You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ҳам зиёрат ҳам тижорат - Умра ҳам монополиями?
Би-би-сига мурожаат қилган Vast Travel масъулияти чекланган жамияти директори Мансурбек Расулжонов хусусий турфирмалар ўзбекистонлик мусулмонларни Ҳаж ва Умра зиёратларига жўнатишда дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида гапириб берди.
Расулжоновга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли («Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида) қарорида хусусий турфирмаларнинг Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкиллаш ва амалга оширишига нисбатан бирор тақиқ қўйилгани борасида сўз бормаслигига қарамай, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хусусий секторнинг зиёрат туризми билан шуғулланиш имкониятидан фойдаланишига «тўсқинлик қилиб келмоқда ва бу соҳани ўз монополиясига айлантириб олган».
2013-2016 йиллар давомида БАА ва Дубайда туризм соҳаси билан шуғулланганини билдирган Мансурбек Расулжонов Ўзбекистонда Vast Travel масъулияти чекланган жамиятига асос солгани ва бу фирма Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазирлиги рўйхатидан ўтган мамлакатдаги биринчи турфирмалардан эканини иддао қилади.
Расулжонов Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг тегишли сертификат ва лицензиясига эга бўлган Al-Safir ширкати билан ҳамкорлик ўрнатгани ва бу ҳамкорлик асосида ўзбекистонлик зиёратчилар учун Умра визаларини олиб беришга уриниши чоғида дуч келган тўсиқлар ҳақида сўзлайди.
Тақиқланмаган, лекин рухсат ҳам этилмаган
Тадбиркор зиёратчиларга Умра визасини олиб бериш йўлида барча зарурий ҳужжатларни йиғиб, Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилганда, элчихонанинг консуллик бўлими оғзаки равишда "Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка биноан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатисиз хусусий турфирмалардан виза учун керакли ҳужжатларни қабул қила олмасликлари"ни билдирганини таъкидлайди.
"Халқаро шартномалар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли давлатларнинг элчихоналари томонидан тасдиқланиши керак. Биз Al-Safir ширкати билан ҳамкорлик шартномамизни тасдиқлаб беринглар, деб Саудия Арабистонининг элчихонасига мурожаат қилганимизда, элчихона Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали Дин ишлари бўйича қўмитадан Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли қарорига асосан хат келгани ва унда хусусий турфирмаларга Умра зиёрати билан шуғулланишга рухсат берилмаганини айтди.
Ваҳоланки, Дин ишлари бўйича қўмитанинг турфирмалар фаолиятига алоқадорлик жойи йўқ", дейди Расулжонов.
Мансурбек Расулжонов айни масалада амалий кўмак беришини сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилганда, вазирлик ўзининг асосий вазифаларидан бири зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан визалар расмийлаштирилишида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига амалий ёрдам кўрсатиш экани ва бу борада Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Мусулмонлар идорасига мурожаат қилишни тавсия этганини айтади.
"Дин ишлари бўйича қўмитага Саудия Арабистони элчихонаси билдиришига кўра, биз учун зарур ҳамкорлик шартномамизни сизлар тасдиқлашингиз керак экан, деб мурожаат қилдик. Бироқ қўмитадан 364-сонли қарорда ўрнатилган тартиб бўйича Умра зиёрати билан шуғулланиш турфирмалар фаолияти доирасига кириш-кирмаслиги тўғрисида бизда маълумот йўқ мазмунидаги жавобни олдик".
"364-сонли қарорга илова қилинган Низомда, ҳақиқатан, Ҳаж ва Умра зиёратлари масаласидаги турфирмаларнинг ўрнига изоҳ берилмаган. Биз бу борада маслаҳат сўраб юристларга мурожаат қилганимизда, улар, аслида, турфирмаларга бундай зиёратлар билан шуғулланишга рухсат бериш Дин ишлари бўйича қўмитанинг ваколатига кириши, лекин қўмита ўзидаги бу ваколатдан фойдаланиб кўрмагани туфайли ҳам хусусий фирмалар фаолиятига тўсқинлик қилаётганини айтдилар", давом этади Расулжонов.
Монополия?
Расулжоновнинг иддао қилишича, юридик ва мантиқий жиҳатдан бир давлат фуқароларининг бошқа бир давлатга яшаш, ишлаш ва ўқиш каби мақсадлардан ташқари шунчаки саёҳат учун чиқишида амалий ёрдам кўрсатиш турфирмаларнинг ваколатига киради.
"Умра ҳам, умумий олиб қараганда, саёҳат. Одамлар бир неча кунга бошқа давлатга бориб келади. Мантиқан олиб қаралса, турфирмаларнинг одамларни Умра зиёратига жўнатишида тўсқинлик бўлмаслиги керак", таъкидлайди у.
Мансурбек Расулжонов амалдаги қонунчиликда турфирмаларнинг Умра зиёратларини ташкил этилишидаги ўрнига бирор изоҳ берилмагани, яъни хусусий фирмаларнинг одамларни зиёратга юборишига на тақиқ қўйилмагани, на рухсат берилмаганига қарамай, Дин ишлари бўйича қўмита бу соҳа билан шуғулланишдаги «ўз монополиясидан воз кечиш»ни истамаётганини айтади.
"Биз давлат идораларига кўп бор мурожаат қилдик, вазиятга ойдинлик киритишларини сўрадик. Ташқи ишлар вазирлиги турфирмаларнинг Умра зиёрати билан шуғулланишига рухсат бериш Дин ишлари бўйича қўмита ваколатига киришини айтса, қўмита бизда бундай ваколат йўқ, демоқда. Ҳамма масъулиятни ўзидан соқит қилишга ҳаракат қиляпти.
Ўтган йили диний қўмитадан "биз Ҳаж ва Умра зиёратини мукаммал даражада ташкиллаштиряпмиз, хусусий фирмаларга эҳтиёж йўқ, деган мазмунда хат олганмиз", қўшимча қилади суҳбатдош.
Мансурбек Расулжонов бундай тўсиқлар туфайли Ўзбекистон турфирмалари қонунни бузмаган ҳолда учинчи давлатлар турфирмаларидан зиёратчилар учун Умра визалари расмийлаштираётгани, аммо бундай усул одамлар учун анчайин қиммат тушаётгани ҳақида гапиради.
'Огоҳлантиришэ
Бироқ у бундай ишлар билан шуғулланаётган турфирмалар жорий йилнинг бошида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан оғзаки огоҳлантирилганини ҳам қўшимча қилади.
"2019 йилнинг февраль ойида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси орқали турфирмалар чақирилиб, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси, Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида мажлис бўлиб ўтди. Мажлисда турфирмаларга шу кунга қадар одамларни Умрага юбориш билан шуғулланишингларга кўз юмиб келдик, энди ўзинглардан билиб бас қилинглар, қабилидаги оғзаки огоҳлантириш берилди".
Мансурбек Расулжонов огоҳлантиришга асос сифатида хусусий турфирмалар Умрага юборган одамларнинг йўқолиб қолаётгани, зиёрат вақтида зарурий тиббий хизматдан фойдаланишда қийинчиликларга учраётгани, шунингдек, турли радикал кайфиятли одамлар таъсирига тушиб қолаётгани важ қилиб кўрсатилганини маълум қилади.
Расулжоновга турфирмалар фаолиятига бундай тўсиқлар мавжуд бўлган бир пайтда, Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси мусулмонларни Умра зиёратига юборишни етарлича ташкил эта олмаётганини айтади.
«Бу йилги Умра мавсуми 31 августда бошланган. Биринчи визалар шу куни чиқишни бошлаган. Учинчи давлатлар орқали виза қилдирган салкам минг нафарга яқин ўзбекистонликлар ҳозир Умрада юрибди. Бироқ октябрь ойи тугаяптики, Ўзбекистоннинг ўзидан ҳаракат қилган одамларга виза ҳали чиқмаган. Диний қўмита бу ҳолатни изоҳламаяпти, Умрага юбориш вақтини ортга суриб юрибди», сўзлайди Расулжонов.
«Қўмита, аввалига, 20 сентябрда Умра мавсуми бошланишини билдирди. Кейин Умрага учувчи рейслар 30 сентябрь, 10 октябрь, 21 октябрга қолдирилди. Ҳозирги рейслар 14 ноябрга белгиланган. Агар яна қолдирилмаса», давом этади у.
14 ноябрь куни эса Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекистонликлар учун Умра мавсуми бошлангани ва 230 нафардан иборат дастлабки зиёратчилар гуруҳи Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига юборилганини эълон қилди.
Расулжонов агар хусусий турфирмаларнинг Умра зиёрати билан шуғулланиши йўлида бундай ғовлар бўлмаса, ўзбекистонлик мусулмонлар ҳеч қандай қийинчилик ва бошоғриқларсиз Умрага осон ҳамда арзон усулда бориб кела олишини иддао қилади.
Махсус баёнот
Би-би-си Мансурбек Расулжонов илгари сурган даъволар бўйича Дин ишлари бўйича қўмитага мурожаат қилди. Мурожаатдан 20 кундан зиёдроқ вақт ўтиб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида Дин ишлари бўйича қўмитанинг махсус баёноти эълон қилинди.
"Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қатор сайёҳлик фирмалари томонидан муқаддас Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича турли рекламалар кўпайиб бормоқда. Шунингдек, айрим эълон қилинаётган «буюртма» мақолаларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига турли туҳматлар ёғдирилмоқда" жумлалари билан бошланган баёнотда «Умра ва Ҳаж зиёратларини ташкил этиш, бошқариш ва амалларни ҳанафийлик мазҳаби асосида мукаммал адо этиш бўйича ягона ваколатли ва масъул ташкилот Ўзбекистон мусулмонлари идораси», дейилади баёнотда.
Унда шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра ва Ҳаж тадбирларидан иқтисодий манфаат кўрмаслиги алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистонда Умра тадбирларини ташкиллаштириш сифати йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини билдирган қўмита иқтисодий манфаатларни кўзлаган «ўртакашлар» пайдо бўлганини маълум қилади.
"Аммо охирги йилларда умра тадбирини ташкил этиш мақсадида диний зиёратларни ташкил этишга ваколати ва диний соҳага алоқаси бўлмаган «ўртакашлар» ушбу амалиёт билан шуғуллана бошлаган. Сабаби, ушбу фаолият сезиларли молиявий инвестицияни талаб этмайди, бу соҳа рекламага муҳтож эмас ва мунтазам даромад манбаини ташкил этади. Шунинг учун ҳам айримлар гўёки халқимиз учун хизмат қилиш даъвосида ўз манфаатини ўйлаб, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасини «монополия»да айблаб, тош отмоқда...", деган сўзлар кўзга ташланади баёнотда.
Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита хусусий турфирмалар Ўзбекистон фуқаролари учун Умра визаларини учинчи давлатлар орқали ноқонуний расмийлаштираётгани, улар таклиф этаётган саёҳат дастурларида тиббий хизмат, ҳуқуқий ҳимоя таъминланмагани ва диний амалларни тўлақонли бажарилишида нуқсонлар мавжудлигини айтган.
"Шуни афсус билан қайд этиш керакки, баъзи «тижоратчиларнинг» пул кетидан қувиши натижасида фуқароларимиз учун муқаддас ҳисобланган Ҳаж ва Умра ибодатларини ташкил этишда ҳам фирибгарлик ҳолатлари аниқланди ҳамда бир нечта шахслар устидан шикоят аризалари кўриб чиқилмоқда", дейилади қўмитанинг махсус баёнотида.
Би-би-сининг саволларига билвосита қайтарилган жавоб экани англашилган ушбу баёнотда Дин ишлари бўйича қўмита Умра зиёратини ташкиллаштиришдаги ўз ўрни ва хусусий турфирмалар фаолиятига нисбатан муносабатини қисқача изоҳлаб ўтган бўлса-да, бу соҳанинг хусусийлаштирилиши масаласи юзасидан қарашларини изҳор этмагани кўринади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek