Дайжест. Россия - Ўзбекистон: Россия мигрантларни қандай қилиб ўзига содиқ қилмоқчи? Rossiya O'zbekiston yangiliklar

Published
  • Россиянинг 5 млн. ишчи кучига эҳтиёжи бор;
  • "Садоқат шартномаси" иш берадими?;
  • COVID қурбонлари бўйича антирекорд;
  • Роспотребнадзор эмланганлар учун тестни бекор қилди;

Россияга итоаткор мигрантлар керак

Россия ҳукумати мамлакатни "ёмон" мигрантлардан қандай қутқаришни ўйлаб топди: барча келганлар содиқлик шартномасини имзолашлари шарт. Аммо бунинг иш бермаслиги эҳтимолдан йироқ эмас.

Россияга мигрантлар жуда керак, буни расмийлар бот-бот таъкидлаяпти. Аммо ҳукумат ишчи мигрантларнинг қонунга бўйсунувчи бўлишини истайди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, айни пайтда Россия 5 миллион меҳнат муҳожирлари етишмовчилигини бошдан кечирмоқда - асосан қурилиш майдончаларида, уй-жой коммунал хўжалиги тизимида, қишлоқ хўжалигида эҳтиёж катта.

Аммо мигрантлар ҳар доим ҳам қонунга бўйсунадиган одамлар эмаслар, деган фикрда РФ ҳукумати. Шу боис, улар муҳожирлар учун янги қонун лойиҳасини тайёрлади.

Мигрантлар учун "садоқат шартномаси"

Россия ҳукумати мамлакатга ишлаш учун янги келганларни маълум бир қонуний каналда ушлаб туриш учун Россия Федерацияси миграция соҳасидаги қонун лойиҳаси доирасида мамлакатда қолиш ва юриш қоидалари билан бирга "садоқат шартномаси" деб номланган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, янги "восита" чет эл фуқаросига Россия Федерациясига кириш-чиқиш, яшаш ва ишга жойлашиш қоидаю талаблари тўғрисида маълумот бериш мақсадида профилактик маъмурий чоралар сифатида қўлланилади.

"Садоқат шартномаси" ни имзолаш билан мигрант ўз хабардорлигини, шу жумладан белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик оқибатлари тўғрисида тасдиқлайди ва Россияга зарар этказмасликка рози бўлади.

Бир кунда 700 дан ошиқ ўлим

Ўтган кеча-кундузда Россияда COVID -19 билан касалланганлар орасида 737 та ўлим ҳоллари қайд этилди. Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штабда ўлим тўғрисида фақат дастлабки маълумотлар келтирилади, якуний кўрсаткичлар ҳар ойда бир марта Росстат томонидан эълон қилинади.

737 ўлим - бу рекорд кўрсаткич. Пандемия пайтида аввалги максимал кўрсаткич ўтган шанба куни қайд этилган - 697 киши вафот этган. Ўтган ҳафта энг юқори кўрсаткичлар кетма-кет беш кун давомида янгиланди - жума куни 679, пайшанба куни 672, чоршанба куни 669, сешанба куни 652. Ушбу кўрсаткич ўтган ҳафтанинг бошидан бери 600 дан пастга тушмади.

Шундай қилиб, Россия Ҳиндистонни ва бошқа бир қатор мамлакатларни ортда қолдириб, COVID нинг кунлик ўлим ҳоллари сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Рўйхатнинг бошида Бразилия турибди.

Эмланганлар тест топширмайди

7 июлдан бошлаб Роспотребнадзор вакциналашнинг тўлиқ курсини тамомлаган ва COVID -19 дан тузалган россияликлар учун чет элдан қайтиб келгандан кейин ПCР тестини топшириш талабини бекор қилди.

"Агар сўнгги 12 ой ичида COVID -19га қарши эмлаш ёки охирги олти ой ичида COVID -19 касаллиги ўтказилгани ҳақида маълумот бўлса, COVID -19 учун ПЦР лаборатория текшируви талаб қилинмайди [...]", дейилади ҳужжат матнида.

Шунингдек, сешанба куни Бош давлат санитария шифокори Анна Попова томонидан имзоланган фармон коронавирусга қарши икки марталик текширувни бекор қилади.

Яъни, эндиликда COVID -19 билан касалланмаган ва вакцина олмаган россияликлар Россияга келган кундан бошлаб уч кун ичида бир марта синовдан ўтишлари етарли бўлади.

Бугунги кунга қадар эса россияликлар ватанига қайтиб келгандан кейин икки марта коронавирус тестини топширишлари керак эди.

Роспотребнадзор эмланганлар ва касалланганлар учун тестдан ўтиш талабининг бекор қилинишига нима сабаб бўлганига аниқлик киритмади.

"Шунинг учун ҳар доим ёдда тутиш керакки, эмланган ва касал бўлган одам иммунитетга эга, у барибир ниқоб кийиб, атрофдагиларни ҳимоя қилиши керак", - таъкидлади Роспотребнадзор раҳбари.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek