You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Туркия: Эрдўғон Тақсим хиёбонидаги янги масжидни очди Turkiya Erdo'g'on Istanbul Islom
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Истанбулнинг Тақсим хиёбонида барпо этилган янги масжид очилиши маросими ортидан янги танқидларга тутилди.
Туркиядаги дунёвий қарашдаги инсонлар маркази ҳисобланган Тақсимда масжид қуриш режаси 2013 йили норозилик намойишларига сабаб бўлгани эсга олинди.
28 май, жума куни Тақсим хиёбонида барпо этилган янги масжиднинг очилиш маросими бўлган, сўнг у ерда Жума намози ўқилган.
Мухбирларга кўра, маросимда минглаб одамлар қатнашган, масжиднинг ичи тўлгани учун айримлар Жума намозини хиёбоннинг ўзида ўқиганлар.
Масжид узоқ йиллардан буён дунёвий Туркия республикаси рамзи деб кўрилган жамоат жойи ёнида қурилди.
Танқидчилар Республика монументининг бу масжид соясида қолганига эътибор қаратадилар.
Республика монументи 1928 йили Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк ташаббуси билан Тақсим хиёбонига ўрнатилган эди.
"Энди Тақсим Жомеъ масжиди Истанбулнинг машҳур рамзларидан бирига айланади. Худо хоҳласа, у дунё тургунча туради", деди очилиш маросимида Президент Эрдўғон.
Президент Эрдўғон, "бу Тақсим хиёбонидаги қурилишга диний мазмун бермоқчи бўлиб қарши чиққан намойишчилар устидан ғалаба бўлди, бу ташаббусни энди ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди", деган.
Тақсим хиёбонида намоз ўқийдиган жой йўқлиги ва бу ерда масжид қуриш нияти борлиги ҳақида илк бор жаноб Эрдўғон 1990 йилларда ҳали Истанбул шаҳри ҳокими бўлган вақтда гапирган.
"Бу ерда намоз ўқийдиган бир хона ҳам йўқ эди ва намозхон одам ерга газета тўшаб намоз ўқишга мажбур бўларди", деб айтган масжид очилиш маросимида Президент Эрдўғон.
Мухбирлар Жума намозига йиғилганлар Усмоний Туркия замони меъморчилик анъаналари билан замонавий архитектура жиҳатлари уйғунлашган янги масжид кўринишини мақтаганлари ҳақида хабар қиладилар.
Тақсим Жомеъ масжидида 4000 киши намоз ўқий олади.
"Одам жуда кўп, масжидлар сони етарли эмас эди. Буни қурганлардан Аллоҳ рози бўлсин", деб айтган Франс Пресс ахборот агентлигига Абузер Кўч.
Туркия аҳолисининг аксари мусулмон бўлган мамлакат эса-да, танқидчилари жаноб Эрдўғонни Туркиянинг дунёвийлик пойдеворини жойидан силжитаётганликда айблайдилар.
Истанбулнинг Тақсим хиёбонидаги Гези паркида 2013 йили масжид барпо этиш режаси ҳам шаҳарнинг ўзида ва ҳам бу протестларга бирдамлик сифатида дунёнинг бошқа жойларида кўплаб норозилик намойишларига сабаб бўлган эди.
Ушбу ҳудудни қайта қуришга қарши норозилик кайфиятлари тезда ҳукумат сиёсатига қарши ғазабга айланди, уларга кўра, бу Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ўзининг яккаҳукмронлигини кучайтириш йўлидаги амаллари бўлганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek