You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Австрияда ниқоб ва бурқа тақиқланди
2017 йил 1 октябридан Австрия ҳудудида жамоат жойларида аёлнинг юзини буткул тўсадиган рўмол ёки бошқа бош кийимида пайдо бўлиш расман тақиқланди.
Мамлакатда кучга кирган қонунга кўра, бош кийими инсон юзининг иягидан сочи бошланган жойигача бўлган қисмини очиқ қолдириши шарт.
Австрия расмийларига кўра, бу тақиқ ҳижобга тадбиқ этилмайди, гап фақат бурқа ва ниқоб ҳақида бормоқда.
Шунингдек, Австрия қонуни бўйича жамоат жойида тиббиёт ва масхарабозлик ниқоби, фақат кўзининг тешиги очиқ қолган бош кийими ва респираторларда пайдо бўлиш мумкин эмас.
Аммо тиббиёт маскаси ва бошқа кийимларни ўз иш жойида, халқ сайли ва карнавалларида тақиш, кийиш мумкин.
Австрия расмийларига кўра, янги қонун Австриянинг анъанавий қадриятларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаган.
Австриядаги мусулмонлар жамоаси янги қонунни қоралаб чиққанлар.
Бу мамлакатдаги мусулмонлар жуда кам сондаги муслималар ниқоб ва бурқада юришларини айтишади.
Уларнинг ҳисоб-китобича, Австрияда ниқоб ва бурқага ўранган аёлларнинг сони 150 дан кўп эмас.
Сайёҳлик бизнеси вакиллари ҳам янги қонундан мамнун эмаслар, уларнинг фикрича, бурқа ва ниқобга тақиқ Австрияга келмоқчи бўлган мусулмон мамлакатлари сайёҳларини чўчитади.
Бельгия ва Францияда ниқоб ва бурқа тақиқи 2011 йил жорий этилган эди.
Буларга ўхшаш қонун Нидерландия парламенти томонидан муҳокама этилмоқда.
Буюк Британияда бундай тақиқ йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02