Россия, мигрантлар: Ўзбекистонликларнинг жиноий тўдаси, педофилликда айбланиш, полициядан қочиш ва оммавий муштлашув - Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Published

Ўтган хафтада ўзбекистонлик қочқин Наби Раҳимовнинг полиция ходими томонидан отиб ўлдирилиши ва ҳодиса ортидан суд унинг рафиқаси Соҳиба Бурхоновани Россиядан чиқариб юбориш ҳукми кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Хафтанинг илк куни эса Россия матбуотидаги хабарларининг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари иштирокига алоқадор жиноятлар тафсилотлари билан бошланди.

  • Ўзбекистонликлар жиноий гуруҳ туздими?;
  • 49 ёшли фаррош мактаб ўқувчисини зўрлаганликда айбланмоқда;
  • Полициядан қочган мигрант қидирилмоқда;
  • Юздан ортиқ мигрантлар қатнашган оммавий муштлашув;

Арматура ва таёқлар билан

Санкт-Петербургнинг Приморский туманида Марказий осиёлик муҳожирларнинг оммавий муштлашувидан сўнг олти нафар мигрантга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар қилди Ички ишлар вазирлигининг вилоят штаби матбуот хизмати.

Полиция маълумотларига кўра, ҳибсга олинганларнинг аксарияти қурилишда ишлайди.

Якшанба куни 100 га яқин муҳожир Вербная ва Репишчева кўчалари кесишмасида бир кеча тунда муштлашишган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, оммавий жанжалда юзга яқин одам қатнашган, уларнинг қўлларида арматуралар ва таёқлар бўлган. Тартибсизлик сабаби очиқланмаган.

Ҳодиса натижасида 33 ёшли муҳожир жароҳат олган.

Воқеа жойига полиция ходимлари етиб борган, жанжал бостирилган. Сўнг 45 кишини маҳкамага олиб кетилган ва 6 нафар мигрантга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Кафеларга хужум қилинган

Ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ Приморьеда суд қилинади, маълум қилди Приморск ўлкаси прокуратураси матбуот хизмати.

Тергов департаменти маълумотига кўра, ўзбекистонликларнинг жиноий гуруҳи 2020 йил январь ойида тузилган.

"Айбланувчилардан иккитаси барқарор қуролли гуруҳ тузган, уларнинг таркибига яна уч нафар ватандоши киритилган", дейилади хабарда.

Приморск ўлкаси прокуратураси Ўзбекистон Республикасининг тўрт нафар фуқаросига қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича айблов хулосасини тасдиқлади, деб ёзади департамент.

Ўзбекистонликлар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг бир неча моддаларига мувофиқ, қуролли гуруҳ (тўда) тузиш, унга раҳбарлик қилиш ва қатнашиш, уюшган гуруҳ томонидан бинога ноқонуний кириб, қурол ишлатган ва зўравонлик таҳдиди билан, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган талончилик содир этиш каби жиноятларини содир этганликда айбланишмоқда.

Тергов департаменти ўзбекистонликларнинг жиноий тўдаси қуйидача "ишлагани"ни билдирди:

Ишлаб чиқилган схема ва тарқатилган ролларга биноан, кечқурун ёки кечаси тўда аъзоларидан бири меҳмон ниқобида Интернет кафега кириб, муассасада меҳмонлар бўлмагунча кутиб, бу ҳақда шерикларига хабар қилган. Улар бошларига ниқоб билан муассаса ичига кириб келишган ва маъмурларни қурол билан қўрқитиб, мавжуд маблағлар ва қимматбаҳо нарсаларни ўғирлашган.

"Улар Владивосток ва Уссурийск шаҳарларидаги Интернет-кафеларда жами саккизта ўғриликни амалга оширдилар ва 430 минг рублдан зиёд зарар этказдилар", дейилади хабарда.

Жиноят иши бўйича тергов Россия ФХХнинг Приморск ўлкасидаги тергов бўлими терговчилари томонидан олиб борилган.

У амалдорга зўравонлик учун қамалганди

Айни шу ўлкада 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси қидирувга берилди.

Колониядан озод қилинган ўзбекистонлик 12 май куни Приморедаги полициядан қочиб кетгани хабар қилинган.

22 ёшли Дилмурод Саидов ҳукумат вакилига қарши зўравонлик қилгани учун умумий режим колониясида тўрт йил жазо ўтаган ва эндиликда ватанига депортация қилиниши керак эди, деб ёзади ИИБ.

Суд собиқ маҳбусни депортацияга ҳукм қилган ва у ватанга жўнатилгунга қадар мигрантларни вақтинчалик сақлаш жойида сақланиши лозим бўлган.

Айни пайтда полиция унинг сурати ва белгилари ёзилиб, қидирув эълон қилинган.

"У қора футболка, қора шим ва спорт костюмида эди. Махфийлик кафолотланади", дейилади эълонда.

У яқинда ишлашга келган

Ўзбекистонлик кўча супурувчи Санкт-Петербургда мактаб ўқувчисига жинсий зўравонлик қилганликда айбланмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, қизча фаррош уни зўрлаганлиги тўғрисида бир ойдан кўпроқ вақт ҳеч кимга айтмаган.

Аммо телефонда яқин дугонасига осиёлик кўринишли эркак уни уйига олиб бориб, жинсий тажовуз қилганини ёзган.

Баёнот полицияга фақат 15 май куни келган, бироқ воқеанинг ўзи 2 апрелда содир бўлгани айтилмоқда.

Гумонланувчи Санкт-Петербургга яқинда иш излаб келган Ўзбекистоннинг 49 ёшли фуқароси бўлиб чиқди, деб ёзади Тергов қўмитаси. У кўча супурувчи бўлиб ишга жойлашган.

"Гумонланувчи ариза топширилгандан сўнг аэропорт яқинидаги бинодан дарҳол топилди ва ҳибсга олинди", хабар қилади полиция.

Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари бошланган ва суд жараёни кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek