You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Хитой, Уйғурлар: Бир қўлда кишан, бир қўлда камера - бедарак кетган уйғур модел видеоси - Xitoy, Uyg'urlar
Мардон Ғаппор камералар қаршисига кўп бора чиққан.
Хитойнинг чакана савдо гиганти "Таобао"га моделлик қилган 31 яшар уйғур йигит бренд кийим-кечаклар рекламасида ўзининг ўктам кўринишини дастаклаш учун етарли даражада яхши маош олган.
Аммо Мардоннинг охирги видеоси олдингиларидан фарқли. (Видеони Тошкент вақти билан соат 20:30 да томоша қилишингиз мумкин)
Унда ялтир-юлтур студия ва ҳашаматли шаҳар кўчалари ўрнига кулранг девор ва пўлат пардали ғариб хонани кўриш мумкин.
Ва модел йигит камерага қараш ўрнига ғамгин алфозда жим ўтиради.
Ўнг қўли билан камерани ушлаган Мардон ўзининг афтода кийимлари, шишган тўпиқлари, чап қўлини хонадаги ягона мебел - темир ётоққа михлаган кишанни суратга олган.
Уйғур ўзлиги
2009 йилда Мардон Ғаппор ўша вақтдаги кўпчилик уйғурлар сингари Хитойнинг шарқдаги бойроқ шаҳарларидан имкон қидириб, Шинжондан чиқиб кетади.
Шинжон Санъат Университетида рақсдан таҳсил олган уйғур йигит аввалига раққослик қилади, кейинроқ эса Хитой жанубидаги Фошан шаҳрида моделлик карьерасини бошлайди.
Дўстларининг айтишича, ўша пайтлар Мардон кунига минг долларгача топган.
Унинг ҳаёт ҳикояси Хитойнинг суръат билан ўсиб бораётган иқтисоди ва Президент Си Цзиньпиннинг "Хитой ҳаёли" рекламасига ўхшайди.
Аммо мусулмон туркий халқ бўлган ва Марказий Осиё билан яқин маданий алоқаларга эга уйғурларга Хитойнинг коммунист раҳбарлари томонидан шубҳа билан қаралган ва Хитой жамияти томонидан камситиб келинган.
Мардон Ғаппор қариндошларининг айтишича, унга агар уйғур ўзлигини кўрсатмай, ўзини "ярим европалик" сифатида тақдим қилса, моделлик карьераси учун яхши бўлишини маслаҳат берганлар.
Янги далиллар
Би-би-сига тақдим этилган Мардон Ғаппорнинг видеоси ва у юборган SMS-хабарлар Хитойнинг қаттиқ қўриқланадиган ва махфий ҳибсхоналар тизими ҳақида биринчи қўлдан олинган ноёб маълумотлардир.
Қийноқ ва инсон ҳуқуқларини поймол этиш иддаоларига қўшимча Мардон Ғаппорнинг гувоҳлиги яна бир жиҳати билан аҳамиятли.
Хитойнинг қайта тарбиялаш марказлари ёпилди, деган баёнотларига қарамасдан, охирги видео ҳамон катта сондаги уйғурлар айбсиз-маҳкамасиз қамоқ-лагерларда ушлаб турилганини кўрсатмоқда.
У шунингдек, уйғур жамоасига мисли кўрилмаган даражада руҳий босим ўтказилаётганини ҳам кўрсатади.
Мардон Ғаппор суратга туширган ҳужжатда 13 яшар болаларни "пушаймон ва таслим бўлиш"га чақирилади.
Бундан ташқари Шинжонда коронавирус ҳоллари кўпайиб бораркан, видеода тасвирланган ҳибсхонадаги тиқилинч ва антисанитар ҳолатлар глобал пандемия даврида уйғурларнинг қандай хавф билан юзма-юз келаётганидан огоҳлантиради.
Сукут
Би-би-си Хитой Ташқи ишлар вазирлигига ҳар бир ҳолат бўйича батафсил сўров юборди, аммо ҳеч қандай жавоб олгани йўқ.
Мардон Ғаппордан беш ойдан буён хабар ололмаётган оиласи у ҳибсхонада олган тўрт дақиқалик видеони эълон қилиш Мардон учун қанчалик хавфли эканини яхши англайди.
Аммо улар бу Мардон ва уйғурлар тақдирига дунё эътиборини қаратиш йўлида ўзларининг сўнгги умидлари эканини айтишмоқда.
Унинг ҳозирда Нидерландияда яшаётган амакиси Абдулҳаким Ғаппор видео тасвирлар Америкада Жорж Флойднинг ўлими ирқий камситишга қарши кучли рамзга айлангани каби таъсир уйғотиши мумкинлигига ишонади.
"Уларнинг ҳар иккиси ҳам ирқлари учун таҳқирланган. Аммо Америкада одамлар ирқчиликка қарши овозларини кўтара олгани ҳолда, бизнинг тақдиримиз ҳақида сукут сақланмоқда", дейди у.
Охирги бир неча йил мобайнида қўлга киритилган далиллар Хитой Шинжондаги 1 миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқ-лагерларида куч билан ушлаб турганига ишора қилмоқда.
Хитой улар лагерлар эмас, балки экстремизмга қарши таълим марказлари эканини айтиб келади.
Минглаб ёш болалар оилаларидан ажратилган ва яқинда эълон қилинган тадқиқотда айтилишича, уйғур аёллар туғилишни назорат қилиш мақсадида бичилмоқда.
Би-би-си мухбири Жон Садворт лавҳаси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek