Исроил ва Ғазо: АҚШ Эрдўғанни қоралади, Қуддусда янги тўқнашувлар ва Исроил ортга қайтмоқчи эмас - video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Исроил Ғазога ҳужумларини тўхтатмоқчи эмас. Ўз тинчлари учун қанча лозим бўлса, шунча давом этдирмоқчи. Бу ҳақда Бош вазири айтди. Дипломатия деярли иш бермади. Ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ҳам нотинч. Ўлдирилган фаластинликлар бор. Қуддус яна тўқнашувларга саҳна бўлди. АҚШ Туркия президентини "яҳудий халқига қарши" гапирмасликка чақирди - сўнгги тафсилотлар.

Зўравонликлар ўзининг ўнинчи кунига кириб бормоқда, икки томон ўртасидаги ўзаро ҳужумлар бугун, чоршанба куни тонгга қадар давом этган.

Исроил шу соатларда "оташкесин масаласи кун тартибида йўқ"лигини айтиб чиққан.

Энди-энди пайдо бўлаётган умидларни ҳам деярли йўққа чиқарган.

Исроил Бош вазирининг баён қилишича, ҳарбий йўл билан мавжуд можарога узоқ муддатли ечим топишмоқчи. Ҳамас билан имкон қадар муқим муросага эришишмоқчи.

Исроилнинг ҳалича ўз ҳужумларини бас қилиш нияти ва режаси йўқ.

Ғарбий Соҳилда ҳам вазият нотинч, кеча, сешанба куни Рамаллаҳ яқинидаги намойишлар чоғида Исроил полицияси камида уч фаластинликни ўлдирган.

Ғазодаги Фаластин қуролли гуруҳлари ҳам ўз ракета ҳужумларини давом этдиришган.

Исроил жанубида улар отган ракетадан икки таиландлик вафот этгани хабар берилган.

Исроил томонининг айтишича, тўққиз кунлик зарбалари ортидан, "Ҳамас ҳали-бери ўзини ўнглай олмайдиган аҳволга келган".

Франция Миср ва Иордания билан бирга томонларни муросага чақирувчи резолюция лойиҳасини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгашига тақдим этган.

Аммо зўравонликларга чек қўйишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳалича иш бермаган.

Беньямин Нетаньяхунинг айтишича, Ҳамас Исроилнинг "кутилмаган зарбалари" қаршисида қолган.

Ғазо Бўлгасига қаратилган ҳарбий амалиётлари эса, "ўз тинчлари учун қанча лозим бўлса, шунча давом этдирилади".

Агар, ғазолик масъулларнинг маълумотларига таянилса, бўлгада шу пайтгача камида 219 киши ўлдирилган.

Уларнинг ярмига яқини аёллар ва болалардир.

Исроил томонига кўра эса, бу қурбонларнинг камида 150 нафари жангарилар бўлишади.

Ҳамас бунга қўшилмайди, аммо ҳалича ўз талафотлари ҳақида расман маълумот ҳам бермаган.

Исроилда эса, шу пайтгача жами 12 киши қурбон бўлган.

Агар, Исроилнинг ҳисоб-китобларига таянилса, можаро аввалида Ғазодаги икки қуролли Фаластин гуруҳи ихтиёрида 12 мингга яқин ракета бўлган.

Шу пайтгача уларнинг 3 мингдан ортиқроғи отилган, 500 яга яқини Ғазонинг ўзига қайтиб тушиб, талафотларга сабаб бўлган, дейди Исроил ҳарбийлари воизи.

Ғарбий Соҳил ҳам нотинч

Ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўплаб фаластинликлар Ғазонинг Исроил томонидан бомбардимон қилинишига қарши иш ташлашган.

Исроилнинг маҳаллий араблар кўп яшовчи шаҳарларидагилар ҳам уларнинг бу ташаббусларига қўшилишган.

Давлат идоралари, мактаблар ва кўплаб корхоналар, тижоратлар ёпилган.

Бир нечта жойларда тўқнашувлар рўй берган.

Исроил полицияси Рамаллаҳдаги "зўравон норозиликлар" пайтида ўзларига қарши ўт очилгани ва бунга ўзлари ҳам ўқ билан жавоб берганликларини айтган.

Маҳаллий масъулларга кўра, бу ерда уч фаластинлик қурбон бўлган.

Исроил Армияси яна бир фаластинликни Ҳеброндаги аскарларига ҳужум қилмоқчи бўлган пайтда ўлдирганликларини иддао қилган.

Қуддуснинг Дамашқ дарвозасида ҳам тўқнашувлар кузатилган, Исроил қўшинлари бу ерда бир қанча кишини ҳибсга олишган.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа қудратлар томонларни муросага чақириб чиқишган.

Миср Исроил ва Ҳамас ўртасида воситачилик қилиш саъй-ҳаракатида.

Аммо АҚШ орада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг оташкесинга оид учта қўшма резолюциясига кетма-кет вето қўйган.

Исроил ортга қайтмоқчи эмас, Ҳамас ва Исломий Жиҳодни буткул сафдан чиқармоқчи.

АҚШ Туркия президентини "яҳудийларга қарши гапирган"ликда қоралаган.

Режеп Таййип Эрдўған Исроилни фаластинликларга қарши "террорчилик"да айблаган ва бу уларнинг "табиати"да борлигини айтганди.

АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби бу хусусда расмий баёнот билан чиққан.

Унда, "АҚШ президент Эрдўғаннинг яҳудий халқига қарши айтган сўзларини кескин қоралаши" таъкидланган.

Якунида эса, "Президент Эрдўған ва Туркиянинг бошқа лидерлари зўравонликларни янада оловлантириши мумкин бўлган қутқуга солувчи гапларни гапиришдан тийилиш"га ундалган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek