You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ж Кореяга виза бекор бўлмайди, пойтахтга кўчиб келаётганлар сони камайган ва Экоқўм раиси аслида нечта машина минади? O'zbekiston, yangiliklar
- Экоқўм раисининг хизмат машиналарига оид хабар рад этилди;
- Меҳнат вазирлиги Жанубий Кореяга виза режими бекор бўлаётгани хабарига изоҳ берди;
- Хитой шарқидан Марказий Осиё томон янги темир йўл йўналиши ишга туширилди;
- Пойтахтга кўчиб келганлар сони маълум қилинди
- Амир Темур тўғрисида мультфильм ишланаётгани хабар қилинди;
"Асоссиз хабар"
Давлат Экология қўмитаси раисига тўртта қимматбаҳо хизмат автомобили бириктирилгани тўғрисидаги хабарга раддия берилган.
13 август куни Rost24 нашри ҳудудий бўлимлардаги ходимлари "1,5 миллион - 2 миллион сўмга қаноат қилаётган пайтда" Давлат экология қўмитаси раҳбари Нарзулло Обломуродов "энг сўнгги русумдаги замонавий автомашиналардан фойдаланаётгани" ҳақида ёзган.
Нашр мақоласида Обломуродов ихтиёрига қимматбаҳо Mercedes, Toyota 200, Volkswagen e-Bora ва Volkswagen ID.6 русумли хизмат автомобиллари ажратилгани тўғрисида сўз боради.
Rost24 нашри Обломуродовнинг тўртта хизмат машиналари ҳақидаги маълумотни "ишончли манба"дан тасдиқлатганини билдирган.
14 август куни Давлат экология қўмитаси ушбу маълумотни рад этиб чиққан.
Алоқадор мазвулар:
- Ўзбекистон: Президент муддатини узайтириш таклифи кимдан чиқди?
- Эътироф: Нуфузли британ нашри Ўзбек шахматчиларини 'қўрқмас', деб атади, президент Мирзиёев тақдирлади, Бош вазир кутиб олди - Ўзбекистон ва дунё
- Ўзбеклар Россия олдида қарздорми: Улар Россия нон-тузини урушда қатнашиб оқласинми? Россия - Ўзбекистон
- Одам нега ўзбекча гапира туриб, билмасдан русчага ўтиб кетади? Қизиқ фактлар ошкор бўлди
Расмий баёнотда билдирилишича, қўмита раисига фақат битта Mercedes автомашинаси бириктирилган.
Бир вақтнинг ўзида қўмита раҳбари олис ҳудудларга хизмат сафарига чиққанда, зарур ҳолларда, "навбатчи электромобиль"дан фойдаланиши мумкинлиги қўшимча қилинган.
Шу билан бирга, баёнотда Давлат экология қўмитасининг барча ҳудудий бўлимлари моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 40 дан ортиқ автотранспорт воситалари (Niva, Damas ва электромобиль) "хорижий ҳамкорларнинг техник кўмак маблағлари" ҳисобидан харид қилингани ва бунда бюджет маблағлари "умуман сарф қилинмагани" таъкидланган.
Бироқ ушбу "хорижий ҳамкорлар" ким экани очиқланмаган.
"Фурсатдан фойдаланиб, Давлат экология қўмитаси шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон, асосланмаган ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тегишли жавобгарлик нормалари белгиланганлигини эслатиб ўтамиз", дейилади қўмита баёнотида.
Виза режими бекор бўлмайди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижтимоий тармоқда ўзбекистонликлар учун Жанубий Кореяга киришда виза режими бекор бўлиши мумкинлигига оид тарқалган хабарларни рад этган.
Бундан аввал Жанубий Кореяда "айниқса, балиқчилик, кемасозлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишчи кучи етишмаётгани ва мамлакат расмийлари ўзбекистонликлар учун виза режимини бекор қилиш масаласини кўриб чиқаётгани" тўғрисида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган.
"Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги блогер ва интернет фаолларидан бундай асоссиз хабарларни тарқатмасликни сўрайди шунингдек, вазирлик логотиплари туширилган расмлардан фойдаланмасликни маслаҳат беради", дея таъкидланади ушбу хабарлар рад этилган вазирлик баёнотида.
Чиндан йўлга чиққан поезд
Хитойнинг шарқий ҳудудларини Марказий Осиё билан боғлайдиган янги темир йўл йўналиши ишга туширилган.
Синхуа агентлигининг хабар қилишича, 13 август куни Шарқий Хитойда жойлашган Жиангсу провинциясидан маиший техника ва автомобиль эҳтиёт қисмларидан иборат минг тоннадан зиёд юк ортилган поезд ушбу йўналиш бўйлаб илк бор Ўзбекистон ва Қозоғистон томон йўлга отланган.
Юк поезди, тахминан, 20 кундан сўнг манзилга етиши айтилмоқда.
Пойтахтга интилиш
2022 йилнинг январь-июнь ойларида Тошкент шаҳрига кўчиб келганлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 170 кишига камайган.
Давлат статистика қўмитаси жорий йил бошидан июнь ойига қадар пойтахтга республиканинг бошқа ҳудудларидан доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлар сони 25 290 кишини ташкил этганини хабар қилган.
Пойтахтга интилиш рейтингида Тошкент вилояти пешқадамликни ўз қўлига олган - 11 881 киши.
Топ учталикни Қашқадарё (3 039 киши) ва Самарқанд (1 831 киши) вилоятлари якунлаб берган.
30 та "Ренессанс" мультфильми
Ўзбекистонда Амир Темур дохил қатор тарихий шахсларга бағишланган 30 та анимацион фильм ишлаб чиқарилиши бошланган.
Бу ҳақда хабар берган Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ушбу йирик лойиҳа "Ренессанс" номини олганини билдирган.
Марказнинг маълум қилишича, мультфильмлар "биринчи ва иккинчи ренессанс даври"да яшаган тарихий шахсларга бағишланади.
"Айни дамда ижодий гуруҳ Амир Темур сиймосига бағишланган анимацион фильм устида қизғин иш олиб бормоқда", дейилади расмий хабарда.
Ҳозирча, лойиҳани амалга ошириш доирасида қанча маблағ сарфланиши ва фильмлар қачон экран юзини кўришига ойдинлик киритилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek