Дайжест. Блогернинг калтакланиши "текширилсин", мигрантлар ҳам, иш берувчилар ҳам "стартда", ФХХ Россияга кирувчиларни назоратга олмоқда - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ
  • Блогернинг калтакланиши "текширилсин"
  • Англия локдаунсиз ҳаётга қайтмоқда.
  • Навальнийнинг соғлиги ёмонлашгани тасдиқланди.
  • Йўл очилаётир, иш берувчилар мигрантларга интиқ.
  • ФХХ Россияга киришга қалбаки хужжат қилганларни ушлади.

Блогернинг калтакланиши "текширилсин"

АҚШ ва Британия элчилари блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланиши ҳодисасига ўз муносабатларини билдиришган.

29 ёшли блогер Миразиз Бозоровнинг кеча, 28 март куни кечқурун бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан калтакланиб кетилган.

У ўзининг ЛГБT ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан танилган бўлган.

Блогер Ўзбекистондан Жиноят кодексидан "Бесоқолбозлик" моддасини чиқариб ташлаш кераклиги ҳақида ҳам ёзган.

АҚШ элчиси блогернинг калтакланишини текширишга чақирган.

Дэниел Розенблюм, "Шу дам олиш кунларида Тошкент кўчаларида зўравонликларни кўриш жуда ташвишланарли бўлгани"ни ёзган, твит қилган.

Британия элчиси ҳам, "дам олиш кунларидаги намойишлар чоғида шунча нафратни кўриш қайғули" бўлганини айтган.

"Биламан, бу жуда нозик масала", деркан, "аммо турфахил жамиятлар кучли жамиятлар" эканини ёзган.

Тим Торлот ҳам твит қилган, "блогерлар/журналистларга нисбатан зўравонликларнинг ҳеч бир оқлови йўқ"лигини айтган.

"Матбуот эркинлиги ҳимоя қилиниши шарт"лигини таъкидлаган.

Блогернинг ҳозир оғир тан жароҳатлари билан касалхонада экани айтилади.

Тошкент Шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисмининг "и" банди - "қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш"ни назарда тутиши айтилган.

Бошқарма расмий ахборотидан маълум бўлишича, блогерга тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш учун тергов-тезкор гуруҳи тузилган ва тергов ҳаракатлари ҳам олиб борилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, блогер худди ўша куни пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган.

Баъзи маҳаллий нашрлар эса, кеча, 28 март куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:00 ларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбони олдида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтгани ҳақида ёзишган.

Яна айрим хабарларда у ерда Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар норозилик билдириб йиғилган бўлишгани айтилган.

Хиёбон олдидаги воқеалар акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда ҳам бўй кўрсатган.

Бу тасвирларда ўнлаб эркаклар акс этгани кўрилган, айримларининг "Аллоҳу акбар", дея такбир айтаётганликларини ҳам эшитиш мумкин бўлган.

Худди ўша куни кечқурун Тошкент шаҳар ИИББ расмий баёнот билан чиққан.

"Амир Темур хиёбони олдида уч-тўрт нафар фуқаро бир йигит ва бир қизни ЛГБТ фаоллари гумони билан уришга ҳаракат қилгани, уларга яна бир 20-25 чоғлиқ одам қўшилиб, "безорилик ҳаракатлари" содир этишгани"ни билдирган.

"Мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган"ини таъкидлаган.

Бошқарма расмий ахборотида айтилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари натижасида низо оммалашиб кетишининг олди олинган, ҳеч кимга шикаст етмаган.

"Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган 12 нафар шахс ушланган ва "Безорилик" аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган".

Маълум бўлишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бугун, 29 март куни юз берган воқеалар юзасидан расмий баёноти акс этган видеони эълон қилган.

Унда айтилишича, "охирги кунларда Бозоров Миразиз деган исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" масжиди олдида ва Амир Тему хиёбонида ноанъанавий жинси қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан".

"Натижада, 28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқароларимиз бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Aмир Темур хиёбонига тўпланишди. Бунинг оқибатида мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган", дейиларкан, бу расмий баёнотда ҳам, "ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган"и таъкидланган.

Аммо "бир гуруҳ фуқаролар" дейиларкан, расмий баёнотда уларнинг аниқ сони ва кимлар бўлгани очиқланмаган.

Вазирликнинг мазкур видеобаёнотига видеоблогер ўзининг муносабати ҳозирча имконсиз.

Карантин юмшайди, аммо ҳали чиқиш йўқ

Англия эҳтиёткорлик билан локдаунсиз ҳаётга қайтишда давом этаётир.

Душанба куни Англиянинг - қатъий чекловлардан одатий ҳаёт тарзига қайтишининг навбатдаги босқичи бошланади.

Спорт майдончалари, олти кишигача гуруҳ бўлиб xиёбонларда кўришиш мумкин бўлади.

Карантин чораларининг юмшатилиши Covid-19 га қарши оммавий эмланишнинг самарали амалга оширилаётгани билан боғлиқ.

Бугунга келиб, Британияда 30 млн дан зиёд киши эмланилган.

12 апрель куни британ ҳукумати кейинги режалар ҳақида маълум қилади.

Хорижда дам олиш тақиқи августга қадар узайтирилиши кутилмоқда, деб ёзади Sunday Times ҳукуматдаги манбасига таяниб.

Айни пайтда мамлакатни фақатгина ўта муҳим (иш, ўқиш, яқин қариндошнинг тўйи ёки дафн маросими, саломатлик билан боғлиқ) ҳолатларда тарк этиш мумкин.

Қоидабузилиш ҳолатида 5 минг фунт жарима белгиланган.

Мухолифатчини кўргани боришди

Владимирдаги колонияда Алексей Навальнийнинг соғлиги кескин ёмонлашгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, Жамоатчилик назорати комиссиясининг ҳудудий бўлими колонияга бориб сиёсатчи билан учрашган.

"Суҳбат чоғида унинг оёқлари оғриётганини аниқладик. Навальний тиббий ёрдам олишда ва "Диклофенак" оғриқ қолдирувчи восита билан таъминланишида ёрдам сўради, - дея ОАВларга маълум килган ЖНК раҳбари Вячеслав Куликов.

Унинг сўзларига кўр, Навальний мустақил юришда давом этаяпти.

24 мартдан буён Навальнийнинг саломатлиги борасида Россия матбуотида кўзга ташлана бошлаган.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу воқеаларга нисбатан "Кремль Навальнийнинг соғлиги ҳақидаги хабарларни кузатмаслиги ва ҳибсдагиларнинг саломатлигини ўрганиш жазони ўташ муассасалари ваколатидаги иш" эканини айтган.

Миграция маданиятига умид

Россия 1 апрелдан Тожикистон ва Ўзбекистон билан парвозларни тиклай бошлашига муҳожирликка келувчилар билан бирга россиялик иш берувчилар ҳам шай туришибди.

Aксарият экспертлар Марказий осиёликлар бу йил иш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслигига аминлар, баъзилари эса пандемия инқирози миграцияни янада маданиятли қилишига ишонишмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган йили шимолий пойтахтга 238,448 нафар чет эл фуқароси келган, бу 2019 йилга нисбатан 88,4% га кам демакдир.

Ўтган йили бу ҳудудда йил давомида жами 808 711 киши миграция рўйхатидан ўтган, яъни бир йил олдинги кўрсаткичдан 74,8 фоизга кам.

Шу билан бирга, 14 216 та яшаш учун рухсатнома берилган, бу 2019 йилга нисбатан 12,9% га кўпдир. Вақтинча яшаш рухсатномасини олганлар сони 5114 кишини ташкил қилган, ўтган йилга нисбатан 45,1 фоизга кам.

Меҳнат муҳожирлари кучига эҳтиёж, айниқса, қурилиш соҳасида яққол кўзга ташланди.

Йирик қурилиш компанияларининг раҳбарлари ҳатто хукуматгача Марказий осиёликлар учун Россияга кириш тартибини енгиллаштиришни сўраб қайта-қайта мурожаат билан чиқишди.

Новосибирскда сохта ҳужжатчилар

ФСБ Новосибирск вилоятида Россия Федерациясига кириш учун чет элликларга сохта тиббий маълумотномаларни сотган гуруҳни қўлга олди, деб ёзади Россия расмий нашрлари.

Тинтувлар давомида ҳибсга олинганлардан мингдан зиёд ПЦР сертификатлари, 400 та тўлдирилган таклифнома гувоҳномалари, рус ва хорижий валютадаги уч миллион рублдан ортиқ пуллар олиб қўйилган.

Бундан ташқари, улар сохта ҳужжатларни сотиб олишни ният қилган чет элликларнинг мижозлар базасини топдилар.

Ҳибсга олинганларга нисбатан "Ноқонуний миграцияни ташкил этиш" моддаси бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek