Туркия: Зилзилада ўлмаган болаларимиз совуқ ва очликдан ўладими? Янгиликлар

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонлик кўнгиллиларнинг Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси қошида «Тезкор гуруҳ штаби» Туркиядаги зилзиланинг илк кунидаёқ ташкил этилди. Шу кунгача штаб иштирокида зилзиладан жабрланганн 50 дан ортиқ ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатилган.

Айни пайтда зилзила жойларидаги ўзбекистонликларни ҳавфсиз жойларга кўчирилмоқда. Штаб координатори Муаззам Иброҳимовага кўра, ҳали ёрдам етиб бормаган ҳудудлар бор.

Тезкор штаб аъзолари зилзила ҳудудларида қолган ўзбекистонликларни топиш ва уларга зарур кўмакларни кўрсатиш, зилзиладан жабрланганларга ёрдам юкларини ташкиллаштириш ва етказиш каби дастак ишлари билан шуғулланишмоқда.

Видеони кўриш учун "Қабул қилинг ва давом этинг" сўзини босинг:

Алоқадор мавзулар:

- Ўтган куни умуман кўмак етиб бормаган бир ҳудудга ёрдам ташкиллаштирдик. Адиямандаги спорт мажмуаларидан бирига жойлаштирилган 250 инсон иссиқ овқат, иссиқ кийим, дори-дармон, кўрпа-тўшаксиз қолганди.

Менга оқшом 23.00да қўнғироқ қилишганда болалар чинқириб йиғлашаётган эди. Хотин-халаж «Болаларимиз зилзиладан ўлмади. Энди совуқдан, очликдан, касалликдан ўладиларми?», -деб йиғлашаётган эди. Имкон даражасида ёрдам ташкиллаштирдик, - гапириб берди «Тезкор гуруҳ штаби» координатори Муаззам Иброҳимова.

Штаб жамоаси Адиямандаги вазият ҳақида Туркия журналистлари федерацияси орқали ҳудуд ҳокимлигини хабардор этган.

- Баладия бошқони (вилоят ҳокими) қайта қўнгироқ қилиб, оғир кунда жим қараб турмаган бутун Ўзбекистон халқига рахмат айтиб, «биз эшитмаган нола Аллоҳнинг қудрати билан сизга етиб борган. Табиий офат кўлами шунчалик каттаки, улгурмаяпмиз. "АFAD" чорасиз қоляпти. Давлатда тизимли назорат йўқлигини айтди», дейди Муаззам Иброҳимова.

«Тезкор гуруҳ штаби» жамоаси зилзила ҳудудлари харитасини тузиб, унга кўра ёрдамларни ташкиллаштиришаётганини билдиришди. Хатай, Овакент, Газиантеп каби жойларда кўнгиллилар жамоаси аҳолини иссиқ овқат билан таъминлашмоқда.

- "Тезкор ёрдам координацион маркази" ходимлари кечаси билан ухламай бугун пишириб тарқатиладиган ош хозирлигини кўрдилар. Кундузи қидирув-қутқарув ишлари билан банд бўлган аскарларимиз ҳам биргаликда сабзи тўғраб, зирвакни қайнатишди.700 кг ош ва бошқа озиқ-овқат махсулотлари тарқатилади.

Хатайга етиб келган генератор, иситкич жиҳозлари, газ камфорка ва бошқа керакли жихозлар ҳам эгаларига етказилмоқди, - хабар берди жамоа фаоллари.

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги эса ўзбeкистон ҳарбий шифокорлар томонидан 800 га яқин жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

Шунга қарамай, Муаззам Иброҳимовага кўра, ҳали ёрдам етиб бормаган ҳудудлар бор.

- Афсус, ёрдамга мухтожлар, кунда бир маҳал иссиқ овқат ейишга зор инсонлар кўп. Бутун дунёдаги ўзбеклар, туркийлар, имконингиз бўлса, ёрдам беринг! Бу фақат Туркиянинг эмас, ҳаммамизнинг дардимиз. Илтимос, бефарқ бўлманглар, - дея ижтимоий тармоқларда оммага мурожаат қилди Муаззам Иброҳимова.

Жорий йилнинг 15 феврали ҳолатида. Туркиядаги зилзила натижасида қурбон бўлган ўзбекистонликлар сони 4 нафар.Жароҳатланганлар ва бедаракларнинг сони ўнга яқин.

Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги консуллиги зилзила ҳудудларидаги ўзбекистонликларнинг хужжатларини расмийлаштириш, ҳавфсиз ҳудудларга кўчириш ва ватанларига бепул қайтаришда кўмак кўрсатмоқда.

- Кеча яна 4 оила, жами 12 нафар фуқаромизни ўз оилалари бағрига қайтаришга эришдик. Улар зилзила булган Туркиянинг Қаҳраманмараш (2 киши), Хатай (6 киши), Адияман (2 киши) ва Газиантеп (2 киши) вилоятларидан Истанбулга эвакуация қилиндилар, - маълум қилди Истанбулдаги консуллик матбуот хизмати.

Хабарга кўра, юқорида саналган барча фуқаролар зилзила оқибатида пулсиз ва хужжатсиз қолганлар. Уларга хужжатлар расмийлаштирилган ва авиачипталар ҳарид қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистондан Туркияга жами 6 та инсонпарварлик ёрдамлари ортилган учоқлар етиб келганлиги маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигига энг кўп чиқувчи 5 давлатдан бири ҳисобланади. Норасмий рақамларга кўра, Туркияда юз мингдан ошиқ ўзбекистонликлар бор. Уларнинг катта қисмини аёллар ташкил этади.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek