Дунё ва тақдирлар: Биз бошқачамиз, шунинг учун бизни ўлдиришади - Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

    • Author, Сваминатан Натаражан ва Иноятулҳақ Ёсиний
    • Role, BBC Жаҳон хизмати
  • Published

"Кўринишимиз бошқача, бу эса бизни таниб олишлари, таҳқирлашлари ва ҳужум қилишларини осонлаштиради", дейди Рошан Ғазнавий.

Шу ой бошида Рошан яшайдиган ҳудудда учта бомба портлаб, 85 кишини ўлдирганида, у ирқчилик сабабли жамоаси ўн йилларча азоб чекиб келаётганини англади.

Рошан ҳазоралардан. Улар Афғонистон аҳолисининг тахминан 15-20 фоизини ташкил қилади, аммо типик Марказий осиёча қиёфалари уларни бошқа афғонлардан ажратиб туради. Динлари ҳам ўзгачароқ.

Факт шуки, ҳазораларнинг аксариси шиа эканлиги уларни сунний исломчилар зўравонлиги учун доимий нишонга айлантиради.

Рошан ҳуқуқшуносликдан таҳсил олган, ҳуқуқ ҳимоячиси ва барчанинг таълим олишга ҳуқуқи учун курашиб келади.

Унинг Би-би-сига ўзи омон қолган учта бомба портлаши ҳақида айтишича, ҳар куни ирқчи камситишларга учрашади.

Мактабнинг бомбаланиши

Афғонистон пойтахти Кобулдаги ҳазоралар яшайдиган мавзеъдаги мактаб яқинида 8 май куни уюштирилган ҳужумда асосан ўқувчи қизлар ўлган.

У яшайдиган мавзеъ Дашти Барчида портлашлар бўлди. Рошан дарҳол касалхонага жароҳатланганларни кўргани борди.

"Болалар ва ўқувчиларнинг атай нишонга олиниши одамни эзади. Бу инсониятга қарши жиноят", деди Рошан Би-би-сига.

Баъзи ўқувчи қизлар ҳатто касалхона койкасига китоб билан келганини кўриб, у қаттиқ таъсирланди.

Ўзининг катта оиласида биринчи университет битирувчиси бўлган Рошан қизларнинг таълим олиши қанчалик қийинлигини билади.

"Кўплаб синфдошларини йўқотган бир қиз тинмай йиғларди. Шунда ҳам у имкон қадар тезроқ мактабга қайтишини айтарди", дейди Рошан.

Ҳеч ким ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олмади. Афғон ҳукумати ҳужум учун Толибон жангариларини айблади, аммо гуруҳ буни рад этди.

ИШИД каби жангари сунний гуруҳлар ҳазораларни бидъатчи, деб ҳисоблайди ва уларга қарши қаттол ҳужумларни амалга ошириб келади.

Шу каби оммавий қурбонликларга сабаб бўлувчи ҳужумлар шиалар яшамайдиган жойларни ҳам нишонга олади. Аммо ҳазоралар энг кўп товон тўлаётган жамоалигига шубҳа йўқ.

Роппа-роса бир йил аввал Дашти Барчи касалхонасидаги туғруқ бўлимига қилинган ҳужумда 24 аёл, болалар ва чақалоқлар ўлган.

Бир қанча бошқа ҳужумлар ҳам амалга оширилган, Рошан ана ўша ҳужумларнинг учтасидан омон қолган.

Қатъият

БМТга кўра, 30 фоиздан камроқ афғон аёл ўқий ва ёза олади, афғон қизлари таълим олиш учун катта тўсиқларга учрамоқда.

Улар учун мактаблар ва ўқув қуроллари етарли эмас, ўғил болаларга асосий эътибор қаратилади ва ўқиётган қизларни ёқтирмаслик, айниқса, қишлоқ жойларда кенг тарқалган.

Зўравонлик ёш қизлар учун яна бир тўсиқдир.

Human Rights Watch дан Ҳизер Барр 2017 йили бомбаланган Саид аш-Шуҳадо мактаби ҳақида репортаж тайёрлаш учун бир ҳафта ўша ерда бўлган.

У ҳужум ўзига қаттиқ таъсир қилганини айтади.

"Қизлар очиқ ҳавода, титилган чодирларда ўқир эди. Мактаб ҳаддан ташқари тўлиб кетганди. Уларда кутубхона ва ҳожатхона каби зарур шароитлар йўқ. Мактабдан ташқарида қийналишади", дейди Барр.

Қизларнинг кучли қатъияти, ота-оналарининг қашшоқликдан чиқиш умиди бу мактаблар ишлаб туриши сабабидир.

Нотўғри жой ва нотўғри вақт

Мактабнинг бомбаланиши Рошан 2014 йил 16 ноябрда аёл депутат Шукрия Баракзайга қилинган суиқасд ҳужумидан аранг жон сақлагандан кейинги биринчи ҳужум эмасди.

Рошан ўшанда университетга кетаётган эди, йўлда бир ёш қиз унга қараб жилмайиб турганини кўрди.

Ўтиб кетгач, бир дақиқа ҳам ўтмай у портлаш овозини эшитди. Ўгирилиб ортга қараганда ҳаммаёқ вайрон бўлиб ётганди.

Баракзай енгил жароҳат билан омон қолди, аммо уч одам, ўша қиз ҳам ўлган эди. Портлашдан кейин Рошан унинг исмини билди.

"Қудсиянинг танаси иккига бўлиниб кетганди. Бир қисми йўлнинг нариги чеккасига учиб кетганди. Бир ҳафта университетга бора олмадим. Йиғидан ўзимни тўхтата олмасдим."

Рошан ўшанда 20 ёшда эди ва қизлар таълими бўйича нодавлат ташкилотида ҳам ишларди.

У китоб ва бошқа ўқув қуроллари тарқатар, таълим ва ўз жамоаси ҳақида ТВ шоуларда чиқиш қиларди.

Хурофот

Рошан ҳазора қизлари ижтимоий тушовларни синдириб, таълим олиши қанчалар қийин эканини биларди.

Унинг ўзи кеч мактабга борган - ота-онаси камбағал ва қизларнинг таълимини номуҳим ҳисобловчи тўқувчилар эди.

Беш боланинг тўнғичи бўлган Рошан ёзишни ўрганишдан аввал уйда гилам тўқишни ўрганган.

Аммо у қаттиқ ўқиди, ўқитувчиларини ҳайратда қолдирди. У ирқчи камситишларни эшита бошлаганида 10 ёш ҳам эмасди.

"Бир қиз "Сизлар кўла - қора ишчисизлар" деди", деб эслайди Рошан. У уйига йиғлаб қайтди.

"Кўла" ирқчи сўз бўлиб, оғир, аммо малака талаб қилмайдиган ишларни қиладиганларга айтилади. Бу сўз ҳақоратлар оқимида илк келадиган сўздир.

Рошан бундайин нафрат билан қарашларидан карахт эди, аммо камситиш университетда ҳуқуқдан таҳсил олаётганда ҳам бор эди.

"Икки бола мени таҳқирлашни бошлади. Улар менга "сизлар сичқон ейсизлар, университетда нима қилиб юрибсан", деб бақирди.

Таниб бўлмас

Кейинги йилларда ҳазораларга йўналган тажовузлар жисмоний кўриниш ола бошлади.

Жангарилар имкон қадар кўпроқ одамни ўлдириш учун кўпчилик тўпланадиган ерларни нишонга олади ва ижтимоий норозилик намойишлари роса қулай нишон.

2016 йили ҳазоралар уйларига электр беришларини талаб қилиб, кенг миқёсли намойишлар ўтказа бошлади.

Кобулдаги ана шундай намойишлардан бирида Рошан иккинчи портлашга гувоҳ бўлди.

"Оломон ичида бир келишган дўстимни кўриб қолганим эсимда. Биз университетдан бери бир биримизни танир эдик."

Рошаннинг айтишича, ҳозир дўстига бир нарса бўладигандек унинг кўнглидан хавотир ўтган.

Намойишчилар тўплана борар экан, оломон ўртасида кучли портлаш бўлди, 100дан ортиқ одам ўлди.

Рошаннинг сочи ёнди ва куйди. У ҳушини йўқотаёзди, нима бўлаётганини тушунмасди.

Рошан ёзишадиган, китоблар алмашадиган дўстлари, синфдошлари ўлди. У танийдиган дўсти портлашга яқин жойда эди.

"Унинг танасини таниб бўлмасди. Юзи буткул беўхшов ҳолга келганди. Онаси уни қўлидаги соат ва туғма ҳолидан таниб олди.

Сабот

Рошаннинг айтишича, бу ҳужум унинг жамоасига таълимни ва турмуш шароитини яхшилашига халал бермади.

Ўтган 20 йилдан ошиқроқ вақт давомида унинг жамоасидан кўплар маълумотли бўлди ва паст маошли ишчи ва уй хизматчилигидан чиқиб, адвокат, ўқитувчи каби касбларни эгаллади, дейди у.

Унинг ишонишича, ижтимоий мобиллик жамоаси йўлиқаётган хурофотларга барҳам бериши мумкин ва ҳамма ҳам уларни камситмайди.

"Мен бозорларга, ресторанларга, маданий тадбирларга, университетга мағрур ҳазора ўлароқ бораман. Менинг энг яхши дугоналарим пуштунлар ва тожиклардир, - дейди у. - Орамизда адоват йўқ."

Уйга яқинроқ

Рошан йўлиққан кейинги портлаш 2019 йили, уйига яқинроқ жойда бўлди.

"Уйим яқинидаги ҳазора мавзеси мактаби бомба ҳужумига учради. Ўша ҳужумда синглимни йўқотай дедим", дейди у.

Рошаннинг синглиси Парвона мактаб дарвозасидан тез юриб чиқиб кетган онда кучли портлаш уларнинг уйини силкитиб юборди.

Рошан тўлқинни ҳис қилди. Ёмонидан хавотир олган онаси саросимага тушиб қолди.

Мактаб уларнинг уйидан уч дақиқалик йўл нарида ва портлаш ўша йўл бўйида бўлган.

Рошан кўчага қараганида болалар ва уларнинг оналари жасадлари сочилиб ётганини кўрди.

"Синглим жасадлар тўплами тагида қолганди. Унинг юзи бошқаларнинг қони билан қопланганди. У олдимда эмасди, уни таний олмасдим."

Парвона карахт ҳолатда эди, аммо жароҳат олмади. Ўша портлашда 60дан ортиқ одам ўлганди.

Қабул қилиш

Афғон ҳукумати ва Толибон ўртасида кечаётган чўзилган музокараларда озчиликлар масаласи ҳали муҳокама қилинмади, аммо Рошан ҳукумат ҳозирнинг ўзида ҳазоралар мавзеси хавфсизлигини таъминлаши, ҳужумлар олдини олишини истайди.

У Афғонистонда ҳар бир жамоа аҳил яшайдиган кун келишини орзу қилади, аммо оптимист бўлиб қолишга қийналади, баъзида мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлайди.

"Мен болаларни ҳар куни ўқ ва бомбаларга дуч келадиган муҳитда ўстиришни истамайман", дейди у.

Рошан баъзида аллақачон зўравонликларга кўникиб қолгани, уни қабул қилаётган бўлиши мумкинлигидан қўрқади.

"Бу каби ўлдиришларни қайта ва қайта кўравергач, уларга кўника бошладим", дейди у.

"Баъзида ҳатто ҳис қилмайман."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek