Би-би-си, Жон Садворс: Хитойдан чиқиб кетишимга нима мажбурлади? Xitoy BBC Uyg'ur Shinjon

    • Author, Жон Садворс
    • Role, BBC News
  • Published

Бу Хитойдан туриб дунёга хабар беришнинг даҳшатли реаллиги эди.

Оилам билан юкларни охирги дақиқаларда шошилинч йиғиштириб, аэропортга борар эканмиз, уйимиз ташқарисида бизни кузатиб турган фуқаролик кийимидаги полиция ортимиздан таъқиб қилиб, аэропорт текширув пункти орқали ортимиздан эргашиб ўтди.

Хитойнинг ўз одатига охиригача содиқ қолган пропаганда машинаси бор куч билан ишлаб, бир томондан мен Хитойда йўлиқаётган хавфни инкор этса, бошқа томонда ўша хавфни яққол кўрсатиб қўяётган эди.

"Ташқи ишлар вазирлиги баёнот беришича, Садворсга мамлакатда ҳеч қандай хавф йўқ, аммо айрим шинжонликлар уни туҳмат хабарлари учун судга беришлари мумкин", деб ёзди Комммунист партия назоратидаги "Global Times" нашри.

Худди ОАВ каби суд тизими ҳам Коммунистик партиянинг бир қисми бўлган, мустақил судлов "Ғарбнинг хато тасаввури" деб қараладиган бир муҳитда бундай баёнотларнинг асл маъносини англаш қийин эмас. -

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги кундалик брифинглар бериладиган минбар орқали сешанба куни Би-би-сининг "ёлғон хабарлари"ни танқид қилишни давом эттирди.

Унда бизнинг "Volkswagen" билан унинг Шинжондаги автозаводи ишини давом эттириш юзасидан ўтказган яқиндаги интервьюмиз видеосидан парча қўйилиб, "бу каби хабарлар Хитой халқининг ғазабини қўзғайди" деб айтилди.

Аллақачон блокланган бу интервьюни аксар хитойликлар шундоқ ҳам кўра олмаслигини ҳисобга олсак, бу каби даъвонинг тўғрилиги эҳтимолдан узоқ, албатта.

Аммо буларнинг бари менинг у ердаги фаолиятимга оғир ва ёқимсиз шаклда нуқта қўйган бўлса ҳам, менинг чиқиб кетишим кейинги йилларда Хитойни тарк этаётган хориж ОАВлари рўйхатидаги охиргиаридан бири бўлди, холос.

Бу Хитойнинг ғоялар ва ахборот учун глобал миқёсда олиб бораётган курашининг бир қисмидир.

Оммавий ахборот воситалари жанг майдонига айланди

"Иқтисодий эркинлик озод турмуш тарзини яратади", деган эди АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш Хитойни Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо қилишга ундаб сўзлаган нутқида.

"Озод турмуш тарзи эса демократия истагини вужудга келтиради", деб давом этганди у.

Хитой қанчалик бойиса, у шунчалик эркин бўлади, деган бу тахминни 2012 йили бу мамлакатда ишлай бошлаганимдан бери ахборот таҳлилларда, Хитой борасидаги академик мунозараларда эшитиш мумкин.

Аммо менинг Хитойга келган вақтим бундай тахминлар ўта соддалик эканини кўрсатувчи ўзгаришларга тўғри келди - Си Цзиньпин мамлакатдаги энг қудратли лавозимга - Хитой Коммунист партияси бош котиблигига тайинланди.

Ўтган йилларда глобал савдода юз берган улкан ўзгаришлар Хитойни ҳам ўзгартирди - иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар бўрони тизгинини қўйиб юборди, аммо демократия умиди воқеликдан ҳар доимгидан кўра узоқлашди.

Президент Си Хитойнинг шундоқ ҳам қаттиқ сиёсий тизимини жамиятнинг ҳар бир қисмини кучли назорат қилишга йўналтирди, унинг охири белгиланмаган лавозимдаги ўнинчи йили яқинлашар экан, ОАВ ҳал қилувчи кураш майдонига айланиб қолди.

"9 рақамли ҳужжат"да аввал бошданоқ урушдаги асосий нишон "Ғарб қадриятлари" ва ОАВ эркинлиги экани белгилаб қўйилган. Ички фойдаланиш учун ишлаб чиқилган ушбу махфий ҳужжат кейинроқ оммага сиздирилган эди.

Би-би-си тажрибаси кўрсатадики, Шинжондаги аҳвол ҳақидаги ҳақиқатни фош қиладиган, Хитойнинг коронавирусни қанчалик жиловлагани ва унинг пайдо бўлиши масаласида савол қўядиган ёки унинг Гонгконгдаги авторитар режаларига мухолиф бўлганларга минбар берадиган исталган хорижий журналистика ҳозир нишонга олинмоқда.

Демократик мунозараларга чек қўйиш

Жўнаб кетишим олдидан Хитойнинг пропаганда ҳужумлари давом этар экан, хорижий ижтимоий тармоқлардан ҳам тарғиботни кучайтириш учун кенг фойдаланилди.

Буни қарангки, Хитойда хорижий журналистика учун макон қисқариб, торайиб бораётган бир пайтда, Коммунист партия ташқи дунёдаги медиа стратегиясига катта эътибор қаратяпти, эркин ва очиқ ОАВлардан ўз мақсади йўлида осон фойдаланяпти.

Австралия Стратегик Сиёсат институтидаги Халқаро Кибер Сиёсат Маркази тадқиқотчиларига кўра, Хитойнинг жангчи дипломатлари хориж журналистикасига қарши твитлар оқимини яратяпти ва бу турли платформалардаги ўзаро мувофиқлаштирилган стретегиядир. Айни пайтда Хитой ўз фуқароларига бу платформалардан фойдаланишга изн бермайди.

Давлатга қарашли тарғибот ОАВлари ўз гапларини хорижда бемалол айтишлари мумкин, ичкарида эса Хитой мустақил журналистика овозини муросасиз ўчиряпти, хорижий ОАВ ва сайтлар цензура қилиняпти, ўзининг ижтимоий тармоқларида хориж журналистларини блоклаяпти.

Шу жиҳатдан, менинг мамлакатдан кетишим ғояларни назорат қилиш учун нотенг асослардаги курашнинг бир кичик қисмидир.

Бу тўғри ахборотнинг эркин оқиши учун яхши белги эмас.

Ичкарига кириб бўлмаслиги Хитой ичкарисида нималар юз бераётганини тушуниш имконини камайтиради. Айни пайтда Хитой эркин матбуотдан фойдаланиб, хориждаги демократик мунозараларни ўлдишга уринмоқда.

Ҳақиқатга элтувчи излар

Осон жавоблар топилмайдиган, Президент Буш башоратидаги идеализм аллақачон буғланиб кетган бўлса ҳам, умид қилиш учун сабаблар ҳам йўқ эмас.

Шинжонда рўй бераётган ҳодисалар ҳақидаги охирги ахборотлар - гарчи Хитой уларни "ёлғон" деб атаса ҳам - унинг ўз ички ҳужжатлари ва тарғибот хабарларига асослангандир.

Оммавий қамоқхона тизимини ташкил қилган бу замонавий, технологик қудратли давлат интернетда ўзидан из қолдирмаслиги мумкин эмас ва уларни фош қилиш учун журналистик саъй-ҳаракатлар олисдан туриб ҳам давом этаверади.

Мен ҳам Хитой воқелигини Тайпей ёки Осиёнинг бошқа шаҳарларидан туриб ёритишга мажбур бўлаётган хорижий журналистлар қаторига қўшилдим.

Албатта, сони камайишига қарамай, улар Хитойда қолаётган, ҳақиқатни сўзлашга аҳд қилган хорижий журналистлар жамоасининг қатъиятли аъзоларидир.

Энг эътиборлиси, қаттиқлашаётган сиёсий назорат остида ҳам бир қанча Хитой фуқаролари, ўзларига катта хавф борлигига қарамай, цензура тўсиқларидан ўтиб, энг муҳим журналистик ишни бажаряпти - ўз тилларида ўз юртлари ҳақида гапириш йўлларини топяпти.

Уҳандаги карантиннинг илк кунлари ҳақида билганларимиз асосан шу фуқаро журналистлар сабаблидир. Улар бу жасоратлари ҳақини бугун ўтаяпти.

Фуқаро кийимидаги полиция ходимларини Пекин аэропортдаги жўнаб кетиш залида ниҳоят қолдирдим.

Ғоялар учун глобал янги урушда хавфга қарамай ҳақиқатни айтаётган Хитой фуқароларини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek