Одамзод қучоқлашишни қайси қариндошидан ўрганган? Янги тадқиқот

Сурат манбаси, Jake Brooker / Chimfunshi Wildlife Orphanage Trust
- Author, Ҳелен Бриггс
- Role, Фан масалалари бўйича мухбир
- Published
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Шимпанзе ва боноболар стрессли вазиятлар олдидан бир-бирига тегиниш, қучоқлашиш ва ҳатто ўпишиш орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлаши мумкин. Олимлар фикрича, бу одат инсонларда ҳам сақланиб қолган қадимий ижтимоий хулқ-атворнинг бир кўринишидир.
Буюк Британиянинг Дарҳам университети олимлари инсоннинг энг яқин қариндошлари ҳисобланган шимпанзе ва боноболарнинг хулқ-атворини ўрганиб чиқди.
Тадқиқот давомида маймунлар озуқа учун рақобат юзага келиши мумкин бўлган вазиятлар олдидан бир-бирини жисмоний яқинлик орқали тинчлантириши аниқланди.
Энг қизиқарли кузатувлардан бири шу бўлдики, одатда тажовузкор ҳисобланадиган шимпанзелер ҳам ўзаро меҳр ва яқинлик намойиш қилишган.
Улар қучоқлашганлар, бир-бирларига тегинишган ва баъзан ҳатто бир-бирининг оғзига бармоқларини солган.
"Стрессли воқеалар олдидан улар бир жойга йиғилади, бир-бирини тинчлантиради, тегинади ва қучоқлашади" - деди тадқиқот муаллифларидан бири профессор Занна Клей.
Олимнинг таъкидлашича, бу хатти-ҳаракат муҳим воқеа олдидан жамоани бирлаштиришга қаратилган ўзига хос "сафарбарлик чақириғи"га ўхшайди.
Буни йирик футбол ўйини олдидан футболчиларнинг давра бўлиб бирлашиши билан таққослаш мумкин.
"Бу ерда "мен" эмас, балки "биз" деган туйғу устувор", дейди у.
Ишонч ва ҳамкорлик воситаси
Тадқиқот Конго Демократик Республикаси ва Замбиядаги икки йирик маймунлар қўриқхонасида яшовчи шимпанзе ва боноболар иштирокида ўтказилди.
Олимлар ёввойи табиатдаги озиқланиш жараёнини иложи борича аниқ тақлид қилиш учун ер ёнғоқларидан фойдаланишди.
Маймунлар ер ёнғоқлари келтирилишидан олдинги беш дақиқа мобайнида кузатилди.
Улар озуқа тез орада пайдо бўлишини билган ва бу рақобат эҳтимолини оширувчи вазият ҳисобланган.
Шу вақт давомида тадқиқотчилар бир-бирини тинчлантириш мақсадида амалга оширилган жисмоний мулоқотларни, жумладан тегиниш, қучоқлашиш ва ўпишиш ҳолатларини қайд этишди.

Сурат манбаси, Zanna Clay / Lola ya Bonobo Sanctuary
Тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун тегинишдан фойдаланиш анъанаси камида етти миллион йил аввал, инсонлар, шимпанзелер ва боноболар умумий аждодидан ажралиб чиқишидан олдин пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Бу эса инсонларнинг бугунги кунда ҳам муҳим воқеалар олдидан бир-бирига далда бериши тасодифий эмаслигини англатади.
Масалан, футболчиларнинг ўйин олдидан давра бўлиб жамланиши, спортчиларнинг жамоадошини қучоқлаши ёки кимнингдир елкасига қўл қўйиб далда бериши миллионлаб йиллар давомида шаклланган ижтимоий кўникмаларнинг давоми бўлиши мумкин.
Тадқиқот натижалари Proceedings of the Royal Society B: Biological Sciences илмий журналида эълон қилинди.

































