Она фарёди: Ўлсак, бирга ўлайлик - дунё, тақдирлар, musulmonlar

Сурат манбаси, Mukhtar Zohoor
Она фарёди: Ўлсак, бирга ўлайлик - дунё ва тақдирлар.... Кашмирда ҳануз минглаб одамлар панжара ортида қолишмоқда. Минтақада нималар бўлмоқда? Би-би-си Ҳинд хизмати мухбири Мажид Жаҳонгир вазиятни ўрганган:
Кашмирликлар ўз яқинларини кутишмоқда
Ҳиндистон федерал ҳукумати 2019 йил 5 августида Жамму ва Кашмир штатларини ярим мухторият мақомини бекор қилиш ҳақида баҳсли қарор чиқарди.
Ундан аввал минглаб одамларни ҳибсга олди.
Орадан бир йил ўтиб, уларнинг аксарига қарши жиддий айбловлар қўйилди.
Улар Ҳиндистон бўйлаб турли ҳибсхоналарда ҳамон азоб чекмоқда.
Таслима Вани ва унинг оиласи 6 август туни мириқиб ухлаб ётганда кимдир эшикни қаттиқ ура бошлади.
Деҳлидаги ҳинд ҳукумати бутун мамлакатни ҳайратда қолдириб, Жамму ва Кашмирга берилган хос конституцион ҳуқуқларни бекор қилганидан кун ўтган эди.
Қарорга кўра, баҳсли ҳудуд Ҳиндистон назоратидаги иккита федерал ҳудудга бўлинган, у ерда мисли кўрилмаган комендантлик соати жорий қилиниб, алоқа воситаларига кескин чеклов қўйилган эди.
"Полиция ва армиянинг қўшма хавфсизлик кучлари гуруҳи экан. Улар эшикни очишни бақириб талаб қиларди. Эслашнинг ўзи даҳшат", дейди Вани хоним.
"Улар мени ичкарига киритиб, ўғилларимни ўтлоққа олиб чиқиб, 15 дақиқача сўроқ қилишди. Сўнг кетишди".
Аммо яна қайтиб, унинг 19 ёшли катта ўғли Надимдан қўшнининг уйига йўлни кўрсатишни сўрашди. Вани хоним шу билан ўғлини қайта кўрмади.
Надим полиция идорасига олиб борилган, ўша ерда тутиб турилиб, ниҳоят минг километр олисга - Уттар Прадешдаги қамоқхонага ўтказилган.
Би‑би‑си кўрган расмий айблов ҳужжатига кўра, полиция Надим Ванини жангариларга зимдан ёрдам берганликда айблаган.
Хавфсизлик кучлари бундай "ёрдамчи"ларни қуролланган исёнчи гуруҳларнинг жангари бўлмаган, асосан логистик мақсадларда уларга хизмат қилувчи аъзолари, деб таснифлайди.
Надим, шунингдек, бошқа жиноятларда, жумладан, 2014 йилги сайловларга қатнашмасликка чақириб, плакатлар илганликда айбланган. У вақтда Надим 15 ёшда бўлган.
"Ўғлимни яхши биламан. У жангари эмас ва ноқонуний бирор ишга қўл урмаган. Мен ҳукуматдан ўғлимни озод қилишини ёлвораман", дейди Вани хоним.
Унинг эри Муҳаммад Ашраф Вани ўғли қамалган бир йил давомида уни бир марта кўрган, холос.
Надим 5 август куни бошланиб, кейинги бир неча ҳафта мобайнида ўтказилган хавфсизлик амалиёти чоғида қўлга олинган минглаб кашмирликлар орасида эди.
Сиёсатчилар, тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар, фаоллар ва бошқалар намойишлар ҳамда жангари гуруҳларга алоқадорлик даъвоси билан қўлга олинган, ҳибс этилган ёки уй қамоғига тиқилган.
Уч собиқ вазир қўлга олинганлар орасида эди. Улардан бири ҳамон қамоқда.
Ҳиндистон ва хорижда янграётган кескин танқидларга қарамай, ҳукумат қўлга олишлар жангари ҳаракатлар кучайган ҳудудда қонун ижроси ва тартибни таъминлаш учун зарур бўлганини таъкидлаб келади.

Кўпчилик, шу жумладан Надим ҳам, баҳсли "Жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун" (ЖХҚ) асосида қўлга олинган.
Бу қонун, шунингдек, расмий айблов эълон қилмасдан тутқунни 10 йилгача ушлаб туришга рухсат беради.
Амалиёт чоғида аниқ қанча кашмирлик қўлга олингани ёки қамалгани маълум эмас.
2019 йилнинг 20 ноябрида ҳукумат парламентга ўша йилнинг 4 августидан буён 5161 нафар одам эҳтиёт чораси сифатида қўлга олинганини маълум қилган.
Аммо улардан қанчаси ЖХҚ бўйича айблангани ва яна қанчаси қамоқда қолаётгани аниқ эмас.
"Йўқолганларнинг" ота‑оналари тузган ташкилот қўлга киритган маҳкама маълумотига кўра, 2019 йилда ЖХҚ бўйича қўлга олишлардан шикоят қилиб ёзилган 662 та петиция рўйхатга олинган. Уларнинг аксариси - 412 таси 5 августдан кейин ёзилган.
Би‑би‑си Кашмир полицияси Бош инспектори Вижай Кумардан ҳибслар ҳақида сўраганда, у "бундай нозик маълумотларни" беролмаслигини айтди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳуқуқ фаоллари бу ҳибслар ва тутиб туришлардан мақсад одамларда қўрқув уйғотишдир, демоқда.
"Овозини ўчириш учун одамларни қамашмоқда. Аксариси ЖХҚ бўйича қамалган. "Айримлари озод этилди. Шу билан қўрқув пайдо қилинди. Ҳукумат ҳеч бир кимса уйидан чиқиб, янги қонунга қарши норозилик билдира олмаслигини кафолатламоқчи", дейди Шринагардан ҳуқуқ фаоли Парвайз Имрўз.
Шринагардан журналист ва сиёсий шарҳловчи Хорун Реши унинг гапларини тасдиқлайди.
"5 августда катта воқеа бўлди ва бу воқеа ижтимоий норозилик келтириб чиқаришини давлат биларди. Давлат қарши овозларни эшитишни истамасди", дейди у.
Айни чоғда, озод қилинганлар қўлга олинган вақтларидаги туйғуларини гапириб бермоқда.
"Кашмирият" номли маҳаллий ахборот портали муҳаррири Қамар Замон Қози айрим твитларини "изоҳлаб бериш учун" полицияга чақилгандан бир неча кун ўтиб, қамоққа олинган.

Сурат манбаси, Mukhtar Zohoor
5 августдан аввал ҳудудда катта миқдорда ҳарбийлар тўпланди. Унгача ҳукумат нимани режалаётгани ҳақида бирор ишора бергани йўқ. Бутун амалиёт тамоман сир сақланди.
Жаноб Қози 26 июль куни қўшимча ҳарбий қўшинлар ҳаракати ҳақида ёзган эди.
Унинг ёзгани полиция назарига тушган ва келаси куни уни полиция идорасига чақириб, тутиб туришган.
8 август куни у Ҳиндистон бошқарувидаги Кашмир маркази бўлмиш Шринагардаги бош қамоқхонага кўчирилган.
"Кийимларимизни ечишни талаб қилишди. Аввалига қаршилик қилдик, аммо бари беҳуда эди", дейди у.
Жаноб Қозини қўшимча қилишича, у ерда унга ЖХҚ бўйича айб қўйилган.
Сўнг Уттар Прадеш штатидаги Брейлли марказий қамоқхонасига ўтказилган.
"Улар бизни ҳарбий учоққа чиқарар экан, биз урду шоири Файз Аҳмад Файзнинг қаршилик мадҳиясини куйлай бошладик.
Қаерда тутиб турилганини билолмаган Қозининг оиласи уни излаб, штат бўйлаб тўрт қамоқхонага боришди.
Уни топишлари учун нақ 52 кун кетди.
Яқинлари ниятларига етганда эса, у полиция идорасига чақирилганда кийган кўйлагида эди.
Туман судининг қарори билан қамоқдан озод қилингач, уйида менга ўша футболкасини кўрсатди. Увадаси чиқиб, йиртилиб кетган, 119 та тешиги бор эди.
"Энг ёмони, ҳар қанча сўрамай, қамоқда менга қоғоз ва қалам беришмади. Тўққиз ой давомидаги азоб‑уқубатларим, дардимни қоғозга туширмоқчи эдим", дейди у.
Шу ҳафта бошида, Қози ёзган ҳикояси учун яна бир бор тутиб турилди.
Расмийлар унинг оиласига душанба куни жорий қилинган комендантлик соати битгач, 6 августдан кейин кафиллик асосида уни чиқаришга ариза беришлари мумкинлигини айтишган.

Сурат манбаси, Mukhtar Zohoor
Штат бўйлаб минглаб оилалар ўз яқинларининг аҳволидан ташвишда, айниқса, пандемия зўрайиб турган бир маҳалда.
Улар орасида 2019 йил 8 августида полиция идорасида ҳозир бўлганча қайтмаган Васим Аҳмад Шайхнинг онаси ҳам бор.
Ўшандан бир кун аввал хавфсизлик кучлари ярим кечаси уни қидириб келишган эди.
У жангариларга ёрдам бериш ва хавфсизлик кучларига тош отганликда айбланган.
Васим ҳам Уттар Прадешдаги қамоқхонага тиқилган. Оиласи эса уни ҳали кўргани йўқ.
Онаси Сара Бегим ўғлига етишгунча Ковид‑19 уни ўлдириб қўйишидан қаттиқ қўрқаётганини айтади.
"Ўлсак, бирга ўлайлик. Суюкли фарзандимни 11 ойдирки кўрганим йўқ", дейди она кўзига ёш олиб.
"Ҳукуматдан ўғлимни озод қилмаса ҳам, ҳеч қурса қамоғини Кашмирга кўчиришини сўрайман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































