You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
"Қип-қизил ўғри", "хиёнат қилмаса кечираман" - Мирзиёев озодликка чиққан собиқ Бош прокурор Қодиров ҳақида нималар деганди? Yangiliklar
Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба Би-би-сига 10 йилга қамалган собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров озодликка чиққанини тасдиқлади. 4 йил олдин Президент Мирзиёев Қодиров ҳақида кескин сўзлаган ва 2-3 ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртиришга ваъда берганди.
Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировнинг бир неча кун аввал шартли равишда озодликка чиқарилганини kun.uz нашри ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги бир-биридан мустақил икки манбаси орқали тасдиқлатганди.
Бир нечта моддалар бўйича айбланиб 10 йилга қамалган Қодировнинг нима сабабдан муддатидан олдин озодликка чиқарилгани маълум эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг май ойида Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида собиқ Бош прокурор ҳақида кескин гапирганди.
Йиғилишда иштирок этган Kun.uz мухбири Мирзиёевдан шуларни иқтибос келтирган.
"Мана, Бош прокурор (собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилмоқда - таҳр.) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти. Битта ноинсоф ўғли миллиардер! Ва бошқа ташкилот раҳбарлари ҳам, МХХнинг собиқ беш нафар муовини ҳам қамалиб ётибди. Ҳаммаси ўғри, қип-қизил ўғри. Қандай оғир бўлмасин, мен барибир ҳаммасини жойига қўяман".
Шавкат Мирзиёев қамоққа олинганларнинг ҳаммаси Болтиқбўйи давлатларидан уй қуриб олганини ҳам айтган.
"Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар - халқники. Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради", деган Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўша йиғилишдаёқ ҳаммани кечириши мумкинлигини айтганди.
"Ҳаммани кечираман, фақат ўғирлик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқим билиши керак", деганди Президент.
Рашитжон Қодиров 2000-2015 йилларда Ўзбекистоннинг Бош прокурори бўлган ва лавозимидан кетгач 2018 йил февралида қўлга олинган эди.
Унинг устидан ўтказилган суд жараёни 6 ойга яқин давом этган.
Рашидов суд томонидан пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилганди.
Суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов 2021 йилнинг май ойида қамоқхонада собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев билан учрашганини маълум қилганди.
Ҳуқуқ фаоли билан суҳбатлашган Қодиров ўша вақти ҳам бир ойнинг ичида манзил колониясига чиқишни кутаётганини билдирган.
"У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда хушёр одам - яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ стрктураларига қийноқлар бўйича шикоят иқилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. "Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши", дея Қодировдан иқтибос келтирганди Ташанов.
Оғир жиноятларда айбланиб қамалган Рашитжон Қодировнинг муддатидан олдин озодликка чиқиши аксарият ижтимоий тармоқдагиларнинг эътирозига сабаб бўлган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek