Толибон Тожикистон билан чегарадаги асосий ўтиш нуқтасини босиб олди, Россия хавотирда - Афғонистон, минтақа ва хавфсизлик - O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Published

Толибон Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги Шерхон бандаргоҳини қўлга киритди. Бу Толибоннинг сўнгги икки ой ичида эришган энг йирик ютуғи экани айтилмоқда. Янгилик халқаро нашрлар эътиборини ўзига тортди. Бугунги вазиятдан Россия ҳам хавотир билдирди. БМТ махсус вакили "даҳшатли сценария"лар билан огоҳлантирди.

Шу йил май ойидан буён Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам мамлакатни тарк этишни бошлашган.

Худди шу вақт оралиғида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган толиблар Афғонистонни Тожикистон билан боғловчи, стратегик жиҳатдан ўта муҳим ва халқаро аҳамиятга молик ушбу бандаргоҳни ўз қўлларига киритишга муваффақ бўлишган.

Бу - Афғонистондаги сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам чиқиб кетишни бошлаган 1 май ойидан буён Толибон ҳаракати қўлга киритган энг йирик ютуқ экани айтилмоқда.

Толиблар бандаргоҳни босиб олиш билан Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги энг асосий ўтиш нуқтасини ўз назоратлари остига олишган.

Сўнгги икки ҳафта ичида Толибон Афғонистоннинг айнан Марказий Осиёга бевосита чегарадош минтақаларида ниҳоятда фаоллашган.

Бу ерларда йигирмадан ортиқ туманни босиб олган, уларнинг ярмидан ортиғи Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистонга бевосита чегарадошлари бўлади.

Шерхон бандаргоҳи

Шерхон бандаргоҳи жойлашган Қундуз Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита туташ учта вилоятидан биттаси бўлади.

Толибон сўнгги ҳафталарда вилоятнинг барча туманларини босиб олган, шу кунларда вилоят маркази Қундуз шаҳри учун жанг олиб бораётгани айтилади.

Минтақада бўлган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, шаҳар аҳолиси аллақачон Қундузни тарк этган.

Шерхон бандаргоҳи икки кундан буён ёпиқ, мазкур порт орқали Афғонистонни Тожикистон билан боғловчи кўприкда ҳам барча ҳаракат тўхтаган.

Аммо, мухбиримизга кўра, кеча, 22 июнь куни Қундузга қўшимча мадад кучлари юборилган, вилоятга юзлаб сондаги аскар ва ҳарбий техника ташланган.

Шерхон бандаргоҳидаги чегара ўтиш нуқтаси Афғонистон, Покистон ва Эронни Тожикистон ва Қирғизистон билан боғловчи асосий транзит ва тижорат йўли ҳисобланади.

Бандаргоҳни Тожикистон билан боғловчи кўприкдан кунига товар ортилган юзлаб юк машиналарининг ўтиб-қайтиши айтилади.

Ўтган йили бандаргоҳ орқали Афғонистон ва Тожикистонни бир-бирига боғловчи темир йўл қуриш режаси ҳам ўртага ташлангани, бу ҳақдаги битим пойтахт Душанбеда имзоланганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Толибон 2016 йилда Қундуз шаҳрини маълум муддат босиб олишга муваффақ бўлган.

Бу ҳаракатнинг Афғонистонда тузуми қулатилган 2001 йилдан буён эришган энг катта муваффақиятига қиёс берилган, хабар катта шов-шувга сабаб бўлган.

Ўшанда Қундуз шаҳри учун бўлган жангларда Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон ва Чеченистон фуқароларининг ҳам толиблар билан бир сафда жанг қилишгани айтилган.

Алал-оқибат афғон хавфсизлик кучлари хорижий иттифоқ қўшинлари кўмагида Қундуз назоратини қайтариб олишга муваффақ бўлишганди.

Қундуз ўз вақтида ИШИД жангариларининг Афғонистонда ўзларининг илк истеҳкомлари ва тайёргарлик жамлоқларига асос солишга муваффақ бўлган вилоят сифатида ҳам кўрилган.

Афғонистоннинг толиблар энг фаол шимолий-шарқий вилояти сифатида ҳам эътироф этилган.

Чегарадаги аҳвол

Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг бугун, 22 июнь куни билдиришича, Шерхон бандаргоҳи учун жангларда толибларнинг ҳужумларига дош бера олмай, 130 дан ортиқ афғон ҳарбийси ўз мамлакатлари ҳудудига қочиб ўтган.

Аммо кеча, сешанба куни ўзаро чегарадаги вазият танглигича қолаётганини айтган қўмита раиси Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрига берган суҳбатида бугунга келиб, аҳвол барқарорлашганини билдирган.

Ёдгор Файзиев ҳозирча ҳеч қандай таҳдид йўқлиги, аммо "ҳар доим юқори тайёргарлик ҳолатида бўлишлари керак"лигини айтган.

У, шунингдек, лозим бўлса, Тожикистон 10 минг афғон қочқинини қабул қилиши мумкинлигини ҳам билдирган.

Қўмитанинг расман маълум қилишича, инсонийлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиқиб, афғон ҳарбийларининг Тожикистон ҳудудига қочиб ўтишларига тўсқинлик қилишмаган.

Тожикистон томони толиблар билан жангларда Шерхон бандаргоҳи ҳудудида яраланган, ўлдирилган ва асирга олинган афғон аскарларининг жами сонини 100 тагача нисбат берган.

Улар келтираётган бу рақамларга ҳозирча Афғонистон томонининг расмий муносабати маълум эмас.

Шимолдаги вазият

Ўтган ҳафта толибларнинг Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги шимолий Таҳор вилоятида жойлашган нисбатан кичик яна бир бандаргоҳни босиб олишгани ҳам хабар берилган.

Бу бандаргоҳнинг ҳам ҳали-ҳануз Толибон назорати остида экани айтилади.

Шу кунларда Таҳор вилояти маркази атрофида ҳам жанглар бораётганига оид хабарлар олинган.

Аммо мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, афғон ҳукумат кучлари кеча яна бир бор уларнинг ҳужумларини даф этишга муваффақ бўлишган, Талоқан жангарилар қўлига ўтмаган.

Ҳарбийлар шаҳар учун жангларда толибларга жиддий талофат етказганликларини даъво қилишган.

Толибон сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош учта вилоятида босиб олган жами туманларнинг сони эса, ўндан ортган.

Уларнинг ярмига яқини Тожикистонга туташ туманлар экани айтилади.

Толиблар сўнгги жангларида Бадахшон вилоятида ҳам яна битта туманни қўлга киритганликларини иддао қилишган.

Бу билан улар мазкур вилоятда босиб олган туманлар сони иккитага етган.

Хавотирлар

Бугун, 22 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбеда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Хавфсизлик кенгашлари котибларининг икки кунлик йиллик йиғини иш бошлаган.

Хабарларга кўра, худди шу бугуннинг ўзида иштирокчи ҳайъатлар раҳбарларини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг шахсан ўзи қабул қилган.

Расман билдирилишича, томонлар ушбу учрашув чоғида ҳам Афғонистондаги мавжуд ҳарбий-сиёсий вазият ва унинг хавотирли бир даражада кескин тус олиб бораётганига алоҳида эътибор қаратишган.

Тожикистон яқинда ўзи раиси бўлган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти мудофаа вазирларининг учрашувига ҳам мезбонлик қилган.

Пойтахт Душанбеда шу йил апрель ойида бўлиб ўтган йиғинда ҳам ҳарбий хавфсизлик, таҳдидларга қарши туриш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилиниши айтилган.

Ушбу ташкилот жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, расмий Кремль ҳам Тожикистон ва Афғонистон чегарасидаги тангликдан хавотирда экани маълум бўлган.

Бу ҳақда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига таяниб, хабар берган.

Бундан аввал Афғонистондаги вазиятга Россия Мудофаа вазири ҳам ўзининг эътиборини қаратган.

Сергей Шойгу, "Афғонистондаги воқеаларнинг ривожи унга қўшни давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг яқиндан кузатиб боришларини тақозо этиши"ни айтган.

Бу ҳақда Россиянинг Новости ахборот агентлиги хабар берган.

Сергей Шойгу, "Нато қўшинлари чиқиб кетиши ортидан, Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши эҳтимоли катта"лиги ҳақида сўз юритган.

Толибон сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб ва Ўзбекистонга қўшни Балх вилоятларида босиб олган жами ўндан ортиқ туманнинг ҳануз жангарилар қўлида қолаётгани айтилади.

Кеча, сешанба куни толибларнинг Афғонистонда қўлга киритаётган бу каби ютуқларидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам жиддий хавотирда экани маълум бўлган.

Ташкилотнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс Хавфсизлик Кенгашига ҳисоб берган.

Махсус вакил кенгаш аъзоларига Толибон ҳозир Афғонистоннинг 370 туманидан 50 тасини босиб олишга муваффақ бўлганини айтган ва уларни "даҳшатли сценария"лар билан огоҳлантирган.

Агар, мухбирларимизга таянилса, бу туманларнинг ярмидан кўпроғи Афғонистоннинг шимоли ва шимоли-шарқига тўғри келади.

Худди шу куннинг ўзида Пентагон вакили ҳам чиқиш қилган.

Жон Кирби толибларнинг кучайиб бораётган ҳужумлари боис, Афғонистондан ҳозиргидек суръатда эмас, аста-секинлик билан чиқишларини айтган.

Аммо Афғонистонни буткул тарк этиш учун белгилаган якуний муҳлатлари, барибир, 11 сентябрь бўлиб қолаверишини айтган.

Туркманистон ва Тожикистон эса, Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун ва яхши ҳимояланмайдиган чегарага эга икки давлати бўлишади.

Бу чегараларнинг қанчалик мустаҳкамлиги орада Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти қадар дунёнинг йирик ва нуфузли ташкилотларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek