Расмий Тошкент Украинанинг бўлгинчи ДХР раҳбари Пушилин Ўзбекистонга келиб-кетганидан бехабар қолганми?

Published

Би-би-сининг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси вазирлик Пушилиннинг Ўзбекистонга келиб-кетганини интернетдаги хабарлардан билганини айтмоқда.

Ўзини Россия таркибидаги Донецк Халқ Республикаси (ДХР) деб атайдиган ва Ўзбекистон расман тан олмайдиган Украинанинг бўлгинчи ҳудуди раҳбари Денис Пушилин апрелнинг сўнгги ўн кунлигида Ўзбекистонга келган.

У Тошкент ва Чирчиқда бўлган.

Бу ҳақда Пушилиннинг ўзи Телеграм каналида хабар берган.

АҚШ ва қатор Ғарб давлатлари санкциялари остида бўлган Пушилин Тошкентда ташкил этилган "Иннопром. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмасида иштирок этганини ёзган.

У Ўзбекистонга сафарини "ишчи ташриф", дея атаган.

Бироқ унинг Ўзбекистонга келгани на расмий, на мустақил маҳаллий нашрларда ёритилган.

Алоқадор мавзулар:

"Чирчиқ тажрибаси"

2018 йилдан буён халқаро тан олинмаган ДХРни бошқариб келаётган Пушилин Тошкентдаги "Иннопром" кўргазмасида иштирок этган давлатлар делегациялари билан "ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида фойдали учрашувлар" ўтказганини тилга олган.

Аммо у ўз ижтимоий тармоқ саҳифаларида ўзбек расмийлари билан учрашгани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқин бошлашининг асосий сабабларидан бўлмиш Донецк Халқ Республикаси номли квази давлатнинг зиддиятли раҳбари Пушилин ушбу "ишчи ташриф" доирасида Чирчиқ шаҳридаги саноат паркини ҳам бориб кўрганини ёзган.

Пушилин Россия компанияларининг Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш учун мўлжаллангани расман айтиладиган "Чирчиқ" кимё-индустриал технопаркида кўрганларини "Донбас учун яхши тажриба" дея атаган.

"Бу Россиянинг хориждаги илк кимё-индустриал технопарки… 29 гектар майдонда бизнесни бошлаш ва ўстириш учун барча зарурий инфратузилма жойлаштирилган. Маҳсулотлар орасида ўзига хос термоэластопластлар, полимер маҳсулотлар, микробиологик ўғитлар, шовқинни тўсувчи материаллардан иборат. Биз Донбасда қабул қилишимиз ва амалга оширишимиз мумкин бўлган яхши тажриба. Айниқса, Республиканинг уйғониш ва ривожланиш стратегиясида "Азовстал" негизида янги ишлаб чиқариш ва илмий марказлар қад кўтарувчи экотехнопарк шакллантириш ҳам кўзда тутилган бир вақтда", таъкидлаган 42 яшар Пушилин.

У ДХР "дўст давлатлар билан ҳамкорлик шарофати ила янги тажрибаларни қўлга киритиш имкониятига эга" эканини тилга олган.

Пушилин ким ўзи?

Расмий таржимаи ҳолида ёзилишича, Денис Владимирович Пушилин 1981 йил 9 май куни Донецкдан 15 чақирим наридаги Макиивка шаҳрида туғилган.

1999-2000 йилларда Қримдаги Украина Миллий гвардияси махсус батальони таркибида ҳарбий хизмат ўтаган.

2013-2014 йилларда Украинада кузатилган сиёсий кескинлик, айниқса, Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши манзарасида Пушилин Украина шарқи - шундоқ Россия билан чегарада жойлашган Донецк вилоятидаги бўлгинчилик ҳаракатининг асосий юзларидан бирига айланган.

У 2018 йилдан буён ўзини Донецк Халқ Республикаси дея атовчи халқаро тан олинмаган квази-давлатни бошқариб келади.

ДХР 2022 йил сентябрида ўтказилган, халқаро қонунларга зид, дея кўрилган аннексия референдуми ортидан Россия таркибига қўшиб олинган Украинанинг тўрт ҳудудидан биридир.

Пушилин Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказувчи сиёсий ҳаракатлари ортидан Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг санкция рўйхатига тушган, Украина томонидан халқаро қидирувга берилган.

"Ўзбекистон позицияси ўзгардими?"

Ўзбекистоннинг Россиянинг Украинага босқинига оид сўнгги очиқ расмий позициясига кўра, расмий Тошкент Донецк Халқ Республикасини тан олмайди.

2022 йил март ойида Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Россия-Украина урушига доир расмий позициясини очиқлаган эди.

"Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаймиз. Ўзбекистон позицияси шуки, мамлакатимиз ҳеч қандай халқаро ҳарбий блокка қўшилмайди", деган эди собиқ вазир ўшанда.

Кейинроқ президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон Украинада юзага келган вазият бўйича "вазмин, нейтрал позицияда" эканини маълум қилган.

Мамлакатнинг ҳали ҳам мазкур нейтрал позицияси расман ўзгармаган бир вақтда расмий Тошкент тан олмаслигини таъкидлаган баҳсли ҳудудга раҳбарлик қилувчи шахси зиддиятли Денис Пушилиннинг Ўзбекистонга келиши кузатувчиларда қатор саволлар уйғонишига сабаб бўлган.

Масалан, таълим соҳаси эксперти Комил Жалилов собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг икки йил бурунги чиқишини ёдга олиб, Ўзбекистон позициясини ўзгартирдими қабилидаги саволни ўртага ташлаган.

"Биз ЛХР [Луганск Халқ Республикаси ва ДХР деб аталган ҳудудлар Россия таркибига киришини тан олдикми? Умуман, халқаро ҳуқуқ нормаларига Ўзбекистоннинг муносабати қандай? Бу ҳақида очиқроқ баёнотлар берилса яхши бўларди", дея ёзган фаол.

Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад эса Пушилиннинг ташрифи Ўзбекистонга муаммо олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

"Бир томондан ўзбек расмийлари ва бизнеси вакиллари Украина билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпти (яқинда ўтган икки томонлама учрашув шундан далолат беради), бошқа томондан эса Донецкнинг босқинчи администрацияси раҳбарини қабул қилишяпти. Меҳмондўстлик белгиси ўлароқ унинг устига чопон ёпиш қолибди, холос", дея киноя қилган мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов.

"Ўзбекистон расмийлари уни ким ўлароқ қабул қилдилар? Ўзбекистонликлар билан учрашувларда у қандай мақомда таништирилди? Ахир на "ДНР", на унинг Россия Федерацияси таркибига мажбуран қўшиб олинганини Ўзбекистон, мутлақ асосли ҳолда, тан олмайди-ку?" деган саволни ўртага ташлаган Facebook фойдаланувчиси Александер Кияев.

"…Денис Пушилин каби ўз юртини сотган xоинлар бизнинг юртга нима сабабдан ташриф буюрганига изоҳ беришсин", деган талабни илгари сурган бошқа бир фойдаланувчи.

"Тан олинмаган сепаратистик ташкилот раҳбарини расмий равишда қабул қилиш халқаро қонунчилик меъёрларига қанчалик тўғри келади? Мисқоллаб йиғилаётган халқаро имиджларини пақирлаб тўкмаслик керак-да казо-казолар", дея ёзган Акбаржон Абдулмажид исмли тармоқ фойдаланувчиси.

Шунингдек, кузатилган айрим изоҳлар орасида Пушилиннинг Ўзбекистонга "атайин юборилгани" ҳам тахмин қилинган.

"Россия раҳбарияти Пушилинни делегация таркибига ҳам унинг шахсияти, ҳам ҳудудий босиб олиш ҳолатини легаллаштириш мақсадида қўшган бўлса керак. Пушилинни Россия амалдори сифатида тан олдириш ҳаракати эса Ўзбекистондан бошлангани ажабланарли эмас", дейилади шундай мазмунда қолдирилган изоҳда.

Би-би-си Пушилиннинг Ўзбекистонга келиши борасида расмий изоҳ олишга ҳаракат қилди.

Би-би-сининг мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасининг сўзларига кўра, вазирлик унинг "келиб-кетгани ҳақида интернетдаги янгиликлардан хабар топган".

"Катта эҳтимол билан унинг қўлида Россия паспорти бор. Биласиз, Россия билан ўртамизда виза режими йўқ. Шу сабабдан унинг келиб-кетганидан кеч хабар топган бўлсак керак".

Манба Пушилинни Ўзбекистон расмий идоралари таклиф этмагани ва у билан алоҳида музокаралар ўтказилмаганини алоҳида таъкидлади.

"Яна бир нарса - у келган тадбир (Иннопром) ҳам Россия тарафидан ташкил қилинган. Ўзбекистон томони ташкил қилмаган у тадбирни", қўшимча қилди у.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.