Коронавирус: Касалликдан хавотир нима, уни қандай юмшатиш мумкин?

Woman at a CBT therapy session

Сурат манбаси, Science Photo Library

    • Author, Philippa Roxby
    • Role, BBC
  • Published

Хавотир руҳий саломатликнинг Британияда энг кенг тарқалган муаммосидир.

Сўнгги олти ой давомида ҳаётимизда кузатилган жадал ўзгаришлар руҳиятимиздаги хавотир даражасини оширди. Янги тадқиқот хулосасига кўра, ота оналар болаларининг соғлиғи ҳақида айниқса хавотирлана бошлаган.

Хўш, хавотир ўзи қандай намоён бўлади ва уни қандай енгиш мумкин?

Хавотир нима?

Хавотир шунчаки стресс ёки безовталик эмас. Булар вақти вақти билан кузатиладиган табиий реакциялар бўлиб, ҳатто фойдали ҳам бўлиши мумкин.

Аммо мунтазам хавотир ҳисси худди ҳеч аримайдиган қўрқувга ўхшайди. Агар у кучайса, бутун ҳаётингизга эга чиқиши, рисоладагидек ҳаёт кечиришингизга ҳалал бериши мумкин.

Хавотир доимий тарзда нимадандир қўрқишингиз, чарчоқ ва диққат жамлай олмасликка сабаб бўлади. Бу ўз навбатида уйқунинг бузилиши ва тушкунликни пайдо қилади.

Танада ҳам кўп ҳолларда симптомлари намоён бўлади, масалан, юракнинг тез уриши, тез нафас олиш, қалтираш, терлаш, ланжлик, ич кетиши ва кўнгил айниши.

Хавотир турли шаклларда ва даражаларда - енгилдан ўта оғиргача бўлиши мумкин.

Ҳар 10 одамдан биттаси ҳаётида бир марта бўлса ҳам хавотир ёки фобиани бошдан кечиради, аммо буни даволашга уринмайди.

Ёрдам учун қаерга боришим керак?

Психиатрларнинг Қироллик Коллежи айрим тавсиялар берган:

  • дўст ёки қариндошга айтиш
  • қўллаб қувватловчи онлайн ёки офлайн гуруҳларга қўшилиш
  • хотиржамлаштирувчи машқларни бажариш.

Жисмоний машқлар, йога, ўқиш ва мусиқа тинглаш каби фаолиятлар ҳам ёрдам бериши мумкин.

Экспертлар алкогол истеъмолини камайтириш, чекишни ташлаш ҳам хавотирни юмшатиш учун яхши йўл эканини таъкидлайди.

Агар хавотирингиз давом этаверса, энг яхши терапиялар, масалан, когнитив хулқий терапия (КХТ) бўйича қўлланмалар кўп.

КХТ асосан суҳбатга асосланган терапия бўлиб, одамларга катта муаммоларини кичик бўлакларга ажратиб ҳал қилишга ёрдам беради.

Бу, айниқса, кучли хавотири бўлган болаларга мос келади ва ота оналар ҳам уни қандай қўллашни ўрганиши мумкин.

"Сукут сақлаб азоб чекиб юравермаслик муҳим," дейди "Anxiety UK" ташкилотидан Ники Лидбеттер.

У шифокор билан учрашиб, унга симптомларни айтишни тавсия қилади. Аммо унинг айтишича, "бу йўл ҳаммага ҳам мос келмаслиги мумкин."

Болалар ва ўсмирлар ҳам бундан азоб чекадими?

"Айримлари қийналади, кимдир мактабда босим бўлмагани учун осон енгиб ўтади," дейди Оксфорд университети болалар клиник психологияси профессори Кэти Кресуэлл.

У карантин чекловлари жорий қилинган биринчи ойда болалар ва ота оналарни ўрганди. Унинг хулосасича, бошланғич мактаб ўқувчиларида ўзини бахтсиз ҳис қилиш, хавотир ва кайфиятсизлик даражаси ортган.

Аммо ўсмир ёшидаги болалар ота оналарида бундай хавотир нисбатан камроқ кузатилган. Ўсмирларнинг ўзи ҳам кайфияти ва хулқида ўзгариш бўлмаганини айтган.

Бу 13 14 ёшлилар ўрганилган бошқа бир тадқиқотда ҳам тасдиқланган. Унга кўра ҳам, айни шу ёшдагилар карантин чекловлари вақтида камроқ хавотир ҳис қилган. Бу эса карантин болаларга ёшига қараб турлича таъсир қилганини кўрсатади.

Миллий Соғлиқ Хизмати болалар ва ўсмирларни қўллаб қувватлаш учун бешта тавсия ишлаб чиққан:

  • Уларни эшитинг: Улар ўз ҳиссиётлари ҳақида эркин гапира олиши учун улардан мунтазам шаклда аҳволларини сўранг.
  • Улар ҳаётидан четда турманг: Уларнинг қилаётган ишига, улар учун муҳим нарсаларга қизиқиш билдиринг.
  • Кунлик ижобий режимни сақлашларига кўмак беринг: Уларга ижобий маънода ўрнак бўлинг, ухлаш, овқатланиш ва машқ қилиш вақтлари тартибли бўлишига кўмак беринг.
  • Уларнинг қизиқишини рағбатлантиринг: Фаол, ижодкор бўлиш, янги нарсаларни ўрганиш ва муайян жамоанинг аъзоси бўлиш уларнинг руҳий саломатлиги учун фойдалидир.
  • Уларнинг гапларини жиддий олинг: Уларнинг гаплари қадрланишини амалда кўрсатинг, уларга қийин ҳиссиётлардан ўтиб олишига кўмак беринг.
Serious-looking man

Сурат манбаси, Getty Images

Хавотирнинг сабаблари

Соғлиқ ва пулдан тортиб иш, мактаб ёки муносабатлардаги ўзгаришларгача, бари хавотирга сабаб бўлиши мумкин.

Пандемия даврида яна бошқа сабаблар ҳам пайдо бўлди: вирус юқтириб олишдан, кўчага чиқишдан, бошқа одамларга касаллик юқтиришдан қўрқиш, ниқоб тақиш, нормал ҳаётга қайтиш ва келажакда нималар бўлишидан хавотирлар.

"Anxiety UK" бу ҳолатни коронахавотир деб атади. Карантин чоралари юмшатилгандан бери бу ташкилотга ёрдам сўраб, қўнғироқ қилувчилар сони ортган.

Қўнғироқ қилувчиларнинг ҳам муаммоси одатий ҳаётдагидан мураккаброқ, ҳар бир суҳбатга кетадиган вақт ҳам узайган, дейди ташкилот вакили.

Психиатрлар карантин ва ижтимоий масофа сақлаш одамларнинг доимги ҳаёт тарзига таъсир қилаётгани ва уларнинг дўстлари ва яқинлари билан кўришишига халақит бераётганини айтишмоқда. Бу эса хавотир туйғусини чандон кучайтириб юборади.

Одамлар вирус юқтиришдан қўрқиб психиатр ёрдамига мурожаат қилмаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам хавотирлар бор. Бу эса уларнинг саломатлигида фавқулодда вазиятларни вужудга келтиради.

"Агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, пандемия даврида ҳам даволанишингиз мумкин," дейди Психиатрлар Қироллик Коллежидан доктор Билли Боланд.

"Агар сиз руҳий ҳолатингизда муаммони сезсангиз шифокорингизга мурожаат қилинг ва руҳий саломатлик бўйича ўзингизга кўрсатиладиган хизматлардан доимгидек фойдаланинг."

Older woman looking out of her window

Сурат манбаси, Getty Images

Бу борада кимлар хавф гуруҳига киради?

Хавотир кўп учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Ҳозирги вақтда кўп одамлар ўз ҳаётлари борасида хавотир ҳис қилмоқда.

Ҳаётингизда юз берган исталган нарса - катта ўзгаришлар, жароҳатловчи ҳодисалар, барчаси сизни хавотирга мойил қилиб қўяди.

Руҳий саломатликда муаммо бўлиши одамни янада кўпроқ хавотир ҳис қилишига сабаб бўлади. Шунингдек, қанчалик серхавотир бўлишингиз сабаби ирсиятингизга ҳам бориб тақалиши мумкин.

Ўсмирлар, ёшлар, махсус таълим олиш талаб қилинадиганлар ва камбағал оилалардан чиққанлар кўпроқ хавотирга мойил бўладилар.

Аммо экспертлар синфдан ташқарида ўтказилган вақт ўқувчиларда қандай узоқ муддатли из қолдириши ҳақида хулоса беришга ҳали эрталигини таъкидлайдилар.

"Болалар мактабдаги ўзгаришларга қандай мослашаётгани, ноаниқ вазиятларда қандай ўзини тутаётганини кузатиш жуда муҳим," дейди проф. Кресуелл.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek