Туркия: Эрдўғонга қарши фитнада айбланган яна 337 киши бир умрга қамалди

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Туркия тарихида энг катта суд ишларидан бири деб кўрилаётган суд ишида 337 ҳарбий зобит ва бошқалар 2016 йилги давлат тўнтарилиши ҳаракатига боғлиқликда айбдор топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Мазкур суд ишида 500га яқин айбланувчилар орасида ҳарбий учувчилар ва қўмондонлар Президент Ражаб Тойиб Эрдўғонни ағдаришга уринишда айбландилар.

Айбловга кўра, улар фитнани пойтахт Анқара яқинидаги Акинчи ҳаво қўналғасидан бошқарганлар.

Жаноб Эрдўғон оммавий норозиликлар келтириб чиқарган бу фитнани АҚШда яшовчи уламо Фатҳуллар Гулан уюштирганига ишонади. Жаноб Гулан бу ишга алоқаси борлигини рад этиб келади.

2016 йилда юз берган давлат тўнтариши ҳаракатида 251 киши ҳалок бўлган ва 2 000 дан ортиғи яраланганди. Эрдўғон таътилда бўлгани айтилган бу ҳодисада минглаб оддий одамлар уни қўллаб-қувватлаб кўчаларга чиққанлар ва аскарларга қаршилик кўрсатганлар.

Суд иши 2017 йил августида бошланганди. Айбловлар орасида Президент Эрдўғонни ўлдириш ва муҳим давлат идораларини эгаллаш ҳаракатлари бор.

Анқара яқинидаги Синжан ҳудудида жойлашган Туркиянинг энг катта суд биноси ҳукмни кутаётганлар билан лиқ тила бўлди.

Собиқ ҳаво кучлари қўмондони Акин Ўзтурк ўтган йили бир умрлик қамоқ жазосини олганди.

Охирги суд ишида ҳам 10 дан ошиқ генералга ҳукм ўқилди. Ораларида F-16 қирувчи учоқлари учувчилари ҳам бўлган генераллар ва тўрт нафар ноҳарбий фуқаро 79 та «оғир» бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилдилар.

Бу жазонинг «оғир» тури оддий бир умрлик қамоқ муддатидан жазони ўташдаги қаттиққўлроқ чоралар билан фарқ қилади.

Олти кишига сиртдан ҳукм ўқилди - улар орасида жаноб Гулан ва диний муаллим Одил Оқсўз ҳам бор.

Гулан бошчилик қилувчи «Хизмат» ҳаракати Эрдўғон томонидан «террорчи» дея тамғаланган. Гулан бир вақтлар Эрдўғоннинг иттифоқчиси эди, аммо 2016 йилги фитна айбловлари ортидан 79 ёшли уламо Пенсилванияда қолмоқда. Туркия эса унинг ватанга қайтарилишини талаб этяпти.

Эрдўғон фитна ортидан давлат идораларда катта тозалаш ишларини амалга ошириб, 100 мингдан ошиқ давлат ходимларини ё ишдан бўшатган ё вақтинча ишдан четлатган. Улар орасида Гуланга хайрихоҳ деб кўрилган ўқитувчилар ва ҳакамлар ҳам бор.

Фитнага алоқадор кўплаб суд ишларида 2 500 дан ошиқ одам бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek