Маршал Дўстум ҳам Толибон билан музокаралар олиб бормоқчими? Афғонистон, Панжшер Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Published

Панжшердаги кучлар Толибонга таслим бўлмоқчи эмас. Ҳаракат билан музокаралар олиб бормоқчи. Рейтер генерал Атто Муҳаммад Нурнинг ўғли билан гаплашган.

Балх қудратли собиқ ҳокими ўзининг ҳозир айнан қаерда экани маълум эмас.

Шимолий Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона вилояти бўлади.

Толибон 14 август куни вилоят маркази Мозори Шариф шаҳрини ҳам босиб олган.

Мозори Шариф пойтахт Кобул билан бирга Афғонистоннинг толиблар энг сўнггида қўлга киритган иккита йирик шаҳридан биттасига айланган.

Худди шу жанглар арафасида Мозори Шарифда Толибонга қарши ҳаракатга асос солган генерал Атто Муҳаммад Нур ва маршал Дўстумнинг Ўзбекистонга қочиб ўтишганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Расмий Тошкент раддия билан чиққан, генерал Нур эса, ўзининг "хавфсиз жой"да эканликларини айтиб, Facebook саҳифасига пост қўйган, аммо айнан қаерда эканликларини очиқламаган.

Балхнинг собиқ қудратли ҳокими ўзининг 14 август кунги постига "йўллари шу билан ниҳоя топмаслиги"га оид сўзлар билан якун ясагани ҳам кўрилганди.

Янги режа

Рейтер пойтахт Кобул шимолидаги Панжшер водийсида ўрнашиб олган Толибонга қарши кучлар билан яна сўзлашишга муваффақ бўлган.

Панжшер Афғонистоннинг шу пайтгача толиблар қўлига ўтмаган ягона минтақаси бўлади.

Аммо Панжшер ҳозир улар қуршовида, Толибон яқинда водийга юзлаб жангарисини юборган.

Рейтер бу гал Балх собиқ қудратли ҳокимининг ўғли Холид Нур билан гаплашган.

У Толибон билан "баҳамжиҳат музокаралар олиб бориш учун" Афғонистондаги мухолиф сиёсатчилар бирлашаётганликларини айтган.

Холид Нур уларнинг орасида "маршал Абдулрашид Дўстум"нинг борлигини ҳам тилга олиб ўтган.

Бу кучларнинг қанчалик бир ёқадан бош чиқара олишлари маълум эмас, аммо Холид Нурнинг ўзи музокаралар иш бермаслиги "эҳтимоли катта" эканини эътироф этган.

Аммо, шундай бўлган тақдирда ҳам, ўзларининг ҳеч қачон таслим бўлмасликларини баён қилган.

Балх қудратли собиқ ҳокимининг ўғли Афғонистонни куч билан бошқаришга бўлган ҳар қандай уриниш иш бермаслигига тарих гувоҳ эканини таъкидлаган.

Толибон воизи ҳам Панжшердаги ўзларига қарши кучлар билан музокаралар кечаётганини тасдиқлаган.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид уларнинг иш бериши эҳтимолини "60 фоизлар", деб баҳолаган.

Орада Афғонистон Қуролли кучларининг 10 минг ҳарбийси маршал Абдулрашид Дўстум бошчилигида минтақага юборилаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Аммо бу хабарлар ҳалича мустақил манбалардан ўзининг тасдиғини топмаган.

Қудратга қайтиш

Толибон ҳаракати 15 август куни пойтахт Кобулга кирган, президент саройини эгаллаган ва уруш тугаганини эълон қилган.

Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани худди ўша куни мамлакатни тарк этган, ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.

У яқинда тез орада яна Афғонистонга қайтишини айтган, аммо аниқ санасини очиқламаган.

Орада унинг вице-президент вазифасини бажарувчиси Амруллоҳ Солиҳ, мамлакат конституциясига мувофиқ, ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.

У ҳам ҳозир Панжшерда, Толибонга қарши кучлар билан бирга.

Толибон воизи ҳозир янги ҳукумат аъзоларини танлашаётгани ва унинг тўлиқ таркибини тез орада эълон қилишларини маълум қилган.

Ҳаракат бўлажак ҳукуматнинг "очиқ" ва "инклюзив", аммо исломий бўлишини айтган.

Орада уларнинг бу борада Афғонистондаги бошқа "жиҳодий лидерлар ва сиёсатчилар" билан музокаралар олиб боришаётганига оид хабарлар ҳам чиққан.

Аммо шу кунларда Толибон томонидан энг муҳим лавозимларга тайинланаётган кишиларнинг "ўз одамлари" экани кўрилган.

Бир-бирларининг баёнотларига ҳар икки томоннинг муносабати эса ҳали-ҳануз ноаёнлигича қолмоқда.

Панжшердаги қаршилик ҳаракатига таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг 32 ёшли ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда.

Аҳмад Шоҳ Масъуд Совет қўшинлари баробарида Толибонга ҳам бас кела олгани билан тилга тушган, аммо 2001 йилда ал-Қоиданинг худкуш ҳужумчиси томонидан ўлдирилган.

Айрим Ғарб нашрларида ҳозир Панжшердаги Толибонга қарши кучларнинг жами сони 15 минглар атрофида экани айтилади.

Толибоннинг эса, 80-85 минг нафар доимий жангариси борлиги тахмин этилади.

Панжшер Афғонистонда ўзининг исломий амирлигини эълон қилган 1996 йилда ҳам Толибоннинг қўлига ўтмаган, уларнинг назоратидан ташқарида бўлган.

Аммо, айрим экспертларга кўра, толиблар ўша йиллардан яхши сабоқ чиқаришган ва бу гал водийни ҳар томондан қамал қилишган, уларнинг таъминот йўлларини кесиб қўйишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek