Дунё, янгиликлар: Қўлдан кетаётган мустақиллик, яна бир хавфли қўлга олиш ва чироқ ўчиб қолди

Сурат манбаси, AFP
Ҳиндистон Кашмир мустақиллигини чекламоқчи
Ҳиндистон ҳукумати ўз бошқаруви остига Кашмир ҳудудини махсус имтиёзлардан маҳрум қилиш тўғрисида қарор олгани хабар қилинмоқда.
Бундан бир ҳафта муқаддам Ҳиндистон ҳудудга минглаб ҳарбийларни юборган ва назоратни кучайтирган эди.
Ҳиндистон ҳукуматининг бундай кескин амалларига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум қолмоқда.
Жамму ва Кашмир Ҳиндистон штатлари ичида энг кўп мустақилликка эга бўлган ҳудуд ҳисобланади. Кашмир айнан шундай мустақиллик шарти билан Ҳиндистонга қўшилган эди.
Эндиликда, ҳудуд мустақиллигини тортиб олиш ортидан кенг кўламли норозилик ҳаракатлари ва зўравонликлар бошланиши кутилмоқда.
Кузатувчилар Ҳиндистоннинг ҳудудга қўшин жойлаштираётганига Кашмирда ўрнашиб олган жангари кучларнинг эҳтимолий фаоллашгани туртки бераётган бўлиши мумкинлигини айтади.
Ҳиндистон бундай кучларни қўллаб-қувватлашда Покистонни айблайди, аммо Покистон буни инкор этади.
Ҳар икки давлат Кашмирни тўлиқ бошқаришга даъвогарлик қилиб келади.
Эрон яна бир танкерни қўлга олди

Сурат манбаси, AFP
Эрон давлат матбуотида Форс Кўрфазида яна бир хорижий нефть танкер қўлга олинганини хабар қилмоқда.
Расмий Теҳрон берган маълумотларга кўра, Ироққа тегишли мазкур танкер «айрим араб давлатларидан» яширинча нефть олиб чиқаётган бўлган ва ундаги етти денгизчи ҳибсга олинган.
Ироқ нефть вазирлиги қўлга олинган танкерга алоқадор эмаслигини билдирмоқда.
Агар бу хабар тасдиқланса, Ироқ танкери Эрон эгаллаб олган учинчи хорижий транспорт воситасига айланади.
АҚШ томонидан Эроннинг нефть экспортига нисбатан жорий этилган санкциялар кучайтирилгандан бери Теҳрон кўрфаз сувларидаги танкерларга ҳужумлар уюштирмоқда ва уларни эгаллаб олмоқда.
Индонезия пойтахтида ярим кун чироқ ўчиб қолди

Сурат манбаси, EPA
Индонезия пойтахти Жакартанинг аксар қисми ва унинг атрофидаги шаҳарларда якшанба куни 12 соат давомида электр таъминоти узилиб қолган.
Оқибатда, ўн миллионлаб инсон қийинчиликка юз тутган. Жамоат транспорти ва алоқа ишдан чиққан.
Ҳолатга техник носозлик сабаб бўлгани маълум қилинган.
Ҳозирга келиб, электр таъминоти деярли қайта тикланган.
Трамп оммавий отишмаларни қоралаб чиқди

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган ҳафта АҚШда 24 соатдан кам вақт ичида икки алоҳида қонли оммавий отишма юз берган эди.
Натижада, 29 нафар инсон ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Президент Доналд Трамп отишмаларни қоралаб чиққан ва бундай ҳужумлар олдини олиш йўлида «ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлиги»ни эътироф этган.
Бироқ танқидчилар президентнинг ўзи ушбу муаммонинг бир қисми эканини таъкидламоқда. Шанба куни Техасда юз берган ҳужумда 21 яшар йигит мамлакатни «муҳожирлардан тозалашга» қарор қилгани маълум.
Жаноб Трамп эса ўзининг муҳожирларга қарши кескин фикрларидан билан танилган.
Расмий Тошкентнинг билдиришича, АҚШдаги отишмаларда жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ.
Олимлар: Ерни таҳқирлашни бас қилинг

Сурат манбаси, EPA
Бир гуруҳ олимлар инсониятни Ер юзига чексиз зарар етказаётганликда айблаб чиқди.
Уларга кўра, одамзод тупроқ қувватини тортиб олмоқда, саҳроларни кенгайтирмоқда, ўрмонларни йўқ қилмоқда ва ёввойи ҳайвонот оламига азоб келтирмоқда.
Олимлар ҳозирда мавжуд қишлоқ хўжалиги усулларини ҳам қаттиқ танқид қилган.
Улар ерларни деҳқончилик учун ўзлаштиришни камайтириш лозимлиги ва табиий ўсимликлар билан қопланган улкан ер майдонлари иқлим ўзгаришининг олдини олишда энг мақбул усуллардан бири эканини таъкидламоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek




























