Янгича бизнес: Сохта ҳужжат учун бойваччалар қолиб, ҳукумат расмийларигача пул тўлашга тайёр - dunyo, Kovid, yangiliklar

    • Author, Кавун Хамуш
    • Role, BBC
  • Published

Янгича бизнес: Сохта ҳужжат учун бойваччалар қолиб, ҳукумат расмийларигача пул тўлашга тайёр - аэропортлардаги аҳвол шунчалик жиддийми? Бугун коронавирусга қалбаки тест натижаси қанча туради?

Би-би-си текширувлари тасдиқлашича, хорижга сафар қилишни қаттиқ истаётган одамлар Ковид тестларининг сохта сертификатларидан фойдаланмоқда. Афғонистонда бу амалиёт роса урчиган кўринади. Миллионерлардан тортиб, ҳукумат расмийларигача сохта ҳужжат учун пул тўлашга тайёр. Аммо муаммо биргина давлатда эмас.

"Аввал бошданоқ аҳвол жиддий эди, ҳар бир парвозда 10-20 кишида сохта Ковид тест натижаси бор эди. Сўнг манзилга етиб борганларнинг эллик нафарчасида тест ижобий чиқадиган бўлди."

Октябрь ойи охирларига келибгина муаммога эътибор қаратилди, дейди Афғонистон фуқаролик авиацияси бошқармаси директори Муҳаммад Вафойизода.

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) мамлакатга келган ҳар бир одамда салбий хулосали полемераз занжир реакцияси (ПЗР) Ковид тести сертификати бўлишини мажбурий қилган ва 53 давлатдан келувчилардан икки қайта тестдан ўтишини талаб қилган эди.

Афғонистон ана ўша давлатлардан бири эди. БАА сохта сертификат кўтариб олган йўловчилар оқимига дуч келди. Айрим йўловчилар сохта Ковид тестини била туриб олган бўлса, бошқалари буни билмаганини айтади.

Ёсин кобуллик тожир, у пойтахтдаги ўзи ишончли деб ўйлаган клиникага боради ва Дубайга учиб кетишидан олдин пулини тўлаб, қиммат тест хулосасини олади.

"Тест хулосаси салбий чиққанидан хурсанд эдим ва аэропортга ўзимга ишонч билан бордим. Улар Кабул аэропортида яна тест қилдилар, натижаси ижобий чиқди."

Ёсин - унинг номи хавфсизлиги учун ўзгартирилди - карантинга олинди ва уни бизнес сафари "барбод бўлди", чунки унга сохта Ковид тест сертификати берилган эди. У клиника ҳақиқий тест қилмаслигидан бехабар бўлганини таъкидлайди.

Ноябрь ойига келиб вазият оғирлашди, Кобулдан бўладиган парвозлар вақтинча тўхтатилди, шаҳар аэропортидан кунига 12 та халқаро парвоз амалга оширилади.

Доктор Қосим Вафойизода сохта тест натижаларини тарқатувчи пойтахтдаги бешта клиниканинг номини айтди - уларнинг бари бу айбловни рад этди.

Шунга қарамай, ҳукумат расмийлари клиникалар ва йўловчиларни қасддан ҳужжатни сохталаштираётганликда айблаб келади, сабаби тест топшириш учун навбатнинг катталиги, тест харажати ва порадир.

Ўзининг Facebook саҳифасида Афғонистоннинг биринчи вице-президенти Амрилло Солиҳ Кобулда бир неча қалбаки тест қиладиган хусусий лабораториялар бўлганини айтди.

Унга кўра, Афғонистоннинг соғлиқни сақлаш стандартлари бўйича обрўсига путур етган. У сохта лабораторияларни топиш учун агентлар ишлаётгани билан огоҳлантирди.

"Бу сохтакорлик Афғонистоннинг заиф иқтисодига кучли зарба берди, - деб ёзди у. - Таассуфки, сохта тест сертификатларини лабораториялардан сотиб олганлардан иккитаси бу мамлакатдаги машҳур ва миллионер одамлардир."

"Афғонистон Хавфсизлик хартиясининг ўнлаб кўнгиллилари бориб тестдан ўтади ва белгиланган порасини бериб, қайси лабораториялар бузуқлигини аниқлайди."

Ҳукумат бир неча хусусий тест марказларининг лицензиясини олиб қўйган ва улар Ковид учун тестдан ўтказа олмайди. Аммо бу Би-би-сига расмий рақамларни бермайди. Расмийлар Кобул аэропорти сертификатини қабул қиладиган 25 та лаборатория рўйхатини тарқатди.

Аммо бу муаммони ечмади. Сохтакорликка гувоҳ бўлган бир лаборатория ходимининг айтишича, афғон расмийлари, депутатлар ҳам Ковид тестлари хулосаларини ўзлари келмасдан, шунчаки паспортлари нусхасини юбориб, олишлари мумкин. Лаборатория хизматчилари шунчаки паспорт рақамларини кўчириб, сертификат тайёрлаб беради.

"Бу ишни турли мақсадларда, асосан пул учун қилишади, - дейди у. - Яна улар сафарга чиқиши керак бўлиб қолган ва шошилинч салбий тест хулосаси керак бўлиб қолган таъсирли шахсларга ёқиш учун ёки айрим ноҳукумат ташкилотлар ишчилари атай ишга чиқмаслик учун ижобий тест хулосаси керак бўлганда тайёрлаб беришади."

Исмини ошкор қилишни истамаган ходим Би-би-сига сохта тестлар қандай тайёрланишини тасвирлаб берди.

"Катта клиникаларнинг айрим бўлимлари мижоздан суртмани оладида уни флаконга солишдан олдин сувга ботириб олади, сўнг уни клиниканинг марказий лабораториясига юборади. Натижа салбий келади."

Би-би-си лабораториялардан, аптека ва фотонусха тайёрловчилардан сохта ПЗР тести хулосаларини атиги $3 долларга сотиб олган бир неча киши билан гаплашди. Хусусий клиникаларда топшириладиган тест нархи ўртача $65 доллар.

Би-би-си бир давлат хизматчиси билан 23 январь куни гаплашганда, у $200 долларга салбий Ковид тест хулосасини олиши мумкинлигини айтди.

Қандай қилиб, деган саволга у "буни менга қўйиб беринг" деб жавоб берди.

Бу муаммо фақат Афғонистондагина эмас. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (ХҲТА) маълум қилишича, қалбаки Ковид тест хулосалари "дунёнинг бошқа мамлакатларида, жумладан, Бразилия, Бангладеш ва Францияда ҳам пайдо бўлган".

Британияда газеталар бир одам четга чиқиш учун салбий Ковид тест сертификатини фотошоп қилиб, ўз номини ёзганини тан олгани ҳақида ёзган эди.

Дания 22 январь куни Ковид тестлари юзасидан шубҳалар боис, Дубайдан парвозларни тўхтатди. Давлат расмийларининг айтишича, "Дубай тестлари етарли эмаслиги ҳақида хабарлари бор". Транспорт вазири Бенни Энгелбрехт тақиқни 2 февралга қадар узайтирди.

Франция расмийлари яқинда Париждаги Шарль де Голл аэропортида етти кишини рақамли қурилмаларда 200 тача қалбаки Ковид тест натижалари билан қўлга олди.

Эрон ҳукумати ҳам қалбаки Ковид тест сертификатлари бераётганликда айбланган тест марказларини ёпди. Чилида ҳам бир тиббий марказ айни айбловлар билан ёпилди.

Исломобод ва Карачидаги Би-би-си мухбирлари бир нечта йўловчи тест натижаларини сохталаштиргани ҳақида хабарлар чиққач, Покистондаги айрим авиакомпанияларда тест натижаларини бевосита уларга юборувчи лабораториялар рўйхати борлигини аниқладилар.

Кенияда ҳам маҳаллий расмийлар тест натижаларини қалбакилашда айбланганларни суд қилгани ҳақида хабарлар чиқди, айни шундай матбуот ҳабарлари Непалдан ҳам бор.

ХҲТА маълум қилишича, муаммонинг бир қисми қоғоздаги тест натижаларини осон ўзгартириш мумкинлигидир, чунки улар турли тил ва форматда келади ва бу "соғлиқни текширишдаги нуқсонлар, хатолар ва қалбакиликлар муаммоси дунё бўйлаб кўпайишига олиб келяпти".

Унга ҳамоҳанг тарзда Жаҳон соғлиқ ташкилоти (ЖСТ) ҳам Афғонистон каби кунига кўпи билан аранг 5000 та тест олиш мумкин бўлган давлатлардаги имкониятнинг чекланганлиги сохта ҳужжатлар кўпайиши ортидаги "асосий омил" деб ҳисоблайди.

ЖСТ муаммони камайтириш мақсадида блокчейн орқали рақамли вакцинация сертификати бериш тизимини йўлга қўйиш устида ишламоқда.

"Қалбаки қоғозлар, хусусан, тест ва вакцинация сертификатлари муаммосидан яхши хабардормиз. Бу муаммо фақат Ковид-19 эмас, бошқа касалликларга ҳам даxлдор", дейди ташкилот.

Айни пайтда, ХҲТА ҳукуматлар билан гаплашиб, фирибгарлик олдини олиш учун "IATA Travel Pass" тизимини таклиф қилмоқда. Уни йўловчилар ўз мобил телефонларида олиб юришлари мумкин.

"У йўловчиларга ўзларининг тест ва эмланганлик ҳақидаги ҳужжатларини хавфсиз олиб юриш учун платформа бўлади. Улар бу ҳужжатларни ўз шахсий маълумотларига қўшиб, авиакомпаниялар, божхоналарга юборишлари мумкин", дейди ташкилот.

Афғонистонга қайтсак, у ерда расмийлар муаммони назорат қилишга ҳаракат қилишяпти.

"Ҳозирги пайтда бундай ҳолатлар кузатилмаяпти, чунки айрим клиникаларга тест натижалари бериш тақиқлаб қўйилди, аэропортда ҳам керакли чоралар кўрилди, йўловчиларнинг ҳужжатлари бир неча босқичда текширилади - кетаётган ҳам, келаётган ҳам ПЗРнинг ҳақиқий хулосасини кўрсатиши шарт", дейди доктор Қосим Вафойизода.

"Сохта тест натижалари нафақат клиникаларда берилмоқда, айрим саёҳат агентликлари ва лабораториялари ҳам йўловчиларга Ковид тест сертификатларини берган. Биз ҳозир халқаро компаниялар билан бунинг олдини олиш устида ҳам ишлаяпмиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek