Бугунги Хитой: Уйғур фаоллари Хитой ҳукуматини қийноқ қўллаётгани учун Ҳалқаро Жиноят Маҳкамасига тортмоқчи - дунё, янгиликлар

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Би-би-си мухбири Гэбриел Гейтҳоуснинг махсус видеолавҳасида Хитой ҳукуматининг уйғурларга нисбатан қаттиққўл сиёсати ҳақида сўз боради.

"Аввал жамлоқлар ҳақида эшитдик.

Қамоққа ташланган ва мияси ташвиқотга тўйинтирилган юз минглаб инсонлар.

Кейин эса қийноқлар,зўравонликлар, мажбурий меҳнат ва аёлларни бичиш ҳақида хабарлар тарқай бошлади.

Пекин бу жамлоқларни касб-ҳунар марказлари деб атайди.

Бир гуруҳ уйғурлар эса қатлиом ва инсониятга қарши жиноят айбловлари тилга олинган арзнома билан Халқаро Жиноят Маҳкамасига юзланди.

Ҳуқуқшунослар жиддий далиллар, жумладан, яқинда маълум бўлган ҳужжатлар ва Шинжонда ўрнатилган зулмкор тузумни татиб кўрган ва, энг муҳими, қолганларни мавжуд вазиятдан бохабар этишга муваффақ бўлган инсонларнинг гувоҳлик кўрсатмаларига таянишларини айтадилар.

Ўтган йили Хитой ҳукумати Би-би-сидаги ҳамкасбларимизга ноёб имконият берганида, улар журналистларга уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар радикалликдан фориғ этиладиган, ҳунар ҳамда тил ўрганадиган бахтиёр масканни кўрсатишга уриндилар.

Бироқ ичкарида бўлган инсонлар мутлақо ўзгача манзара ҳақида ҳикоя қиладилар. Бу манзарада Ислом динининг «даҳшати» ва партиянинг қадрияти борасидаги адоқсиз ташвиқот дарслари, тартибни бузганлар аёвсиз жазога тортиладиган муҳит тасвирланади.

Зумрад Довуд: Оғриқдан Худо дедим, "бор, чақир Худоингни, келиб сани қутқарсин" деб яна урди...

Зумрад Довуд шундай ҳикоячилардан бири. Ҳозирда Америкада омонликда яшаётган Зумраднинг ҳикояси 2018 йилда Шинжондаги полиция маҳкамасига чақирилиши ортидан бошланган.

Терговдан сўнг у ҳибс марказига олиб кетилган.

"У таёқ билан мени уриб, белимга тепди. Бошқа аёллар қичқирар, тўхташини сўраб, ёлворарди. Бироқ у мени калтаклашда давом этди. Шунда "Эй, Худо, девордим. У бўлса, «Худойингни чақир, агар қудратли бўлса, сени қўлимдан қутқариб олсин", деди..."

Зумрад аёлларга ҳар икки ҳафтада укол қилишарди, ҳар куни номаълум дорини ичишни мажбурлашарди, дейди.

"Бу дориларни ичгандан кейин ҳушимизни йиға олмасдик. Ташқарида қолган яқинларимиз ҳақида ўйлолмасдик. Уйда беш яшар қизим қолганди. Жуда ширин қизча эди. Ичкарида бўлса, у ҳақида ўйлаш ҳаёлимга ҳам келмасди. Отам, эрим ва уч фарзандим ҳам эсимга тушмасди. Ягона ташвишим эртанги кунни тирик кутиб олиш эди. У ерда икки ой умрим шу тарзда ўтди".

Шинжонга кириш қатъий назорат қилинади.

Ташқи дунё билан алоқа эса жиддий кузатиб борилади. Шу сабабдан жамлоқларда сақланаётган инсонлар сони аниқ эмас. Тадқиқотчилар бу рақам бир миллион ортиқ эканини тахмин қилади.

Зумрад Довуднинг икки ойи шу жамлоқлардан бирида ўтган.

Бироқ унинг озодликка чиқиши яхши янгилик билан бошланмаган - аёл Хитойнинг «бир оилага икки фарзанд» сиёсатида белгиланган чекловни бузган эди. У жаримага тортилган.

Сўнг уни бепул бичиладиган аёллар рўйхатига ёзиб қўйишганини айтганлар.

Даҳшатга тушган Зумрад касалхонада бичиш жараёнини бошдан кечирган.

Кўзини очганда эса, ўзини палатада - бошқа аёллар қаторида кўрган.

«Атрофга алангладим. Аёллар азобдан инграр эди. Ярим соатча вақт ўтгач, мен қорнимда қаттиқ оғриқни сездим. Бошқалар каби додлай бошладим. У оғриқ азобини сўз билан тасвирлаб бўлмайди».

Аёлларни мажбурий бичиш

Бу кўргилик фақат Зумраднинг бошига тушмаган. Ўтган ойда эълон қилинган янги тадқиқот натижаларида таъкидланишича, Шинжонда кўплаб аёллар мажбуран бичилмоқда ёки уларнинг танасига контрасептик воситалар ўрнатилмоқда.

Хитой масалаласида мутахассис Адриан Зенсга кўра, бу ҳомиладорликнинг олдини олиш учун қилинади.

"Бу ҳомиладорликнинг олдини олиш йўли. Жараён уч жиҳатга асосланади, деган бўлар эдим: биринчиси, туғилишни назорат қилиш тартибини бузган аёлларга нисбатан қаттиққўл жазолар ва уларни намойишкорона ҳибсга олиш. Иккинчиси, аёллар бачадонига махсус воситалар жойлашга қаратилган кенг кўламли ҳаракат. Ва учинчиси, 2019 йилда Уйғуристондаги икки ҳудудда кузатганимиз туғиш ёшидаги барча аёлларнинг 14 дан 34 фоизигача бўлган қисмини оммавий равишда мажбуран бичиш дастури".

Тадқиқотчилар Зумраднинг агар одамлар бичилишга рози бўлмаса, ҳибсга олиниш таҳдиди остида қолаётгани борасидаги иддаоларини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар.

Булар махфий ҳужжатлар эмас. Маҳаллий ҳукумат вебсайтларида омма учун очиқ турибди.

Хитой ҳисоботда келтирилган даъволарни асоссиз, дея атаган.

Шунга қарамай, далиллар ва Зумрад ҳамда бошқаларнинг гувоҳликлари Халқаро Жиноят Маҳкама прокурорларини ҳолатни ўрганиш ва юқори рутбали хитойлик расмийларга нисбатан айбловларни илгари суришга ундаш йўлида фойдаланилади.

Аммо муаммо шундаки, Хитой Рим статутини имзоламаган, шунингдек Халқаро Жиноят Маҳкама аъзоси ҳам эмас. Бироқ мазкур масалани ўрганаётган ҳуқуқшунослар айрим жабрдийдалар Хитой томонидан халқаро маҳкамага аъзо бошқа давлатлардан мажбуран қайтариб келинмоқда, шу сабабдан Халқаро Жиноят Маҳкамаси бу масалани кўриб чиқиш ваколатига эга, дейдилар.

Бичилишдан сўнг Зумрад ва унинг оиласи Шинжондан қочиб чиқиб, АҚШга келишга муваффақ бўлган.

У БМТда ўз бошидан кечирганлари, ватанида мислсиз оқибатларга сабаб бўлиши мумкин бўлган қарори тўғрисида очиқ сўзлаб берган.

Уйғурлар ватанда бўладими ё сургунда - аянчли танловлар билан юзлашмоқдалар. Эҳтимол, жаҳондаги энг қудратли давлат билан рўбарў келганда эса, Халқаро Жиноят Маҳкамасидан адолат излаш ҳам катта бир таваккалга қўл уриш билан баробардир".

Мавзуга алоқадор видеолар ва мақолалар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek