содир бўлаётган воқеаларни кузатиб, ўзини фалаждек ҳис қилди. Қўшма Штатлар 20 йиллик урушдан сўнг қўшинларини мамлакатдан олиб чиққач, Толибон ҳокимиятга қайтди.

Кўз очиб юмгунча хотин-қизлар таълим-тарбиясидаги йигирма йиллик тараққиёт хавф остида қолди. Толибоннинг таъкидлашича, уларнинг аёллар меҳнати ва қизларнинг таълим олишига қўйган чекловлари "вақтинчалик" ва фақат барча иш жойлари ва ўқув муҳитларида "хавфсизлик"ни таъминлаш учун керак.

Аммо қизларнинг Эрондаги биринчи беш йилида бўлгани каби яна таълимдан маҳрум бўлишлари ҳақидаги ўй Анжелага тинчлик бермайди. Толибон чекловлар юмшатилишини айтганига уч ой ўтди, ўзгариш йўқ, Анжела ўзи ҳаракат қилишга мажбур бўлди.

Шу сабабли, Анжела афғон аёллари ва қизларига таълим бериш учун Ҳирот онлайн мактабига асос солди. У "Instagram"да тажрибали ўқитувчилардан ёрдам сўраб пост қўйди ва ўша биринчи постдан сўнг дастурга 400 га яқин кўнгилли қўшилди. "Telegram" ёки "Skype" орқали улар математика ва мусиқадан тортиб пазандалик ва расм чизишгача бўлган 170 дан ортиқ турли хил онлайн дарсларни таклиф қилишади. Ўқитувчиларнинг аксарияти эронлик ва улар кунига икки соатдан саккиз соатгача ишлайди.

"Бу мактаб менинг барча азобларим, изтиробларим ва ташвишларимнинг натижаси эканлигини ҳис қиламан", дейди Анжела.

"Бизнинг шиор - милтиқ эмас, қалам."

Биргаликда кўнгиллилар 1000 га яқин ўқувчига ёрдам беради. Улардан бири Насрин исмли 13 ёшли қиз, тўрт опа сингиллари билан Кобулда яшайди. Толибон ҳокимият тепасига келиб, етти ёшдан ошган қизларни мактабга киришини тақиқлаганидан бери опа-сингиллар мактаб ёки университетни ташлаб кетишга мажбур бўлишди.

Қизлар уйда ўқишга имкон қадар ҳаракат қилишди, лекин, айниқса, университетда тиббиёт ва муҳандислик йўналишида таҳсил олаётган икки опаси учун бу жуда қийин эди.

"Менинг барча орзуларим пучга чиқди. Мактаблар қайта очилганда ҳам ҳаммаси бошқача бўлади, - дейди Насрин интервьюсида. - Мен учувчи бўлишни хоҳлардим, энди бу ҳеч қачон амалга ошмайди, чунки Толибон ҳеч қачон қизларга учувчи бўлишга рухсат бермайди."

Анжеланинг онлайн мактаби қизларга оз бўлса да умид бермоқда.

Насрин ҳозирда кўнгилли ўқитувчилардан бири билан турк тилини ўрганмоқда. У бир кун келиб Истанбулда яшашни хоҳлашини айтади. Дарслар унга яна орзу қилишига имкон берди.

Сўнгги ҳафталарда мамлакат шимолида ўқувчи қизлар учун ижобий хабарлар янгради, бу ерда - мамлакатнинг 34 вилоятидан бештасида қизлар ўрта мактабларга қайтди.

Хусусий университетларда таҳсил олаётган қизларга ҳам қайтишга рухсат берилди.

Аммо Насрин ва унинг Кобулдаги опа-сингиллари, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб ўқувчи қизларнинг катта қисмига мактабга қайтиш ҳали ҳам тақиқланган.

Насриннинг онаси каби аёл ўқитувчиларга ҳам уйда қолиш буюрилган ва Толибон уларга қачон ишга қайтишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса демаган.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Кобулдаги барча малакали ўқитувчиларнинг 70 фоизи аёллардир. Шундай қилиб, мактабда ўқишни давом эттираётган ўғил болалар ва ёшлар учун ҳам ўқитувчиларнинг сезиларли етишмаслиги эҳтимоли бор.

Толибон сиёсий куч сифатида қайта тикланишидан анча аввал ҳам Афғонистон таълим имкониятларидаги чекловлар билан курашаётган эди. Таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда 15 ёшдан ошган болаларнинг учдан биридан кўпроғи саводсиз бўлган.

Қизларнинг аксарияти уйда қолиб кетгани сабабли, бу қайғули статистика фақат ортиб бориши мумкин.

Фотосуратлар Деррик Эвансники.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek