Дунё: Қашшоқ америкаликлар ҳисобига бойиётган руҳонийлар ким?

    • Author, Вики Бейкер
    • Role, BBC News
  • Published

Пўрим кийиниб, қўлида Инжил кўтариб олган насроний миссионер Тодд Кунтз ҳар сафар телевидение орқали томошабинларга мурожаат қилганда бир жумлани қайта-қайта такрорлайди: «Пул беришни кечиктирманг!»

Насроний телеканаллар орқали чиқадиган Кунтз молиявий саводхонлиги етарли бўлмаган ва руҳий тушкунликка берилиб қолган диндорлар чўнтагидан қандай пул чиқариб олишни яхши билади.

У ўзини Худо юборган молиявий етказувчи ўлароқ таништиради ва пулларни «уруғ» деб атайди.

Унинг иддао этишича, агар телетомошабин битта «уруғ» экса, у униб-ўсиб, яна ўзига кўпайиб қайтиб келади.

Илоҳий уруғ

2011 йилда Ларри Фердетте ҳам ана шундай «ҳосилдор уруғ» экишга қарор қилади. Унинг қурилиш бизнеси деярли касодга учраган, қизи оғир хасталикка дучор бўлган, ўзининг соғлиғи ҳам жойида эмас эди.

Ўлганнинг устига тепгандек, тирикчиликни юритиб турган икки машинаси ҳам таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Машиналар савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий олиб-сотарлар унинг эски улови учун атиги $600 таклиф этадилар. Бу пул йиғилиб қолган қарзлар ва тирикчилик ташвишларини енгиб ўтишга умуман етмас эди.

Шу вақт Ларрининг ҳаёлига телечиқишлар орқали тинмай илоҳий сармоя киритишни таклиф қиладиган руҳоний Кунтз келади. Ларри тиши ковагида асраб келаётган охирги чақаларини Яратган йўлида таваккал сарфлашдан бошқа чора ўйлаб топа олмайди.

Кунтз ўз чиқишларида бир гапни кўп қайтарар эди: «Худо кунлардан бир куни менга ҳаётий мўъжиза сирини очди - икки, етти ва уч рақамларини айтди.»

Бундай иддао билан Кунтз содда диндорларни $273 ёки $333 миқдорида эҳсон қилишга чақирар эди. Бироқ руҳонийнинг ўзи, эҳтимол тасодифий равишда, ушбу «илоҳий» рақамларга амал қилмасди: у $1.38 миллионли ҳашаматли уйда яшар эди.

Шу тариқа ҳаёт қийинчиликларидан боши берк кўчага кириб қолган Ларри черковга бориб, сўнгги жамғармасини $273 ва $333 миқдордаги эҳсонга сарфлайди ва пуллари тез орада кўпайиб қайтиб келишидан умид қилганча, яшашда давом этади.

Бойлар Худо билан бевосита алоқада

Бугун у қадар тилларда достон бўлмасада, телемиссионерлар 1980-1990 йилларда кабель каналлар орқали америкалик томошабинларни эътиборини забт этган эди.

Матбуот бахт ва бойлик ваъда қилувчи айрим фирибгар-руҳонийларни фош этиши ортидан одамларда миссионерларга нисбатан нисбий ишончсизлик пайдо бўлган. Бироқ миссионерлар ҳеч қаерга йўқолмаган - уларнинг баъзилари ижтимоий тармоқларда ўз даъватини давом эттира бошлаган, айримлари, ҳатто, янада бойиган.

Илоҳий фаровонликдан ваъда берувчи руҳонийлар одамлар онгига соғлик ва бойлик Худо томонидан назорат этилади, деган ишончни сингдиришга ҳаракат қилади.

Тақводорлар эса ўз ишончини тўловлар орқали исботлашга рағбатлантирилади.

Бадавлатлик эса Худо билан тўғридан-тўғри алоқа ўрната олганларга берилишига ишонтирилади. Шундай қилиб, экилган «уруғлар» кун келиб сархил мева бериши тўғрисидаги ақида эътиқодли одамлар онгига сингдирилади.

Агар «уруғ» ҳеч қачон униб чиқмасачи? Бундай ҳолатларда руҳонийлар авомга уларнинг эътиқоди мустаҳкам эмаслиги ёки яширин гуноҳга қўл урганини таъкидлайди.

Ларри ўзининг мисолида қўшнилари берган совғалар ёки рафиқаси Дарсининг қўшимча иш олишини берган «ҳосилдорлик эҳсони»нинг кичик нишоналари ўлароқ кўради.

У ўтган йиллар ичида $20 мингни эҳсон сифатида сарфлаганини тахмин қилади.

Бироқ Ларрининг ҳаёти ўзи кутганидек кескин яхшиланмайди.

Бугунги кунда Ларри ва Дарси Алабамадаги мўъжаз шаҳарчада кун кечирмоқда. Улар яшаётган хонада битта стол ва тўртта ўриндиқдан бошқа нарса кўзга ташланмайди.

«Яшаш осон эмас, аммо биз шукур қиламиз,» дейди Ларри хушхон оҳангда.

Музлатгичимиз овқатга тўла, бизни суядиган икки мушугимиз бор. Рафиқам ишлаяпти, мен ногиронлик нафақаси оляпман.»

Бир вақтлар гиёҳвандликка берилиб қолган Ларрининг бундай салбий одатдан қутилишга уриниш чоғларида диний ишончи ортиб борган.

Сўнг у «ҳақ насроний йўли»дан боришга қарор қилган ва черков йиғинларига қатнай бошлаган.

У руҳонийларнинг оташин нутқларига «маҳлиё» бўлиб қолгани ҳақида сўзлайди.

Ларри, ўзи оғир аҳволда бўлса ҳам, бераётган эҳсонларининг савобли йўлда сарфланаётганини ўйлаб, хурсанд бўлар эди.

Бизга пул беринг, лекин биз сизга бермаймиз...

2013 йилда Ларрининг ўзи ёрдамга жуда муҳтож бўлиб қолади. Қизининг соғлиги ҳаддан зиёд ёмонлашади. Ноилож ота ўзи йиллар давомида эҳсон бериб келган бир неча черковлардан кўмак сўраб, мактуб йўллайди.

Уларга қизининг ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам қўлини чўзишни ўтинади.

Черковлардан бирин-кетин жавоблар кела бошлайди - уларнинг барчаси рад жавоблари эди.

«Черковимизда ижтимоий ёрдамларга қўйилган чеклов сизга ёрдам қўлини чўзишимизга имкон бермайди,» қабиладаги баҳоналарни эслайди Ларри.

2014 йил ёзига қадар Ларри ва Дарси барча пулларини ишлатиб бўлади. Борини сотиб, қизларининг муолажаларига сарфлашади. Эр-хотин уйсиз қолиб кетади. Ларри Яратган йўлида шунча эҳсон қилганига қарамай, бошига нега бундай кунлар тушаётганини билолмай, гаранг эди.

Орадан бир йил ўтиб, ҳаммаси равшанлашади. Арзон ётоқхонада маҳаллий ҳажвий-танқидий телеянгиликларни томоша қилиб ўтирган жуфтликнинг кўзи одамларни лаққа тушириб, ўзи ақл-бовар қилмас бойликка эришаётган руҳонийлар тўғрисидаги хабарга тушиб қолади.

Улар хабарда тилга олинган барча шахсларни яхши билар эдилар.

Эртаси куни жуфтлик руҳонийларнинг асл қиёфасини яқиндан билиш мақсадида маҳаллий кутубхонага боради. Улар архив ҳужжатларини титкилаб, фирибгар-руҳонийлар ҳақидаги хабарни тайёрлашга кўмаклашган Тринити Фонди номли ташкилотга дуч келадилар.

Ларри ташкилотга сим қоқади. Гўшакни кўтарган эркак унинг сўзларини диққат билан тинглайди ва Ларри номини тилга олган барча руҳонийларни яхши билиши, Тринити Фондида уларнинг бойлиги тўғрисида ҳам маълумотлар борлигини билдиради.

Шу тариқа Ларри йиллар давомида фирибгарларни бойитиб келганини англаб, даҳшатга тушади.

Фирибгарларни фош этишга бағишланган умр

Тринити Фонди 1970 йилларда Оли Антони томонидан ташкил этилган эди.

Собиқ истихборот зобити, сиёсатчи ва бизнесмен бўлган Оли тўсатдан бойликдан воз кечиб, ўзини Исо Масийҳга бағишлайди.

Оли Инжил номи билан ҳаёт ташвишларидан чиқиб олиш илинжидаги содда одамлар чўнтагидан сўнгги чақани ҳам суғуриб олишни кўзловчи телемиссионерлар урчиб кетаётганини кўриб, уларга қарши ҳаракат бошлашга қарор қилади.

Оли телеканаллар уюшмасига мурожаат этади, аммо улар диний ғавғога аралашишни истамайди. Маҳаллий ҳуқуқшунослар эса руҳонийлар амалларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслигини таъкидлайди. Матбуот бундай фирибгарлик схемасини тадқиқ қилишга узоқ вақт талаб этилишини билдиради.

Шундай қилиб, Оли қашшоқларни янада қақшатаётган кўп миллиард долларлик диний мафия қаршисида чорасиз қолади. Сўнг у товламачи-миссионерларни фош этишга ўзи бел боғлайди ва Тринити Фондига асос солади.

Бугун саксон ёшга кирган Оли Далласнинг бир четидаги маҳаллада ўз издошлари билан фақирона кун кечирмоқда. Тринити жамоати журналистлар билан ҳамкорликда фирибгар-руҳонийларга қарши далиллар тўплаш билан шуғулланиб келади.

«Биз жуда кўп ғалати ишларга қўл урганмиз,» дейди қария Оли.

Жамоат узоқ йиллар черковлар ташқарисидаги ахлатхоналарни титкилаб, фирибгарлик жиноятига далил бўлувчи ташлаб юборилган иш ҳужжатларини излаб келган.

1990 йилларда Оли яширин камералар билан қуролланиб, «муқаддас сув» каби арзимас кичик совғалар билан тақводорларни янада кўпроқ эҳсон беришга рағбатлантираётганидан мақтанган руҳонийни фош қилиши ортидан машҳур бўлиб кетган.

Оли шунча ҳаракатларига қарамай, фирибгарлар киссасини қаппайтираётган ишонувчан диндорлар сони камаймаётганини тан олади.

Бир вақтлар мутаассиб диндор бўлган Пит Эванс бугун Тринити Фондининг етакчи тадқиқчисидир. Унинг асосий вазифаси руҳонийларга хизмат кўрсатаётган шахсий самолётлар йўналишини кузатиб боришдан иборат.

Ларри фондга қўнғироқ қилганда, гўшакни айнан Пит кўтарган эди. Бечора отанинг дардини тинглаган Пит у учун саховатпешалик акцияси ташкил этган.

«$2,000 пул йиғилди. Бу биз умид қилгандан кам, лекин уларнинг оёққа туриб олиши учун етарли эди,» эслайди Пит.

Бизнесга айланган дин

АҚШда хайрия ташкилотлари билан бир қаторда черковлар ҳам солиқдан озод этилган. Бироқ черковлардан даромадлар тўғрисида декларация топшириш талаб этилмайди.

Шу туфайли ҳам черковларнинг ички молиявий фаолияти борасида маълумот олиш жуда мушкул, тушунтиради Пит.

2007 йилда АҚШ Сенати черковлар солиқдан озод этилганлик мақомини суиистеъмол қилмоқда, деган қарашни ўртага ташлаган.

Тринити Фонди Сенатга ўзининг йиллар давомида тўплаган маълумотларини тақдим этган.

Аммо 2011 йилга келиб, ушбу текширув сустлашиб қолган.

Питнинг фикрича, 2008 йилда юзага келган халқаро молиявий инқироз Сенатни бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратишга мажбур этгани бунга сабабдир.

Би-би-сига маълум бўлишича, айни вақтда, АҚШ ҳукуматининг бирор идораси товламачиликка асосланган диний бизнес масаласини ўрганишга катта қизиқиш билдирмаётир.

2013 йилда қўшнилар ҳашаматли уйда истиқомат қилаётган Тодд Кунтзнинг ҳовлидаги машиналар турар жойини эгаллаб олганидан шикоят қилиб, маҳаллий телеканаллардан бирига мурожаат этади.

«Илоҳий деҳқончилик»ка даъвати ортидан танилган Кунтз номини эшитган телеканал дарҳол бу масалага қизиқиш билдиради.

Журналистлар Кунтз шахсиятини яқиндан ўрганиш мақсадида Тринити Фонди билан боғланади. Фонд уларга руҳонийнинг телечиқишлари архивини тақдим этади.

Ниҳоят, телеканал руҳоний Кунтзнинг шахсий ҳаётига бағишланган кўрсатувни эфирга узатади.

Тодд Кунтз бошқа миссионерлар ичида энг бой руҳоний эмас, унинг шахсий самолёти ёки черковлар тармоғи йўқ. Бироқ унинг турмуш тарзида киши эътиборини ўзига жалб қилувчи талай ғалати жиҳатлар мавжуд.

У шоҳона ҳаёт кечиришга жуда ўч шахс бўлиб, ижтимоий тармоққа қўйган расмларида руҳонийни зеб-зийнатлар, бриллиантлар, қимматбаҳо машиналар ичида кўриш мумкин.

Кўрсатув намойиш этилган йилнинг ўзидаёқ ҳуқуқ тартибот органлари Кунтзга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлайди.

«Бу тасодиф эмас. Кимдир кўрсатувни томоша қилиб, бу жиннилик, буни шундай қўйиб бўлмайди, дея ўйлаган бўлса керак. Кўрсатувда унинг эҳсон пулларини бемақсад совураётгани яққол кўринган,» дейди Пит.

Тўрт йилга чўзилган тергов Кунтз ўз даромадларини яширган ва черков харажатларини ошириб кўрсатган, деган хулосага келади.

2019 йил январь ойида Тодд Кунтз солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва сохта солиқ декларациялари тайёрлашга кўмак беришда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилади. Шунингдек, унга $755 миқдоридаги етказилган зарарни қоплаб бериш мажбурияти ҳам юкланади.

Аммо апрель ойида ҳукм юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқиш важи билан суд Кунтзни шартли озод этади.

Айни дамда черковидан айрилган Кунтз ижтимоий тармоқлар орқали одамларни яна «илоҳий уруғ» сочишга ундашда давом этмоқда.

Оли расмийлар одамларнинг бундай диний тузоқларга тушиб қолиши олдини олиш йўлида қўл қовуштириб ўтирганини айтиб, ўз аччиғини яширмайди.

"Ўзининг ҳаминқадар шароитига қарамай, Ларри ва Дарси ҳали ҳам маҳаллий черковга эҳсон беришда давом этмоқда.

Уларнинг қизи ҳозирча ҳаёт, лекин ота-онаси тиббий хизматлар ҳаққини тўлай олмаганидан улар билан деярли гаплашмай қўйган.

Ларри эҳсон беришда адашмасликни тавсия қилади.

"Қаттиқ янглишдик. Улар пул ишлаш билан овора бизнесменлар экан."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek