Янгиликлар. Ўзбекистон: АҚШ Ўзбекистонни кучайтирмоқчими? Ҳоким Турдимовнинг 88 миллион сўмлик кечки овқати ва вазир мамлакат иқтисодиёти жуда қийин босқичдалигини айтди O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Published
  • Ҳоким делегацияси учун 88 миллион сўмлик дастурхон ёзилгани маълум бўлди;
  • Вазир Ишметов молиявий хавфлардан хавотир билдирди;
  • АҚШ $2,8 миллионлик ҳарбий техника юборди;
  • Қирғизистон билан Кампиробод сув омбори бўйича келишув имзоланди;
  • 8 ҳудудда сел келиши хавфи эълон қилинди;

87 миллион сўмлик базм

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Қорақалпоғистонга сафари вақтидаги кечки овқат салкам 88 миллион сўмга тушган.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамасининг 2 ноябрга оид фармойишида сўз боради.

Фармойишдан маълум бўлишича, 16 октябрь куни Самарқанд вилояти томонидан амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида Нукус туманига келган ҳоким Турдимов бошчилигидаги меҳмонлар учун ёзилган кечки дастурхонга 87 миллион 907 минг 898 сўм сарфланган, маблағлар Вазирлар Кенгаши захира фондидан ажратилган.

Айни вақтда Турдимов делегацияси таркибида қанча амалдор бўлгани ва қарийб 88 миллион сўмга тушган кечки овқат нималардан иборат бўлгани маълум эмас.

Маълумот ўрнида: президент кўрсатмасига биноан йил бошидан бери республика вилоятлари Қорақалпоғистон туманларига бириктириб қўйилган бўлиб, улар ҳудудларни ривожлантириш вазифасини бажариб келмоқда.

Алоқадор мазвулар:

"Харажатларни камайтириш керак"

Молия вазири Тимур Ишметов мамлакат иқтисодиёти жуда қийин босқичда эканини тилга олиб, давлат харажатларини камайтириш ҳақида гапирган.

Вазирнинг Самарқандда ўтган иқтисодий форумда билдирган ушбу хавотирлари ҳақида Daryo.uz хабар бермоқда.

"Инқироз бошланганда биз жуда ҳам яхши ташхис қила олмадик. Covid пайтидагидек давом этади деб ўйладик. Кўрдикки, муаммоларни ечиш учун тизимли ислоҳотларни давом эттириш керак. 3-4 йил илгари эътиборни кредитларни олишга қаратдик ва бунга шароит яратдик. Бизда катта қарз йўқ эди. Ҳозир янги босқичдамиз. Кўряпмизки, Ўзбекистон иқтисодиёти жуда қийин босқичда. Яъни фоиз ва ставкалар ошмоқда, кредит олиш қимматлашмоқда. Бизда молиявий буфер чекланди. Энди эътиборимизни хусусий инвестицияларга қаратишимиз керак ва буни бошладик. Иқтисодиётда нафақат давлат, балки хусусий капиталларга ҳам таяниш яхши самара беради", дея молия вазиридан иқтибос келтирган нашр.

Ишметовнинг таъкидлашича, жорий йилда бюджет тақчиллиги 4 фоиз атрофида бўлади.

"Ҳозир биз учун инфляция даражасини ушлаб туриш устувор масала бўлиши керак. Келажакда ижобий натижага эришиш учун шундай қилишга мажбурмиз. Биз инфратузилмаларни давлат бюджети ҳисобига молиялаштира олмай қоламиз. Бюджет тақчиллигини камайтириш учун хусусий секторга, хусусий инвестицияларга эътиборни кучайтиряпмиз. Асосийси, Марказий банкни қўллаб-қувватлаш зарур. Барча харажатларимизни камайтиришимиз керак", деган вазир.

АҚШдан $2,8 миллионлик ёрдам

АҚШ Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига умумий қиймати $2,8 миллионга тенг 50 та Polaris MRZR енгил тактик жанговар транспорт воситаларини топширган.

Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар қилмоқда.

"Ҳамкорлар салоҳиятини ошириш" дастури орқали топширилган ҳарбий техникалар АҚШ Ўзбекистонга бепул асосда тақдим этаётган мудофаа маҳсулотларининг бир қисми экани айтилган.

"Бу техниканинг берилиши Қўшма Штатлар Ўзбекистон ўзининг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишида ҳисса қўшиш учун таклиф этилаётган кўмакнинг бир шакли, холос. Қўшма Штатлар сўнгги 31 йил ичида сезиларли ўсган ҳамкорлигимизнинг келгусида ривожланишидан умид қилади", деган ҳарбий техникаларни олиб келган АҚШ Марказий қўмондонлиги қуруқлик кучлари қўмондони ўринбосари Вендул Хаглер.

Кампиробод келишуви

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Кампиробод (Андижон) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим имзоланган.

Битимга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Бишкекка сафарида чоғида имзо чекилган.

Ўзаро имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ҳам бўлган.

"Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида Давлат чегарасини делимитация қилиш масалалари бўйича фикр алмашилди. Тенглик, ўзаро манфаат ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида Давлат чегарасини кесиб ўтиш линиясини ҳуқуқий расмийлаштиришни якунлаш икки мамлакат ва бутун Марказий Осиё манфаатларига жавоб бериши таъкидланди", дея хабар берган Ўзбекистон ТИВ.

Бундан аввал Кампиробод бўйича Ўзбекистон билан келишув Қирғизистондаги айрим фаоллар, сиёсатчилар ва маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Расмий Бишкек келишув лойиҳасига қарши чиққан 20 дан зиёд фаолни икки ой муддатга ҳибсга олган.

8 ҳудудда сел хавфи

"Ўзгидромет" бош директори Шерзод Ҳабибуллаев ижтимоий тармоқ орқали огоҳлантириш билан чиқиб, 6-8 ноябрь кунлари кучли ёмғир ёғиши кутилаётгани сабабли республиканинг саккиз ҳудудида сел юзага келиши мумкинлигини хабар қилган:

Қашқадарё вилояти: Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида;

Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музработ туманларида;

Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Паяриқ, Жомбой, Иштихон туманларида;

Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида;

Тошкент вилояти: Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;

Наманган вилояти: Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;

Фарғона вилояти: Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида;

Андижон вилояти: Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳри.

Ҳабибуллаев тоғ олди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришларини сўраган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek