АҚШда улкан ўзгариш: Демократлар фаластинликларга қайиша бошлади - Isroil Falastin dunyo yangiliklar

    • Author, Энтони Цурчер
    • Role, BBC, Шимолий Америка
  • Published

Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги охирги тўқнашув кейинги йилларда Демократик партияда сиёсий марказ қай томон силжиганини кўрсатди.

"Силжиш сезиларли бўлди", дейди АҚШнинг Яқин Шарққа муносабатини ўн йиллардан бери кузатиб келаётган тадқиқотчи Жон Зогби. Хусусан, ёшлар орасида фаластинликларга илиқ муносабат анча сезилади. Катта ва кичик авлод ўртасидаги фарқ Демократик партияда айниқса катта.

Президент Жо Байден анъанавий қарашни ифодалаган ҳолда, Исроил Ҳамаснинг ракета ҳужумларидан ҳимояланишга ҳақли, деб айтганда, у ўзини Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар учун ҳам хавотир олаётган, Исроил уларнинг азобини янада оғирлаштираётганини билиб турган партиядошларидан ажралиб қолганини кўрди.

Конгрессдаги Демократик турфахиллик

Демократик партия ичида Исроил ва фаластинликлар масаласига қарашнинг ўзгараётганини кузатиш учун АҚШ сиёсатини энг ёрқин намоён этувчи сиёсий институт - Конгрессга боқиш лозим.

Конгрессда АҚШ ташқи сиёсати тарихан Яқин Шарқ можаросида Исроил нуқтаи назарига ён босиб келган - бу қисман яҳудий сайловчилар эътиборини қозониш истаги (улар Демократик партиянинг муҳим дастакловчисидир) ва евангелистлардир (булар Республикачи партиянинг таянчидир).

АҚШ Конгресси борган сари турфахиллик ташкилотига айланиб борар экан, бу АҚШнинг Исроилга бўлган сиёсатида жиддий оқибатлар келтириб чиқаради. 2021 йилда Конгресс қуйи ва юқори палатасининг 23 фоиз аъзоси қора танли, испан, осиёлик ёки маҳаллий ҳинду америкалик бўлди.

20 йил олдин бу рақам 11 фоиз эди. 1945 йилда эса 1 фоиз.

Келиб чиқиши турли тоифадан бўлганларнинг кўпайиши қарашлар турфахиллигини янада ошириб, қудратни тақсимлаб юборади. Конгресснинг ёш либерал аёл аъзолари орасида Мичигандан сайланган фаластин америкалик Рашида Таиб ва Миннесотадан сайланган асли келиб чиқиши Сомали қочқинларидан бўлган Илҳан Умар ҳам бор.

Бу гуруҳнинг энг нуфузли аъзоси Нью Йоркдан Александрия Окасио Кортес бўлиб, у Конгрессдаги ўз ўрнини Демократик партиянинг катта аъзоларидан Жо Кроулини чиқариб юбориб эгаллаган. Кроули ўтмишда Исроилнинг босиб олинган ҳудудлардаги сиёсатини мунтазам ёқлаб келган эди.

Умуман, партия ва унинг сайловчилари 59 ёшли Кроулига эмас, келиб чиқиши Пуэрто Рикодан бўлган Окасио Кортесга ўхшаб бормоқда - ана шу ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

"Айниқса, демократлар орасида оқ танли бўлмаганлар бор ва улар оқ танли бўлмаганларга муносабатга ниҳоятда ҳассос қарайди", дейди Зогби Би-би-сининг "Americast" подкастига. "Улар Исроилни тажовузкор деб билади."

Улар Исроилнинг илк тарихини ва душманлар устидан ғалабасини билмайди", дейди у.

"Улар Интифададан кейинги воқеаларни билади. Улар турли урушлар, нотенг бомбалашлар, ўлган бегуноҳ аҳолини билади."

Берни омили

Конгрессда турфахиллик ошиб бориши қисман Окасио Кортес каби сиёсатчиларни сайлаган сўлчи прогрессив ҳаракатдир. Бу ҳаракат Вермонтдан демократик социалист Берни Сандерсдан кўп жиҳатдан қарздор.

Ўз фаолиятининг илк йилларида Сандерс Исроилга нисбатан илиқ муносабатда бўлган. У яҳудий оиласида тарбияланган ва 1960-йилларни Исроилда ўтказган. 2016 йили президентлик учун курашадиган вақтгача у фаластинликларга кўпроқ ён боса бошлади. Бу эса уни Демократик партияда бошқалардан ажратиб қўйди.

Ҳамас Исроилга ракета отган вақтга тўғри келган 2016 йил мартида ўтган Ҳиллари Клинтон билан бирламчи дебатда Сандерс тўғридан-тўғри фаластинликлар азоб уқубатлари ҳақида гапирди - ишсизлик даражаси, "вайрон бўлган уйлар, вайрон бўлган соғлиқни сақлаш тизими ва вайрон бўлган мактаблар".

"Guardian"дан Эд Пилкингтон ўша вақтда қайд қилганидек, бу "ёзилмаган қоида"ни бузиш, яъни олий сиёсий лавозим учун курашаётган сиёсатчининг фаластинликлар азоб-уқубати ҳақида гапириши мағлубиятга сабаб бўларди.

Сандерс президентлик учун ҳар икки сиёсий курашда ютқазди. Аммо унинг фикри оммалашиши кам овоз олиб келган демократларнинг бу масалани кўтариши учун эшикларни очиб берди. Улар Сандерснинг бошқа масалалардаги - ҳаммани қамраб олган соғлиқни сақлаш тизими, бепул коллеж таълими, баландроқ энг кам иш ҳақи ва атроф-муҳитни сақлашни ислоҳ қилиш борасидаги қарашларини ҳам қабул қилди.

Ўшандан бери Сандерс Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳуни танқид қилишни кучайтирди. Сандерс уни "ирқчи авторитар", деб атаган. Яқинда у "New York Times"да фикр билдирди, энди унинг фикрлари маргинал Демократик қараш бўлмай қолди.

"Факт шуки, Исроил Исроил ва Фаластин тупроғида ягона суверен ҳокимият бўлиб қоляпти, - деб ёзди Сандерс, - адолат ва тинчликка тайёрланиш ўрнига ўзининг нодемократик ва нотенг назоратини кенгайтирмоқда."

Фаластинлик ҳаёти ҳам қадрли

"Times"даги мақолада Сандерс АҚШда фаолларнинг янги авлоди етишиб чиқаётгани пайғомини берди.

"Биз бу фаолларни ўтган йилнинг ёзида Жорж Флойднинг ўлдирилиши ортидан Америка кўчаларида кўрдик, - деб ёзди у. - Уларни Исроилда ҳам кўрамиз. Уларни Фаластин ҳудудида ҳам кўрамиз."

Унинг охирги сўзлари "Қора танли ҳаёти қадрли" ҳаракати номидан олинган: "Фаластинликнинг ҳаёти қадрли".

Сандерс ўтган икки ҳафта мобайнида Исроил кучлари ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувда намоён бўлган бир нарсани қайд этди. Ўтган ёзда АҚШ кўчаларида ўз сиёсий овозларига эга бўлган америкаликлар ўз эътиборларини Яқин Шарқдаги айни ўшандай бетизгин мустабидликка қаратди.

"Сент Луис мени бу ерга ҳаётларни сақлаш учун юборган", дейди Сент Луисдан Конгресс аъзоси Кори Буш. У узоқ вақт ишлаган Демократик партяи аъзосини енгиб, вакиллар палатасига сайланган.

"Бу шуни англатадики, биз маблағимиз жангари сиёсатга, тажовузкор мустабидлик тизимлари ва босқинчиликка кетишига қаршимиз. Биз урушга қаршимиз, биз босқинчиликка қаршимиз ва биз апартеидга қаршимиз."

Бу АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдамини қисқартиришга чақиришга, камида Нетаньяҳуга босиб олинган ҳудудлардаги тажовузкор сиёсатидан тийилиши учун босимга айланди.

"Полицияга маблағ берма" шиори ташқи сиёсатга ҳам кўчиб ўтди: "Исроил ҳарбийларига маблағ берма".

Дональд ва Биби

Демократик партиядаги Исроилни қўлловчилар учун мураккаблашаётган вазият шуки, ички сиёсатдаги бошқа масалалар каби АҚШнинг яҳудий давлатига нисбатан сиёсати ҳам борган сари қутблашиб боряпти.

Бунга узоқ муддатдан бери лавозимда ўтирган Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг кейинги йилларда Америкаги ўнгчилар билан жуда яқин алоқаси ҳам сабаб бўлмоқда. Обама даври демократлари Нетаньяҳунинг Республикачиларнинг таклифи билан Конгрессда нутқ сўзлаганини унутгани йўқ. Ўшанда Нетаньяҳу президент маъмуриятининг Эрон ядро битими юзасидан илгари сурган дипломатик ташаббусини йўққа чиқаришга уринган эди.

Бу орада Дональд Трамп тўрт йил давомида ўзининг Нетаньяҳу ва Исроилнинг ўнгчи сиёсий доиралари билан яқинлигини кўз кўз қилди. У Фаластин маъмуриятига берилаётган гуманитар ёрдамни қисқартирди, АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчирди, Яқин Шарқдаги дипломатик музокараларда фаластинликларни четлаб ўтди.

Трамп ва Нетаньяҳунинг бир марталик сиёсий мушти Демократларга Фаластиндаги вазият ҳақида қайта ўйлаб кўришлари учун кифоя қилди.

Бу ўзгариш давом этиши мумкин, дейди Зогби, чунки қисман Трампнинг Исроил манфаатларига ён босиши яҳудий сайловчилар Республикачилар томонга ўтиб кетишига сабаб бўлмади.

"Бунга улар умид қилишган эди, - дейди Зогби. - Америка яҳудийлари асосан либерал ва прогрессив сайловчи қатлам ҳисобланади."

Агар Демократлар яҳудий сайловчиларини хафа қилмаган ҳолда прогрессив дастакловчиларни рози қила олса, бу жуда қулай сиёсий қадам бўлар эди.

Эски мактаб вакили Байден

Агар Вашингтонда Демократлар орасида Исроил борасидаги баҳслар ўзгараётган бўлса, Оқ уйда бу ўзгаришлар акси энди сезила бошлади.

Байден ва унинг юқори мулозимлари Исроил ва Ҳамас ўртасидаги оташкесимга чақиришда сусткашлик қилдилар, ҳатто Исроилнинг одатий дастакловчиси Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумердан ҳам ортда қолдилар.

Улар БМТ Хавфсизлик кенгашининг оташкесимга чақирган резолюциясига ҳам такрор-такрор қарши чиқдилар. Байденнинг Нетаньяҳу билан телефон қўнғироқларида у қайта-қайта Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳақида гапирган, танқид кайфияти деярли сезилмайди.

АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдами бўйича бирор шарт қўйиш ҳақида умуман гап бўлмаган ва охирги зўравонликлардан аввалроқ Байден ўз партияси прогрессивларини норози қилиб, Исроилга 735 млн. долларлик қурол сотишни маъқуллаган. 2020 йилдаги президентлик учун бошланғич дебатларда у Сандерснинг Исроилга АҚШ ёрдами учун шартларни ошириш ҳақидаги даъватини "ғалати" деб атаганди.

Бу масалада Байден учун таҳлика бор, ҳар қалай. У Конгрессдан бирор таклифини ўтказиш учун сўлчи партиядошларининг қўлловига муҳтож.

Ҳозиргача бу қўллов бор эди. Аммо Демократик сўлчилар Исроилнинг, улар назарида, инсон ҳуқуқларини кескин бузишига Байденнинг панжа ортидан қараётганига ишонса, уни бўлак қўлламай қўйиши мумкин.

"Биз фаластинликларни қўлловчилар кўпайиб бораётганини кўряпмиз, аммо бу ҳеч қачон ўта қайноқ масала бўлмаган эди, - дейди Зогби. - Аммо шундай бўляпти. Тафриқа пайдо қилувчи масалага айланяпти, айниқса, Демократлар орасида."

Шу пайтгача Жо Байден учун паст аҳамиятли бўлган ташқи сиёсат, хусусан, Яқин Шарқ анча тиканли соҳага айланиши мумкин. Мана, нима учун Демократик партиядаги Исроил қўлловчилари ўн йилларча ўзгармаган Байденнинг дастаги бирдан йўқолиб қолишидан хавотир олмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek