Путин “дўст давлатлар” раҳбарларини Қозонга йиғди, Мирзиёев ўзбекча сўзлади ва “Келажак ўйинлари” ўзи нима?

Published

Дунёдан қарийб узиб қўйилган Путин Украинага босқиннинг икки йиллиги арафасида "дўст давлатлар" раҳбарларини Россияга йиғди. Сиёсийлаштирилган, дея аталган маросимда Мирзиёев ҳам иштирок этди.

21 февраль куни Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида "Келажак ўйинлари" старт олган.

Замонавий технологиялар ва анъанавий спортни ўзида бирлаштирган бу катта турнирнинг очилиш маросимида Россиянинг "дўст давлатлар рўйхати"дан ўрин олган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби олти мамлакат раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навалнийнинг ўлими, Украинага босқиннинг икки йиллиги ва Россия президенти сайлови арафасида бўлиб ўтгани кузатувчилар эътиборини тортган.

Рус амалдорлари мусобақаларда 107 давлатдан спортчилар иштирок этишини айтган бўлса-да, бу тадбир Путиннинг ёлғизланиб қолмаганини кўрсатиб қўйиш учун ўтказилмоқда, деган фикрлар илгари сурилди.

"Дўст давлатлар" даврасида

2022 йил 24 февраль куни Украинага кенг кўламли босқин бошлаши ортидан дунё Россия билан нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки спорт алоқаларини ҳам қарийб узди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ва Халқаро Паралимпия қўмитаси Россия ҳамда Беларусни спорт мусобақаларидан четлаштирган.

Шу сабаб Россия ўзининг спорт мусобақаларини ўйлаб топа бошлаган.

"Келажак ўйинлари" Москва ўзининг тез орада ўтказилишини эълон қилган "жаҳонда тенги йўқ ўйинлари"дан бири.

Россия матбуотининг ёзишича, анъанавий спорт турлари ва уларнинг рақамли муқобиллари омихтасидан иборат бўлмиш бу спорт шоуси ғояси шахсан Путинга тегишли.

Бироқ Президент Путин Россиядан "дунёга инъом" дея атаган турнир очилиши маросимида фақатгина "дўст давлатлар" раҳбарлари иштирок этдилар холос - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва Сербия.

Бошқа давлатлар раҳбарлари маросимга ёки таклиф этилмаган ё келмаган.

2023 йилда Россия тараққиёт ва коммуникациялар миллий институти экспертлари тадқиқот ўтказиб, МДҲ ҳудудидаги Россияга "дўстона" муносабатда бўлган давлатлар рейтингини тузган эди.

Ўшанда, россиялик экспертлар Собиқ Иттифоқ минтақасидаги 14 давлатдан саккизтаси "Россияга дўст", деган хулосага келган.

Ўзбекистон қарийб 60 балл билан "дўст давлатлар" рўйхатида учинчи ўринни эгаллаган.

"Муқобили йўқ"

Очилиш маросимида пост-совет маконидаги ана шу саккиз "дўст давлат"дан атиги бештаси раҳбарлари иштирок этди.

Маросимда сўз олган Путин "анъанавий спорт ва киберспортни бирлаштириш ғояси айнан Россияда туғилган"идан фахр билдирган ҳамда дунёда яккалаб қўйилган Россияни "сайёранинг энг етакчи спорт давлатларидан бири" дея атаган.

Путин, шунингдек, "Келажак ўйинлари"ни "сиёсий конюнктура, барча турдаги дискриминация ва иккиёқлама стандартлардан холи"лигини даъво қилган.

Сўзи сўнггида Россия президенти йиғилган ҳамкасбларидан очилиш маросими муносабати билан "икки оғиз сўз" айтишни сўраган ва шахсан ўзи президентларга микрофон тутган.

Давлат раҳбарлари, кутилмаганда, ўз она тилларида сўзлашни бошлаб, кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Ўзининг илиқ тилакларини билдирган Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Владимир Путиннинг мемга айланган сўзларидан фойдаланиб, бу ўйинларнинг "замонавий дунёда муқобили йўқ"лигини айтган.

Спортчиларга ўзбек тилида омад тилаган Шавкат Мирзиёев эса рус тилида гапини давом эттириб, "Келажак ўйинлари"ни 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этган.

Россия матбуоти "Келажак ўйинлари" очилиш маросими баҳонасида Путин Россияга келган давлат раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказгани ҳақида ҳам ёзди.

Кремль расмий сайтида Ўзбекистон президенти билан учрашув стенограммаси эълон қилинган.

Маълум қилинишича, президентлар бундан тўрт ой аввал эришилган келишувларнинг амалга оширилиши, хусусан, $500 миллионлик қўшма жамғарма ташкил этиш масаласини муҳокама этган.

Мирзиёев, шунингдек, 15-17 март кунлари ўтажак Россия президенти сайловида Путиннинг ғалаба қозонишига ишонч ҳам билдирган ва уни сайловдан сўнг Ўзбекистонга таклиф этган.

Юздаги "табассум"

3 мартгача давом этадиган "Келажак ўйинлари" Россия дунёдан максимал яккалаб қўйилган бир даврда ўтмоқда.

Марказий Осиё ва пост-совет минтақасини кузатувчи бир қатор таҳлилчилар азалдан Россия таъсир доираси ҳисобланиб келинган давлатлар раҳбарларинигина келиши Кремлнинг халқаро ҳамжамиятдан қанчалар узилиб қолганини яна бир кўрсатгани ҳақида ёздилар.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари Путиннинг "инжиқлиги" туфайлигина Қозонга борган, деган фикрлар ўртага ташланган.

Бундай қараш соҳибларига кўра, Путин "Келажак ўйинлари"га жиддийроқ тус бериш ниятида имкон қадар кўпроқ юқори мартабали меҳмонларни "мажбуран Қозонда йиққан".

"МДҲга кирувчи олти Марказий Осиё давлатидан тўрт президент юздаги бахтни "самимий" намоён этган ҳолда, яна бир бор она Россияга келдилар. "Узоқ кутилган" бахт…", дея ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида кинояли сўзларни ёзиб қолдирди ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Шунингдек, кўплаб давлатлар Россия билан боғлиқ спорт ўйинларини бойкот қилаётган ёки уларда иштирок этишдан воз кечаётган бир пайтда, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларининг "Келажак ўйинлари"ни ўз давлатларида ўтказиш таклифлари ижтимоий тармоқларни хавотирга солган.

Бир қатор фойдаланувчилар Россия спорт дунёсига аралашиш Ўзбек ва Қозоқ спорти келажагини хавф остига қўйиши мумкинлигидан ҳам ташвиш билдирдилар.

"Келажак ўйинлари" нима ўзи?

Жаҳонда илк бор ўтказилаётган мультиспорт турнир бўлмиш "Келажак ўйинлари" жисмоний ҳаракат талаб қиладиган анъанавий ва рақамли технологиялар асосидаги янги спорт тури - фижитал-спорт мусобақаларидан ташкил топган.

Инглизча physical (жисмоний) ва digital (рақамли) сўзлари қоришмасидан ясалган пҳйгитал (фижитал) тушунчаси ўзида жисмоний ҳаракатлар ва киберспорт омихтасини жо этади.

Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг сўзларига кўра, ўзига хос киберспорт ўйинларини ўтказиш учун 3,6 миллиард рубль (қарийб $38 миллион) ажратилган.

Умуман олганда, турнирнинг умумий бюджети 6 миллиард рубль ($63 миллион)дан ошиқроқ экани хабар қилинган.

Шундан $10 миллион миқдоридаги маблағ мукофотлар учун ажратилган.

21 февраль - 3 март кунлари ўтувчи бу мусобақаларда 100 дан зиёд давлатдан 2,000 дан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилаётгани айтилади.

Маълум қилинишича, турнирда ўзбекистонлик спортчилар ҳам бор ва улар фижитал-хоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби йўналишларда куч синаши хабар қилинган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.