Россиядан Ўзбекистонга депортация: Жўрабек Амонов нима қилганди?

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келгани айтилган ўзбекистонлик блогер Жўрабек Амонов сентябрда депорт қилинган. Бу ҳақда Migrant.uz портали хабар берган.

Хабарда айтилишича, 16 сентябрь куни Telegram ва YouTubeʼдаги Suyanch.uz каналлари муаллифи, блогер Жўрабек Амоновнинг Москва вилояти Балашиха шаҳридаги ижара квартирасига полиция ходимлари текширув билан келган.

Текширувдан сўнг Амонов полиция бўлимига олиб кетилган.

"Блогернинг сўзларига кўра, ундан полиция ходимларини ҳақорат қилгани учун кечирим сўрашга мажбур қилинган видео ёзиб олинган. Кейинчалик бу видео мигрантофоб телеграм каналларида пайдо бўлди. Жўрабекнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари агар у полициячидан кечирим сўрамаса, жиноий иш очиш билан таҳдид қилишган", дейилади Migrant.uz хабарида.

Порталнинг ойдинлик киритишича, Балашиха суди 18 сентябрь куни Амоновни мажбуран депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарган ва блогер ҳозирда Ўзбекистонда.

Migrant.uz Жўрабек Амонов ўзининг блогида, кўпинча, полициячиларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилишига оид ҳолатларни тарқатгани ҳамда мигрантларга уй ижарага олиш, ҳужжатларни воситачиларсиз расмийлаштиришни ўргатиб келгани ҳақида ёзган.

Настоящее Время эса Амонов мигрантлар орасида таниқли бўлган ўзбекистонлик блогер Россияда меҳнат мигрантлари Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида 2022 йилда биринчилардан жамоатчиликни хабардор қилган фаоллардан бири эканини эсга олган.

Амоновга тегишли экани айтилган Telegramдаги Suyanch.uz каналида 2,400 дан ошиқроқ обуначи бўлиб, унда, асосан, Россиядаги меҳнат мигрантлари билан боғлиқ ижтимоий тармоқда тарқалган ҳолатлар қайта улашилгани кўзга ташланади.

Депортация қилиниши ортидан блогер билан суҳбатлашган Настоящее Время кучишлатар тизимлар ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, ўзбекистонлик фаолни Россия бўлиш тартибини бузишда айблаганини маълум қилган.

Унинг полициячидан кечирим сўрагани тасвирланган видеони тарқатган ўнг кайфиятдаги Telegram каналларидан бирида ҳам Амонов мамлакат миграция қонунчилигини бузгани иддао қилинган.

"Москвада нелегалларни қўл олган силовикларни қоралаб, провокацион видеолар олиб келган ўзбекистонлик блогер Амонов Жўрабек Изатиллоевич қўлга тушди. Жўрабек хорижликларни миграция қонунчилигимизни айланиб ўтишга ўргатиб келган", даъво қилинади хабарда.

Канал хабарида қўшимча қилинишича, Амонов Россия Федерацияси маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси билан қўлга олинган.

Ушбу моддада "хорижлик шахс томонидан Россия Федерациясига кириш ёки Россия Федерациясида бўлиш тартибларининг бузилиши" назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, Би-би-си ушбу маълумотларни мустақил тасдиқлаш имконига эга эмас.

Ортаётган депортациялар

Ўзбекистонлик блогернинг депортация қилиниши меҳнат мигрантларининг Россиядан мажбуран чиқариб юборилиши тўлқини айни кучайган вақтга тўғри келган.

Март ойидаги "Крокус Сити Ҳолл" терактини амалга оширишда Тожикистон фуқаролари айбдор қилиниши ортидан Россия ҳукумати миграция сиёсатини сезиларли равишда қаттиқлаштирган.

Сентябрь ойида Россия Ички ишлар вазирлиги 2024 йил давомида депортациялар сони рекорд даражада ўсганини маълум қилган.

Расмий хабарда айтилишича, жорий йилнинг етти ойи давомида Россиядан мажбуран чиқариб юборилган хорижликлар сони ўтган йилнинг айни даврига солиштирганда, 50 фоиздан кўпроққа ошган.

Вазирлик биринчи ярим йиллик давомида қарийб депортацияга оид қарийб 93 мингта қарор қабул қилинганини билдирган.

Йил давомида нафақат депортациялар, балки меҳнат мигрантларини Россияга киритмаслик ҳолатлари ҳам кўпайган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, асосан, марказий осиёлик, айниқса, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга киришда қийинчиликка юзлашаётгани ҳақида бир неча бор хабар берган.

Октябрь бошида Москвада ўтган МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғинида қатнашган Тожикистон бош дипломати Сирожиддин Мухриддин "минтақа давлатларининг айримлари ҳудудида" ўз ватандошлари ҳуқуқлари бузилаётганидан ташвиш билдирган.

Мухриддин МДҲ давлатлариаро миграция масаласини ҳал этиш учун комплекс ечим зарурлигини таъкидлаган.

Россияда миграция сиёсати ҳаддан зиёд қаттиқлашаётганини, ҳатто, ўзини "Путиннинг пиёда аскари" дея очиқ атайдиган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам танқид қилиб чиққан.

Қодиров мигрантлар, кўпинча, бесабаб ва қаттиққўллик билан қўлга олинаётганини тилга олган.

"Муҳокама қилинаётган муаммони бошқа давлатлар фуқароларини оммавий ҳайдаб солиш билан ҳал этиб бўлмайди. Бу муаммо ташқаридан келган инсонларнинг айби билан юзага келмади. Муаммонинг илдизи ҳар қандай кучайиб бораётган масалани ўз вақтида ваколати доирасида ва зудликда ҳал қилиши лозим бўлганларнинг бепарволигига бориб тақалади", ёзган у.

Қодиров Россия ҳукумати ҳозирда олиб бораётган миграция сиёсатини "ўрта асрларга хос ёндашув" деб атаб, мигрантларга қарши нафрат ёйиш яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлаган.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002