Исроил ва Ғазо: Энди вазият тинчийдими? Video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг муросага чақирувчи баёнотларига кетма-кет вето қўйган АҚШ президенти кутилмаган баёнот билан чиқди. Жо Байден Исроил ва Ғазо ўртасида оташкесинни дастаклашини айтди. Аммо томонларни зудлик билан зўравонликларга чек қўйишга ундамади. Бунга Исроил ва Ҳамас нима дейди? Минтақада вазият танг.

Бугун Исроил ва Ғазодаги Фаластин қуролли гуруҳлари ўртасидаги зўравонликларнинг тўққизинчи куни, қуролли низолар ўзининг иккинчи ҳафтасига кириб бормоқда.

Исроил-Ғазо уруши: Ғазолик оналар ўнгида содир бўлаётган қўрқинчли тушлар - BBC News O'zbek

Маълум бўлишича, АҚШ президенти бу хусусда Исроил Бош вазири билан гаплашган.

Жо Байден Беньямин Нетаньяхуга "оташкесинни дастаклаши", АҚШ Миср ва бошқа давлатлар билан бирга зўравонликларга чек қўйиш масаласида иш олиб бораётганларини айтган.

Аммо АҚШ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг томонларни сулҳга чақирувчи яна бир баёнотига вето қўйган.

АҚШ президентининг дастагидан саноқли соатлар ўтиб, Владимир Путин ҳам оташкесин даъвати билан чиққан.

Россия раҳбари ҳам Исроил ва фаластинликларни муросага - болалар дохил катта сондаги тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган зўравонликларга барҳам беришга ундаган.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, бу жараёнга Франция президенти ва Европа Иттифоқи ҳам қўшилмоқчи.

Эммануэль Макрон сулҳ масаласини Миср президенти ва Иордания қироли билан гаплашиб олмоқчи.

Европа Иттифоқи эса, бугун кечга яқин худди шу мавгу бағишлаб, сиртдан фавқулодда йиғин чақириш режасида.

Сатҳдаги вазият эса ўзгача. Ўзининг иккинчи ҳафтасига кириб борар экан, зўравонликлар тўхтайдигандек кўринмайди. Бугун эрталаб ҳам ўзаро ҳужумлар давом этган.

Хабарларга кўра, Исроил Ғазо бўлгасидаги ягона ковидга текширувчи марказни ҳам вайрон этган.

Фаластинликларга кўра, Исроил ўтган тун яна аҳоли яшовчи мавзеълар, фуқаровий объектларни нишонга олган. Бўлга инфратузилмасига ҳам зиён етказган.

Ҳар икки томоннинг сўнгги ҳужумлари ортидан, янги талафотларга оид маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Исроил томони Ҳамаснинг ерости йўлаклари, қўмондонлари ва ракета учирувчи мосламаларини нишонга олаётганини даъво қилиб келади.

Сўнгги можарода энг кўп талафот Ғазода берилган.

Шу пайтгача бўлгада камида 212 киши қурбон бўлган. Уларнинг 60 дан ортиғи болалар, 40 га яқини аёллардир.

Исроилда эса, икки бола дохил ўн киши ўлган.

Исроил томонининг иддао қилишича, Ғазода ўлдирилганларнинг аксарияти жангарилардир. Ўз ҳужумларида шу пайтгача 150 дан ортиқ жангарини ҳалок этишган. Тинч аҳолини эса, "қасддан ўлдиришмаган".

Аммо Ғазо Бўлгасини назорат этувчи Ҳамас бунга қўшилмайди.

Оқ Уйнинг расмий баёнотида айтилишича, АҚШ президенти Исроил Бош вазири билан бу масала хусусида ҳам гаплашган.

Жо Байден, "Исроилни имкон қадар бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлмасликка ундаган".

Расмий баёнот тафсилотларидан маълум бўлишича, "икки раҳбар Исроилнинг Ҳамас ва Ғазодаги бошқа террорчи ташкилотларга қарши ҳарбий амалиётлари қандай кечаётгани борасида ҳам гаплашиб олишган".

Президент Байден унга "сулҳни қўллаб-қувватлаши, бу масалани Миср ва яна бошқа ҳамкорлари билан муҳокама қилганликлари"ини айтган.

Исроил ва Ғазо ўртасидаги сўнгги қуролли можаро халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Шу дам олиш кунларида дунёнинг қатор давлатларида фаластинликларни қўллаб, ўн минглаб одам кўчаларга чиқишган, оммавий намойишлар ўтказишган, карантин чораларини ҳам писанд билишмаган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи глобал коронавирус пандемияси ва вируснинг янги штаммлари кетма-кет бўй кўрсатаётган бир вазиятга тўғри келган.

Дунё лидерлари ва инсонпарварлик ташкилотлари томонларни оддий аҳолини ўлдирмаслик, бинолар ва инфратузилмаларни вайрон қилмасликка чақириб чиқишган.

АҚШ эса, ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларига урғу бериб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг Исроилни ҳарбий амалиётларига чек қўйишга ундовчи баёнотига учинчи бор вето қўйган.

Оқ Уй матбуот воизи, "жорий пайтда саҳна ортида олиб бораётган мулоқотлари энг амалий ёндашув, деган тўхтамда эканликлари"ни баён қилган.

Ҳар икки рақиб томон қисқа танаффусдан сўнг ўтган тун яна ўзаро ҳужумларига зўр беришган.

Исроил қирувчи учоқлари бўлгага 60 дан зиёд ҳужум уюштирган.

Ғазодаги Фаластин қуролли гуруҳлари ҳам Исроилга ракеталар билан қайта зарба беришган.

Улар Исроилнинг жанубига юзга яқин ракета отишган.

Исроил лидерлари яна бир бор ўз ҳарбий амалиётларини ҳалича тўхтатиш ниятлари йўқлигини маълум қилишган.

Ҳамас ҳам бунга жавобан ракета ҳужумларини тиндирмасликларини билдирган.

Ўзаро ҳужумлар бугун тонгда ҳам давом этган.

Сўнгги можаро икки томон ўртасида 2014 йилдан буён кузатилаётган энг ёмони экани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek