Дунё, янгиликлар: Кашмир қамалда, Россияда йирик портлашлар ва яна бир мустақиллик даъвоси

Сурат манбаси, Getty Images
Кашмир дунёдан узилганча қолмоқда
Ҳиндистон ўз назорати остидаги Кашмир ҳудудини автономия ҳуқуқидан айриганидан бир кун ўтиб, норасмий қамал ҳолати бекор қилинмаган.
Якшанба куни ёпилган йўллар қайта очилмаган ва ўчирилган интернет ҳамда мобил алоқа ҳали тикланмаган.
Бундан ташқари ҳукумат ўн минглаб аскарни ҳам ҳудудга киритган эди.
Мустақилликнинг тортиб олиниши кашмирликлар томонидан жиддий норозилик ҳаракати билан кутиб олиниши тахмин қилинган эди, аммо ҳозирда ҳудуд аҳолиси ушбу хабарга нисбатан қандай муносабат билдиргани номаълумлигича қолмоқда.
Россияда портлашлар

Сурат манбаси, Reuters
Красноярск ўлкасида жойлашган ҳарбий база ҳудудидаги қурол-яроғ омборига ўт кетиши натижасида кучли портлашлар юзага келган. Портлашлар кун бўйи давом этган.
Ушбу омборда 40 мингдан зиёд артиллерия снаряди сақлангани айтилмоқда.
Портлаш оқибатида 15 километр радиусга снаряд парчалари келиб тушган.
Ҳарбий база атрофидан 20 километрга тенг радиусдан минглаб одамлар фавқулодда хавфсиз жойга кўчирилган.
Ҳарбийлар портлашга туртки берган ёнғин сабаби ҳозирча номаълум эканини айтмоқда.
АҚШ Хитойни валюта курсини манипуляция қилишда айблади

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Хитойни расман «валюта манипулятори» дея эълон қилди. Ушбу хабар юаннинг долларга нисбатан қадри кескин тушиб кетган бир вақтда чиқмоқда.
АҚШ Молия вазирлиги «халқаро савдода адолатсиз устунликни қўлга киритиш мақсадида» ўз валютаси ва доллар ўртасидаги айирбошлов курсига атайин таъсир ўтказган давлатларни «валюта манипулятори» деб атайди.
Америкалик расмийларга кўра, Хитой ўз миллий валютасининг долларга нисбатан қадрини тушириш орқали экспорт товарлари нархларини камайтиришга эришишни кўзламоқда.
Шотландлар яна мустақиллик истамоқда

Сурат манбаси, PA Media
Буюк Британия янги Бош вазири Борис Жонсоннинг Шотландияга ташрифидан сўнг ўтказилган сўровнома орқали шотландларнинг аксарияти ҳали ҳам ўз мамлакатини мустақил кўришни исташи маълум бўлган.
Сўровномада иштирок этганларнинг 47 фоизи келаси икки йил ичида мустақиллик тўғрисидаги референдумнинг қайта ўтказилишини ёқлаши, 52 фоиз одам эса бундай референдумда мустақиллик учун овоз беражагини билдирган.
Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стержень бундай сўровнома натижаларидан сўнг Борис Жонсон қайта референдум ўтказишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган.
Қонунчиликка кўра, Шотландия Буюк Британия ҳукумати ижозат берган тақдирдагина референдум ўтказишга ҳақлидир. Бироқ Бош вазир Жонсон бунга розилик билдирмаслиги тахмин қилинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























