Толибон ҳам энди ижтимоий тармоқларга чиқмоқчи Afg'oniston Tolibon

    • Author, Сара Атиқ
    • Role, BBC News
  • Published

Май ойи бошларида АҚШ ва НАТО ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни бошлаганда, Толибон афғон хавфсизлик кучларига ҳужумни кучайтирди.

Аммо улар гуруҳнинг мамлакатдаги кураши тарихида анча ноодатий бўлган ишни бошлади, улар ижтимоий тармоқларда кенг кўламли кампанияни йўлга қўйдилар.

Ижтимоий медиадаги аккаунтлар тармоғи яратилиб, улар Кобулдаги ҳукуматнинг муваффақиятсизлигини таъкидлай ва Толибон ютуқларини мақтай бошлади.

Твитларда гуруҳнинг охирги ғалабалари - баъзида элдан бурун - олқишланар, бир неча ҳештеглар, жумладан, #kabulregimecrimes (афғон ҳукумати уруш жиноятида айбланган твитларда), #westandwithTaliban (оддий одамлар қўлловини олиш учун) ва # _َ_اللهِ_ﻭَﻓَﺘْﺢٌ_ﻗَﺮِﻳﺐٌ الله ﻣٌﻦ ﻧَﺼْﺮٌ (мадад Аллоҳдан ва ғалаба яқин) кабиларни қўллай бошлади. Ҳештегларнинг биринчиси Афғонистонда роса оммалашди.

Бунга жавобан Афғонистоннинг ўша вақтдаги вице президенти Амруллоҳ Солиҳ ҳарбийлар ва аҳолини толибларнинг ғалабалари ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ёлғон даъволардан огоҳлантирган, ҳарбий операциялар ҳақидаги хавфсизликка раҳна солувчи маълумотларни улашмасликка чақирган эди.

Ўзгаришлар шуни кўрсатмоқдаки, Толибон замонавий ахборот технологиялари ва унга боғлиқ медиага қаршилигини юмшатиб, аксинча, ўз тарғиботини кучайтириш учун ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланишни бошлаган.

Толибон 1996 йили биринчи марта Афғонистонда ҳокимиятга келганда, интернетни тақиқлаб, ТВлар, камералар ва видеотасмаларни мусодара қилган ёки йўқ қилган эди. 2005 йилда Толибон Исломий Амирлиги вебсайти - "Al-Emarah" иш бошлади ва ҳозирда беш тилда - инглиз, араб, паштун, дарий ва урду тилларида юритилади. Унинг аудио, видео ва матнлари Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид бошчилигидаги Афғонистон Исломий Амирлиги (АИА) маданият комиссияси томонидан назорат қилинади.

Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг биринчи "Twitter" аккаунти компания томонидан ёпиб қўйилганди. Аммо унинг янги аккаунти 2017 йилдан бери ишлайди ва 371000 обуначиси бор. Унинг қўл остида Толибон мафкурасини интернетда тарғиб қилувчи кўнгиллилар жамоаси тўпланган.

Бу гуруҳнинг раҳбари - АИАнинг ижтимоий медиа бўйича директори Қори Саид Хўстийдир.

Хўстийнинг Би би сига айтишича, "Twitter" билан ишловчи алоҳида гуруҳлар бор, улар Толибон ҳештегларини оммалаштиради ва хабарларни "WhatsApp" ҳамда "Facebook"да тарқатади.

"Душманларимизда телевидение, радио, ижтимоий тармоқларда тасдиқланган аккаунтлари бор эди, бизда эса ҳеч бири, аммо биз "Twitter" ва "Facebook"да улар билан курашдик ва мағлуб этдик", дейди Хўстий.

Ўзининг айтишича, унинг иши Толибонга айнан мафкураси сабабли қўшилганларни жалб қилиб, "уларни бизнинг пайғомимизни янада кенгроқ тарқатиши учун ижтимоий медиа платформаларига қўшишдир."

Афғонистонда 8.6 миллион интернет фойдаланувчи бор, тармоқ инфратузилмасининг чекланганлиги, маълумотлар озлиги асосий тўсиқлардир. АИА ижтимоий медиа жамоаси аъзоларига "интернетда уруш олиб бориши учун" ҳар ойда маълумотлар пакетига 11.51 доллар тўлайди, дейди Хўстий.

Унинг мақтаниб айтишича, АИАда "тўртта тўла жиҳозланган мультимедиа студияси бўлган ва унда аудио, видео маҳсулотлар тайёрлаб келинган.

Натижада Толибон жангчиларини, уларнинг хорижий ва миллий қўшинларга қарши жангларини шарафловчи юқори сифатли пропаганда видеолари яратилган ва улар "YouTube"даги каналлари ва "Al-Emarah" вебсайтида тарқатилган.

Гуруҳ ўз маҳсулотларини "Twitter" ва "YouTube"да эркин тарқатади, "Facebook" эса Толибонни "хавфли ташкилот" деб таснифлаган ва у билан боғлиқ аккаунт ва саҳифаларни тез тез ўчириб туради. "Facebook" ўз платформасида Толибонга тегишли контентларга тақиқ сақланиб қолишини айтди.

Хўстийнинг Би би сига айтишича, "Facebook"да туриш Толибон учун анча қийин, шунинг учун эътиборни "Twitter"га қаратмоқда.

АҚШ Давлат департаменти Ҳаққоний тармоғини халқаро террорчи гуруҳ сифатида таснифлаган бўлса ҳам, уларнинг етакчиси Анас Ҳаққоний ва гуруҳнинг кўплаб аъзоларининг "Twitter"да аккаунтлари ва минглаб аъзолари бор.

Толибон ижтимоий медиа гуруҳининг исмини айтмаслик шарти билан Би би сига гапирган аъзоси айтишича, гуруҳ 2020 йил февралда Толибон олий раҳнамоси ўринбосари Сирожиддин Ҳаққоний томонидан "New York Times"га ёзилган мақолани тарқатиш учун "Twitter"дан жиддий фойдаланишга қарор қилган. "Twitter"даги энг фаол Толибон аккаунтлари ана шундан кейин пайдо бўлган.

"Аксар афғонлар инглизчани тушунмайди, аммо Кобул режими лидерлари инглиз тилида "Twitter"да фаол бўлган, чунки уларнинг аудиторияси афғонлар эмас, халқаро ҳамжамият эди", дейди у.

"Толибон уларнинг пропагандасига қарши курашишни истади ва шунинг учун "Twitter"га эътибор қаратдик."

Унинг айтишича, жамоа аъзолари учун - уларнинг айримларида ўн минглаб обуначи бор - йўриқномалар чиқарилган бўлиб, унга кўра, аъзолар "қўшни мамлакатларнинг ташқи сиёсати борасида улар билан муносабатларни ёмонлаштириб қўймаслик учун изоҳ ёзмаслиги керак".

Ўтмишда Толибон ўз етакчилари ва жангчилари борасида жуда сирли эди. Шунинг учун гуруҳнинг асосчиси Мулла Умарнинг бирор тиниқ суратини топиш мушкул масала.

Бугун халқаро тан олиниш илинжида, толиблар етакчилари нафақат ОАВда кўриниш бермоқда, балки улар ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилинмоқда. Гуруҳнинг авваллари яширин бўлган сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид Кобул қулагач, матбуот анжуманида кўриниш берди. "Twitter"даги кўплаб Толибон аккаунтлари профилларида унинг сурати пайдо бўлди.

Аксинча, халқаро кучлар, ташкилотлар, ОАВ ва бошқаларга ишлаган, толибларга танқидий қаровчи афғон фуқаролари ўз аккаунтларини ўзларига қарши ишлатмасликлари учун нофаоллаштирмоқда.

"Amnesty International" ва "Human Rights Watch" инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айтишича, улар аллақачон Толибон жангарилари ўч олиш учун одамларни излаётгани, ҳатто ўлдираётгани ҳақида хабарларни олмоқда.

"Facebook" Афғонистондагилар учун аввал дўстликка қабул қилинмаганлардан профилларини яшириш учун бир тугма функциясини ишга туширган. Сайт, шунингдек, Афғонистондаги аккаунтлар учун "Дўстлар" рўйхатини излаш функциясини ҳам вақтинча тўхтатган.

Очиқ қолаётган савол Толибон шафқатсизликларни ташлаганми ёки йўқлиги ҳақидадир. Афғонистонда кўпчилик ва дунёда уларнинг ўзгариш ҳақидаги ваъдаларига ишонувчилар кўп эмас.

Аммо улар қачонлардир воз кечганлари технология глобал саҳнада фикрларни шакллантиришларига ёрдам бериши мумкинлигини тушуниб етган кўринади.

"Ижтимоий медиа жамоатчилик фикрини ўзгартиришнинг қудратли қуроли, - дейди АИА ижтимоий медиа жамоаси аъзоси. - Биз Толибон ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиришни истаймиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek