'Осиё айиғи' ўлими, Ўзбекистонда янги чекловлар, Россияда енгилликлар ва Британияда эркинлик, карантин тугади Rossiya dunyo yangiliklar

Published
  • 'Осиё айиғи' ўлими;
  • Вакцинанинг ўзи етмайди, талабларга амал қилинг;
  • Саккиздан саккизгача, очиқ ҳавода;
  • QR-код тизими нега тез бекор қилинди?;
  • Пандемия даврида Россияга кетувчилар ортган;

Мудҳиш автоҳалокат

Ўзбекистонлик таниқли ММА жангчиси Мурот Хонтўраев вафот этди.

Расмий хабарларга кўра, 34 ёшли курашчи ўз автомобилида ҳалокатга учраган.

Автоҳалокат бугун, 19 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорвоқ йўлида содир бўлган.

Мурот Хонтўраев ҳалокатга учраган пайтда "BMW X5" автомашинаси рулида бўлган.

Автомашина "Lacetti" билан тўқнашиши оқибатида йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.

Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси расман хабар берган.

Ўзининг халқаро ареналардаги ютуғи билан "Осиё айиғи" лақабини олган курашчининг ўлимини расман тасдиқлаган.

Автомашинада бўлган йўловчининг тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилгани айтилмоқда.

Автоҳалокат сабабини ўрганиш учун дастлабки суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Учинчи тўлқин

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус пандемиянинг учинчи тўлқини бошланганини эълон қилди ва барча мамлакатларни 2021 йил охирига қадар аҳолининг камида 40 фоизини эмлашга чақирди. Ва пандемияни фақат вакциналар тўхтата олмаслигини таъкидлади.

- "Биз учинчи тўлқиннинг дастлабки босқичидамиз", - деди ЖССТ раҳбари.

Учинчи тўлқиннинг асосий сабаби - "Дельта" штаммининг тарқалиши, "ижтимоий алоқаларнинг кучайиши" ва соғлиқни сақлашнинг "номувофиқ" чоралари, дея ҳисоблади расмий.

"Сентябрга қадар ҳар бир мамлакат аҳолисининг камида 10 фоизини, 2021 йил охиригача 40 фоизини ва 2022 йил ўрталарига қадар 70 фоизини оммавий эмлашга чақираман", - деди ЖССТ раҳбари.

Гебреисусга кўра, бу натижага эришиш учун 11 миллиард дозада вакциналар зарур бўлади.

Шу билан бирга, бу пандемияни фақат вакциналар тўхтата олмайди. Унга қарши курашиш "соғлиқни сақлаш бўйича барча чораларни" ва оммавий йиғилишларга чекловларни талаб қилади, деди расмий.

Янги кўрсаткичлар ва янги чекловлар

18 июль куни Ўзбекистонда коронавирус вируси билан касалланганлар сони йил бошидан бери рекорд даражада қайд этилган - 585 та. Бундан ташқари, коронавирус пневмонияси билан касалланган 462 та ҳолат аниқланди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Мамлакатда ўтган йилнинг мартидан бери коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 119 973 тага етди. Маълумотларга кўра, коронавирус ташхиси билан вафот этганларнинг умумий сони 800 дан ошган.

Ўзбекистонда 20 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналарига (ресторан, кафе, чойхона) фақат очиқ ҳавода соат 8:00 дан 20:00 гача ишлашга рухсат берилади.

10 дан ошиқ тоифадаги фуқароларнинг коронавирусга қарши оммавий эмланиши шарт этиб қўйилди.

Ушбу қарор Коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинди.

Худди шу манзарада Қурбон Ҳайити ва жума намозларининг жамоат бўлиб ўқилиши ҳам вақтинча чекланди.

Москвада QR-код бекор қилинди

19 июлдан бошлаб Москва ва вилоятида ресторан ва кафеларга кириш учун QR-код тизими бекор қилинди. Пойтахтда тунги клублар, барлар ва караокелар фаолиятига рухсат берилди.

Москва расмийлари ҳисоб-китобларига кўра, касалланиш даражаси шаҳарда авжига чиққан пайтдан бери икки бараварга камайган. Москва мэри Сергей Собянин ушбу қарорни шарҳлар экан, шаҳарда юқтириш даражаси муттасил пасайиб бораётганини, касалхоналарда эса кескин ўсишга бардош бера оладиган бепул ётоқхоналар мавжудлигини айтди.

Душанбагача Москвада фақат тўлиқ эмланган ташриф буюрувчилар QR-код ёрдамида, шунингдек, ПЦР тести бўлганларгина ресторанга, ошхона, ёки барларга киришига рухсат берилганди. Шу сабабли кўплаб ресторанлар вақтинча ёки доимий равишда ёпилишга мажбур бўлдилар.

"Вазиятнинг яхшиланиши ва эмлаш динамикаси билан боғлиқ ҳолда биз бир қатор жиддий қарорларни қабул қилдик. 19 июлдан бошлаб биз умумий овқатланишдаги мажбурий QR-кодларини бекор қиламиз", деди Москва мэри Сергей Собяниня коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Россия ҳукумати ҳузуридаги мувофиқлаштириш кенгашида.

Пойтахт мэри "Россия 1" телеканали эфирида ушбу қарор "бизнеснинг кўплаб талабларига биноан ва биз кўриб турган эпидемиологик вазият асосида" қабул қилинганлигини қўшимча қилди.

QR-кодни ҳали расмийлаштириш мумкин, ресторанлар агар хоҳласалар улардан фойдаланадилар, деди Собянин.

Локдаун тугади

19 июлдан бошлаб Британияда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ сўнгги ички чекловлар бекор қилинди. Режага кўра, чекловларни бекор қилишнинг тўртинчи босқичи 21 июн куни бўлиб ўтиши керак эди, аммо "Дельта" штаммининг тарқалиши сабабли уни кейинга қолдириш лозим бўлди.

Шу кундан бошлаб тўй ва дафн маросимлари иштирокчиларининг чекловлари олиб ташланади, паблар ва ресторанларда пештахтада овқат ва ичимликларга буюртма бериш мумкин бўлади, шунингдек, ташриф буюрувчиларни рўйхатдан ўтказиш талаблари бекор қилинади. Тунги клублар очилмоқда, ташкилотчиларга оммавий тадбирларни ўтказиш учун сертификат керак бўлмайди, энди офис ишчиларига иложи борича уйда ишлаш тавсия этилмайди.

Британиялик мутахассисларнинг таъкидлашича, эмланган аҳолининг ҳозирги улуши билан чекловларнинг олиб ташланиши инфекциянинг назоратсиз кўпайишига олиб келиши мумкин.

Агентлик орқали хорижга

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни хорижий давлатларда ишга жойлаштириш статистикасини эълон қилди.

Рақамларга кўра, пандемия ортидан жорий этилган чекловларга қарамай, 2021 йилнинг ўтган 6 ойида Ўзбекистондан хорижга ишлаш учун юборилганлар сони 2018 йилга нисбатан бир неча баробар ортган.

Ўзбекистонликлар энг кўп юборилган мамлакатлар орасида Россия пешқадам - ўтган 6 ой давомида 22116 нафар киши меҳнат муҳожирлигига юборилган. 2028 йилда бу рақам 992 нафарни ташкил этган.

ТММА томонидан хорижга юборилганлар сони рўйхатининг кейинги ўринларини Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия эгаллаган.

Шунингдек, мазкур рўйхатда Бирлашган Араб Амирликлари, Болгария ва Польшани кўриш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek