“Ҳамма ўзини эмлатсин” – Уламолар Кенгаши расман даъват билан чиқди O’zbekiston vaksina koronavirus yangiliklar

Published

Тожикистонда коронавирусга қарши вакцина олиш масаласига диний олимлар ҳам қўшилишмоқда. Уламолар Кенгаши фуқароларни ўзларини эмлатишга чақириб чиқди.

Мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бошланганига бир ҳафтадан ошди.

Уламолар Кенгашининг ҳаммани эмланишга чақириб чиқиш эса ҳалича минтақадаги бошқа бирон давлатда кузатилмаганди.

Тожикистон - мусулмонлар сони бўйича Марказий Осиёдаги учинчи йирик мамлакат.

Ислом ва вакцина

Тожикистон Уламолар Кенгаши кеча, 31 март куни бу хусусда мамлакат аҳолисига расман мурожаат билан чиққан, мурожаат матни кенгаш расмий веб сайтида эълон қилинган.

Кенгаш ўз мурожаатида Қуръони Карим оятлари ва Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг ҳадисларига таянган.

Унда, хусусан, "айримлар қандайдир чет эл доиралари эмлаш орқали одамларга зиён етказишмоқчи, деган баҳоналар билан вакцинацияга қарши чиқишмоқда".

"Бундай муносабат икки нарсага далолат қилади: яққол янглиш бўлган бу каби ёндашув ё Шариат қонун-қоидалари ва ё касалликнинг хавфли оқибатларини билмасликдан келиб чиққан", - дейилади мазкур мурожаатда.

Шундай деркан, Тожикистон Уламолар Кенгаши аҳолига, хусусан, қарияларга мурожаат қилган, уларни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил қилинган тиббиёт пунктларида эмланишга чақирган.

Бу ҳақда кенгаш расмий мурожаатига таяниб, Тожикистондаги етакчи Азия-Плюс интернет нашри ҳам хабар берган.

Тожикистон Қозоғистон ва Туркманистондан кейин ўз аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлашни бошлаган учинчи минтақа давлати бўлган.

Мамлакатда оммавий вакцинация жараёнига шу йил 22 март куни киришилган.

Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўзи шахсан баён қилган.

Мазкур интернет нашрининг ёзишича, ҳукумат қарорига биноан, Тожикистонда ҳам иммунизация аҳолининг коронавирусга чалинишга мойил қатламлари ўртасида босқичма-босқич амалга оширилади.

Биринчи бўлиб эса, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода, унинг ўринбосари Самариддин Ализода ва ЮНИСЕФнинг мамлакатдаги икки вакили ўзини эмлатишгани хабар берилган.

Ғалаба эълони

Тожикистонда коронавирус энг сўнггида, ўтган йил 29 апрель куни - Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан сўнг расман қайд этилган.

Аммо Тожикистон ҳозир ҳозир "коронавирус устидан мутлақ ғалаба қозонганликлари"ни расман эълон қилган биринчи ва ягона минтақа давлати бўлиб турибди.

Мамлакат масъулларига кўра, январь ойидан буён ўзларида бирор бир янги коронавирус ҳолати аниқланмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг COVAX дастури доирасида шу йил 8 март куни Тожикистонга ҳам дастлабки 192 минг доза Oxford-AstraZeneca вакцинаси келтирилган.

Хабарларга кўра, Тожикистон мазкур дастур доирасида аҳолисининг 20 фоизини эмламоқчи, жами 624 минг доза Oxford-AstraZeneca вакцинаси олмоқчи.

Маълум бўлишича, Тожикистон яна Россиянинг Спутник V ва Хитойнинг CoronaVac вакциналарини ўзларида расман қайддан ўтказмоқчи.

Тожикистонлик масъулларнинг сўзларидан маълум бўлишича, одамларга ўзларини қай бир вакцина билан эмлатиш танлови берилади.

Эмлаш ихтиёрий ва текин бўлади.

Тожикистон минтақанинг учинчи йирик давлати бўлади, аҳолисининг сони расман 9500 миллиондан сал ортиши айтилади, ўтган ўн кун ичида улардан қанчаси ўзини эмлатгани ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бугун, 1 апрель куни бошланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расман хабар берган.

Аммо ким биринчи бўлиб эмлангани ҳалича айтилмаган.

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган минтақа давлатларида коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бу йилги мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига саноқли кунлар қолган бир пайтга тўғри келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek