You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия агентлари ва Новичок: Британия қотиллик тергови кенгайди - video Rossiya dunyo yangiliklar
Британияда Новичок моддаси таъсирида оламдан ўтган аёл ўлими устидан ўтаётган тергов кўлами кенгайтирилди - энди терговчилар Россия давлатининг ундаги ролини ҳам ўрганадилар.
44 яшар Дон Стуржес Новичок моддаси солинган атир идишини ушлаши ортидан 2018 йил июлида вафот этганди.
Ундан аввал Солсбери шаҳрида Россиянинг собиқ айғоқчиси Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни айни модда билан заҳарлашга уриниш бўлган.
Терговга бошчилик қилаётган Баронесса Ҳаллет тергов адолатли, жасурона ва изчил бўлишини айтди. Унинг айтишича, тергов доирасида қуйидаги масалалар ўрганилади:
- Дон Стуржеснинг ҳаёти ва ўлими, хусусан тиббий сабаблар ва муолажа
- Сергей ва Юрий Скрипалларнинг заҳарланиши
- Александр Петров ва Руслан Боширов лақабли Россиянинг икки ГРУ зобитининг эҳтимолий алоқаси
- Россия агентларини ким йўллагани
- Асабни фалажловчи Новичок моддасининг манбаси
- Скрипалга қарши ҳужумни уюштиришда Россия давлатининг роли
- Заҳарланиш ва тинтувда полиция ва тиббий идоралар кўрган чоралар
Уч фарзанднинг онаси Дон Стуржес Скрипаль яшаган Солсбери шаҳрига яқинликдаги Эймсбери шаҳрида ўз қаллиғи Чарли Роулининг уйида атир шишаси билан контакт қилиши ортидан касалланган.
Чарли Роули оғир касалланган, аммо омон қолган. Жаноб Скрипаль ва унинг 33 яшар қизи Юлия тўрт ой аввал Солсбери шаҳридаги парк скамейкасида хушсиз ҳолда топилгандилар.
Иккови ҳам муолажа ортидан омон қолган. Юқори маҳкама Вилтшир вилояти коронери аввалги қарорини қайта кўриб чиқишни буюриши ортидан, терговга судя Баронесс Ҳаллет раис этиб тайинланди.
Коронернинг аввалги қарорига кўра, тергов россиялик агентлар ё Россия давлатининг алоқасини кўриб чиқмаслиги айтилганди. Аммо Стуржес оиласининг адвокатлари эътирози ортидан тергов кўлами кенгайтирилди.
Икки йил аввал Лондондаги Россия элчиси Стуржеснинг қаллиғини элчихонага таклиф қилиб, бу ҳодисага Россия алоқаси йўқлигига ишонтиришга уринган, аммо жаноб Роули учрашувдан чиққач Россия роли борасидаги фикри ўзгармаганини айтганди.
Полиция ҳужум ортидан Петров ва Боширов лақабли икки россияликка расман қотиллик айбловини қўйишга етарли далил-исбот бўлганини айтганди.
Россия бу ҳужумга алоқаси борлигини рад этган, Президент Владимир Путин эса у икковлон ҳарбий зобит эмас, оддий фуқаролар бўлишганини даъво қилган.
Икковлоннинг ўзлари эса Солсберига машҳур катедрални кўриш учун борганларини айтишган.
Тергов икки йилдан бери бу икки гумондор билан бир неча бор боғланишга уринган, аммо барча ҳаракатлар зое кетган.
Британия Олий судидаги тергов давом этади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek