Уйғурлар борасида кимга ишониш керак – Ғарбга, Хитойга ё влогерларга? Xitoy uyg‘urlar dunyo yangiliklar

    • Author, Керри Аллен ва Софи Уильямс
    • Role, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Шинжон масаласи каби ўта баҳсли масалаларда Хитой ҳақида салбий муносабат билдирганларни қоралаётган хорижий видео блогерлар YouTube каби платформаларда кўплаб обуначиларни ўзига жалб қилмоқда.

Кейинги йилларда влогерлар борган сари хитойсевар бўлиб, Коммунист партиянинг дезинформациясини тарқатмоқда.

YouTube CGTN каби Хитой давлат ОАВларини давлат томонидан молияланишини билдирувчи нишон билан белгилаб қўяди. Аммо давлат ОАВлари каби тарғибот билан шуғулланувчи алоҳида шахсларга келганда аниқ бир тартиб йўқ.

Айрим влогерлар давлатга қарашли ташкилотлар билан Хитой сиёсатини дунёга тарғиб қилаётганликда шубҳаланади. Аммо уларни нима бу ишга ундаши ва бу стратегия қанчалик самарали экани номаълум.

Влогерлар кимлар?

Яқинда хорижий влогерларнинг каналларида мустақил ОАВларнинг Шинжондаги уйғурларга қарши Хитой сиёсати борасидаги суриштирувларига қарши ўзаро мувофиқлаштирилган видеолари пайдо бўла бошлади.

Шинжонда инсон ҳуқуқлари тизимли тарзда бузилаётганини кўрсатувчи яхши ҳужжатлаштирилган даъволар бўй кўрсатди.

Муҳожир британия фуқаролари Бэри Жонс, Жейсон Лайтфут ва ота бола Ли ва Оли Баррет каби влогерлар ўз платформалари орқали Ғарбнинг "ёлғонлари" ва Хитой сиёсати борасида изоҳлар бериб келишмоқда.

Сўнг улар Хитой давлат телеканали CGTN учун тайёрланган видеоларда ҳам кўриниш бера бошлашди.

Авваллари уларнинг шахсий каналларидаги видеолар Хитой ичидаги кундалик ҳаёт ҳақида бўларди. Аммо кейинги қўйилаётган видеолар борган сари очиқча сиёсий мазмун касб эта бошлади. Улар Хитойнинг Ковид 19дан тортиб, Гонгконгу Шинжонгача бўлган сиёсати ва муносабатини қаттиқ ҳимоя қилмоқда.

Бу ютюберларларнинг аксариятида юз минглаб обуначи бор, уларнинг видеоларига миллатчи фойдаланувчилар доимий изоҳ ёзади ва уларни бошқалар билан бўлишади.

"Саёҳат учун ҳеч қачон пул тўлашмаган"

Влогерлик Хитойда анча оммалашган, аммо Хитой видео платформаларида қонун қоидалар жуда қатъий, фойдаланувчилар ҳамма нарсани ҳам эълон қила олмайди. Минглаб интернет модераторлари кузатиб туради.

Натижада кўплаб хитойлик влогерлар ўз уйларида олинган видеотасвирларни тармоққа жойлайдиган бўлди.

1982 йилги Хитой Конституцияси сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлайди. Аммо хитойлик влогерлар ва фуқаро журналистлар расмийларга ёқмайдиган иши учун тез тез қамоққа олинади. 2020 йил декабрида фуқаро журналист Чжан Чжан Уҳандаги коронавирус эпидемияси ҳақида қилган видеолари учун тўрт йилга қамалди.

Барретлар ва Жейсон Лайтфут каби муҳожир влогерлар анча имтиёзли мақомга эга кўринади, ҳатто баъзи вақтлари маҳаллий расмийлар ва давлат медиаси уларга ёрдам беради.

Барретлар давлат ҳомийлигидаги кўплаб тадбирларда қатнашишган.

Видеоларидан бирида Ли Баррет Хитой Халқаро Радиоси каби давлат қарамоғидаги ташкилотлар давлат медиасида ўз саёҳатлари ҳақида гапиришлари эвазига уларга транспорт ва парвозлари харажатларини кўтаришини айтганди.

Барретлар Би-би-сига йўллаган электрон мактубларида Хитой ҳукумати номидан ёлғон ахборот тарқатаётгани ва бунинг учун пул олаётганини қатъий рад қилди.

CGTN сайтидаги кейинги видеоларда Ли Баррет "глобал ҳамкор" деб аталган, яъни у ташкилотнинг доимий ходими эмас, аммо ОАВ учун баъзида бирор материал тайёрлаб туради.

Жейсон Лайтфут ҳам унинг ҳамкорлари рўйхатида. CGTN уни Ғарб ОАВларининг "бузилган хабарлари"га танқидий қаровчи влогер деб атаган.

Жаноб Лайтфут яқинда CGTNнинг бир неча видеоларида унинг штатдаги ходимлари билан бирга Хайнанга сафар қилгани кўрсатилган.

CGTN ана шундай видеоларидан бирида айтишича, Лайтфут "Хайнанга саёҳат қилгани учун CGTNдан миннатдор" ва CGTN ходимлари ва муҳожир влогерлар "бир жамоа бўлиб видео тасвирлар олгани, лайв видеолар қилгани ва бирга ишлаганидан мамнун".

Жаноб Лайтфут Би-би-сининг интервью учун таклифини рад қилди. Аммо видеоларидан бирида "ҳеч ким маблағ бермайди, ҳаммаси ўз ёнимдан" ва "саёҳат учун ҳеч қачон пул тўлашмаган" деб айтди.

Гарчи "YouTube" Хитой ҳукумати қўллайдиган ва маблағ берадиган хитойсевар влогерларнинг каналларига махсус белги қўймаса ҳам, уларнинг шахсий каналларидаги баъзи видеолар кейинчалик ҳукумат медиаларига қарашли аккаунтларга ҳам қўйилган ва маъқулланган.

Бэри Жонс кўрсатилган видео нафақат CGTNнинг YouTube аккаунтига жойланган, балки Хитой Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳукуматнинг кундалик матбуот брифингларида ҳам фойдаланилган.

"Айрим Ғарб ОАВлари қандай қилиб Шинжон ҳақидаги фактларни бузмоқда?" номли видеода жаноб Жонс "Англиядаги бир газетада, Британиядаги энг катта ададли рўзномада олти йил ишлагани"ни даъво қилади. Баъзи Хитой давлат ОАВлари жаноб Жонсни собиқ британ журналисти деб таништиради, аммо Би би си буни тасдиқловчи бирорта ҳам далилни топмади ва унинг канали грамматик ва имловий хатоларга тўла.

Унинг журналистик тажрибаси ҳақида сўралганда жаноб Жонс Би-би-сига унинг "қаерда ва қачон" журналист сифатида ишлагани "сизнинг ишингиз эмас", деб жавоб берди.

У газетада ишлагани ҳақидаги даъвосида турди, аммо шундан бўлак маълумот бермади. У ҳам ўзига "пул тўлангани, ундалгани ва мажбурлангани"ни рад қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги нима учун уни ишонарли одам сифатида тақдим қилгани тушунарсиз.

Турли фитна назарияларини ҳам тарғиб қиладиган жаноб Жонс ўз видеолари сиёсийлашганини рад қилди ва ўзининг дезинформация кампаниясидаги иштироки ҳақидаги даъволарни "кулгили" деб атади.

"На Хитой ва на Хитой ҳукумати қилаётган ишларим учун пул тўлайди. Агар улар менга ҳақиқатни айтишса, мен буни қабул қиламан."

Хитойнинг хориж репортажларига "қарши уруши"

Борган сари кўпроқ хорижликлар Хитой давлат пропаганда кампаниясига жалб қалинаётган кўринади.

CGTNнинг сайтида берилишича, унинг ҳозирда 700 дан ортиқ "глобал ҳамкори" бор ва улар ташкилотни халқаро даражага олиб чиқади.

У, шунингдек, ўзининг "медиа челленж" акциясига қўшилган мухбирлар, подкастерлар, бошловчилар ва инфлюенсерларга 10000 доллардан мукофот таклиф қиляпти. Жейсон Лайтфут ҳамда Ли ва Оли Барретлар ана шу акция учун олинган рекламада кўриниш берган.

CGTN Би-би-сининг ушбу мақола учун изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб бермади.

Аммо исмини айтмаслик шарти билан Би би сига гапирган CGTNдаги манбалар ташкилот хориж медиаси репортажларига қарши курашиш учун "интернет машҳурлар ва инфлюенсерлар"дан фойдаланишга эътибор қаратаётганини айтишди.

Булар қаторига "интернет машҳурлари" бўлимини ташкил қилиш ва унинг жамоаси "хорижликлар билан боғланиб, уларнинг ведеоларидан фойдаланиш ёки биргаликда тасвирга олиш"ни таклиф қилади. Яқиндан бошлаб, айрим бўлимларга "хорижликларни топиш ва уларни Шинжонга юбориб, улар воситасида дунёга гапириш"га топшириқ берилган.

Исроиллик влогер Раз Гал Ор ушбу минтақага қилган охирги саёҳатлари олинган видеоларни тармоққа жойлади. Гал Орнинг айтишича, уни Шинжонда одамларнинг хонадонлари ва фермаларга таклиф қилишган ва "тасодифан учраган маҳаллий аҳоли вакиллари билан" суҳбатлашган. Аммо, афтидан, унга саёҳат давомида CGTN ходимлари ҳамроҳлик қилган. Улар ҳам кейинчалик ўз YouTube каналига тасвирларни жойлаган.

Аммо бу ҳолат Би-би-си ва бошқа ОАВлар Шинжонда мустақил репортаж тайёрламоқчи бўлганда учраган кузатув, тўсиқлар ва босимларга мутлақо ўхшамайди.

Жаноб Гал Ор Би-би-сининг сўровига жавоб бермади.

"Деярли ҳаммаси Шинжон ҳақида"

Ўз видеоларидан пул ишлай оладиган, номи тилга олинган влогерларнинг каналлари ўн минглаб томошабинни тезда жалб қилган, YouTube Хитойда расман блокланган бўлса ҳам, уларга жуда фаол, миллатчи фойдаланувчилар юзлаб изоҳ қолдирган.

Internet 2.0дан австралиялик киберхавфсизлик эксперти Роберт Поттернинг айтишича, гарчи айрим видеолар ҳақиқий томошабинни жалб қилган бўлса ҳам, сохта ботлар айрим видеоларни махсус кўпайтириб, қўллаб қувватлаётганини кўрсатувчи далиллар бор.

"YouTube битта видеони минглаб марта очиб, қайта қайта кўраётганларни тўхтатиши мумкин, - деб изоҳлайди у. - Чунки бу улар учун пул дегани. Кўрилганлар сони орқали пул топишади улар."

Барретларнинг "YouTube" саҳифаси ҳақида у "кўплаб миллатчилар видеони репост қилаётгани ва турли сохта хабар сайтлари уларни улашаётганини кўришингиз мумкин" дейди.

"Бу ботлар сохта хабар сайтларига видеони улаб қўяди ва ўша сайтдаги линк орқали видеога киради, бевосита YouTube орқали эмас. Шу билан улар YouTube ни гўё видеони кўраётганлар ҳақиқий одамлар деб ишонтиради."

Шунга ўхшаш ҳолатни у Бэри Жонснинг видеоларида кузатган. "Бир неча ёлғон хабар сайтлари унинг Шинжон ҳақидаги видеоларига линк бериб қўйган."

"Унинг видеоларидаги изоҳларга келсак, катта сондаги фойдаланувчилар яқинда YouTube да пайдо бўлган. Бир хил одамлар сохта аккаунтлари орқали бир вақтда қайта ва қайта изоҳ ёзаётганини кўришингиз мумкин."

Бу фойдаланувчилар қайси турдаги материалларга эътибор қаратяпти?

"Портлаётган видеолар Шинжон ҳақидадир. У деярли ҳар доим Шинжон мавзусида бўлади", дейди жаноб Поттер.

Бу каби изоҳ ёзувчилар Хитойнинг "50 цент армия"си номи билан танилган. Чунки уларнинг ҳукуматпараст хабарлари учун оз пул тўланади.

Бу "клавиатура армияси" анчадан бери фаол ва Хитойнинг интернет тўсиқларига қарамай хорижликларнинг видеоларига бунчалик кўп изоҳ қолдирилиши, мазкур влогерларни қўллаб қувватлаши шубҳа уйғотади.

Хитойнинг 50 цент операцияси натижасида бундай видеоларнинг кўрилиш даражаси назарий жиҳатдан тезда минглаб миқдорни ташкил қилиши мумкин. Шунга қарамай, Хитой яқинда ҳам мувофиқлаштирилган медиа кампаниялари ўтказган.

2019 йилги Ҳонгконг намойишларида Twitter, Facebook ва YouTube Хитой ҳукумати дезинформация тарқатиш учун мувофиқлаштирилган кампания ўтказишга уринганига гувоҳ бўлишганини маълум қилганди.

Google нинг билдиришича, "бу аккаунтларнинг келиб чиқишини ниқоблашга" уринишлар бўлган ва платформалар уларга қарши тезда чора кўрган.

"Sixth Tone" хабарлар сайти "клик фермалари" қандай қилиб маҳалли инфлюенсерларга Хитой ижтимоий тармоқларида ёрдам берганини ёзганди.

2020 йилда Хитой реклама ассоциацияси компанияларга тижорий мақсадларда клик фирмалардан фойдаланишни тақиқлади. Аммо тарғибот мақсадида улардан фойдаланиш мумкин.

"АксилХитой Би-би-си"

Хорижий влогерларни нима ҳаракатга келтираётгани тушунарсиз - улар чиндан Хитой ҳукуматига ишонадими ёки Хитойдаги машҳурлик ва фаровон ҳаёт уларни қизиқтирадими?

Би би си бу саволларни Ли Баррет ва Бэри Жонсга берди ва улардан нега видеолари бунчалик хитойсевар кайфиятдалигини сўради. Аммо тайинли жавоб олмади. Барретлар ушбу мақола чиқиш арафасида твит ёзиб, мақолани "аксилХитой Би-би-си"нинг "ҳит материали" деб атади.

Хитой ҳукуматининг муҳожир влогерлар билан ишлашини, айниқса, унинг уйғурларга муносабати ва бошқа масалалардаги сиёсати халқаро танқидга олинаётган пайтда тушунса бўлади.

CGTN ҳам - Россиядаги шериги RT каби - танқидларга ҳукумат қарашини хорижда ёядиган хорижликларни топиш ва уларнинг материалини тарқатадиган клавиатура армияси орқали жавоб бермоқчи.

YouTube аллақачон уларни давлатга боғлиқлигини кўрсатувчи белги билан сийлаган.

YouTube сўзчисининг айтишича, ҳукумат видеоларини махсус белгилаш "томошабинларга ўз ахборот эҳтиёжларини қондиришда тўғри қарорга келишларига ёрдам бериш учун" қилинмоқда. Унинг айтишича, YouTube га юкланган барча видеолар платформа йўриқномасига мувофиқ келиши керак ва махсус белгиланган видеолар битталаб текширилади.

YouTubeнинг айтишича, Би-би-си томонидан унга юборилган видеолар йўриқнома шартларини бузмайди.

Шунга қарамай, аксар фойдаланувчилар, агар YouTube махсус белги қўймаса, давлатга қарашли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилувчи влогерларни ажратиб олишга қийналади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek