You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ҳал қилинмаган яна нима қолди? O‘zbekiston Turkmaniston Mirziyoyev dunyo yangiliklar
Гурбангули Бердимуҳамедов Тошкентда. Туркманистон президентининг икки кунлик расмий ташрифи Ўзбекистон ва минтақа учун муҳим бир пайтга тўғри келмоқда.
Туркманистон дунёнинг Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти сифатида ўзининг илк хорижий ташрифини амалга оширган давлати бўлади.
Ўзбекистонда қудрат алмашган сўнгги беш йил ичида мамлакатнинг янги раҳбари энг кўп сафар қилаётган минтақа давлатларидан бири экани кўрилади.
Туркманистон Қозоғистон каби табиий энергия захираларига ўта бой, Ўзбекистон каби Афғонистонга бевосита чегарадош ва Ўзбекистонни жаҳон бозорига энг қисқа йўл билан олиб чиқиши мумкин бўлган давлат.
Марказий Осиёнинг ўзбеклар энг катта миллий озчиликни ташкил этадиган тўртта мамлакатидан биттаси.
Қолган Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, сўнгги ўттиз йил ичида Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги алоқалар зиддиятлардан холи, анчайин ҳамкорлик руҳида бўлиб келган.
Ўзининг зиддиятли минтақавий ташқи сиёсати билан танилган президент Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳам Ўзбекистоннинг айнан Туркманистон билан алоқалари яхши бўлган.
Ўзбекистонда ҳозир расман икки юз мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб аҳолининг яшаши айтилади.
Аммо
Виза, чегара масаласи эса, президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга устма-уст ташрифлари ортидан аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортган энг асосий саволлардан бири бўлади.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2018 йил март ойидаги давлат ташрифи ортидан, Ўзбекистон президенти Туркманистон билан ўрталарида ҳал этилмаган бирор бир масала қолмаганини баён қилган.
Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Тошкентда бўлиб ўтган бу мулоқотлар натижасидан мамнун эканини изҳор этган.
Аммо буларнинг барчаси манзарасида "ҳал этиб бўлинган ҳамма масалалар" сирасига виза ва чегара муаммосининг ҳам кириш-кирмаслигига оид савол очиқ қолган.
Ўзбекистоннинг янги раҳбари қисқа вақтнинг ичида ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътиборга тушган.
Ўзининг Ўзбекистонни дунёга очиш стратегияси билан четда кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган.
Ўзбек-туркман чегарасининг, йилларки, ёпиқ қолаётгани ҳар икки давлат чегараолди аҳолисининг жиддий шикоятларига сабаб бўлиб келган.
Икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби ҳам амал қилган.
Орада бу тартибнинг ортиқ кучда эмаслигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар Туркманистоннинг ички ва ташқи сиёсати ҳозирги Ўзбекистонникидан фарқланиб бораётганини таъкидлашаркан, расмий Ашхободнинг иҳоталаниш, ёпиқлик ва ўз фуқаролари устидан қатъий назоратни сақлаб қолаётгани омилига ўз диққатларини қаратишади.
Улар, "Туркманистон раҳбариятининг фикрлаш тарзини ўзгартириш ва мамлакатнинг очилиши учун кўп ва хўп меҳнат қилиш керак бўлиши"ни таъкидлашади.
Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги билан кечган саноқли йилларнинг ўзида Ўзбекистон қолган минтақа давлатлари билан борди-келди ва чегара масаласини деярли ҳал этиб бўлган.
Кун тартиби
Туркманистон президентининг бу галги расмий ташрифи Ўзбекистонда президент сайлови кутилаётган бир пайтга тўғри келган.
Президент сайлови 24 октябрга режаланган, аммо Шавкат Мирзиёев ҳам унда беллашувчи бешта номзоддан биттаси бўлади.
Расмий хабарларга кўра, икки давлат президентлари олий даражада учрашишади.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама этишади.
Асосий эътиборларини савдо, транспорт ва транзит, энергетика соҳаларидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалигида кооперация лойиҳаларини илгари суришга қаратишади.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алмашинув бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш масаласига ҳам тўхталишади.
Ташриф доирасида қатор икки томонлама тадбирлар, шу жумладан, Иқтисодий форум ўтказиш ҳам режалангани айтилади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, кўп қиррали шерикликни жадаллаштиришга қаратилган ҳужжат ва шартномаларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилаётгани таъкидланади.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар ҳам Туркманистон Ўзбекистон учун хавфсизлик ва иқтисодий нуқтаи назардан муҳим эканлигини таъкидлашади.
Ўзбекистон дунёнинг денгиз йўлларига йўли буткул бекиқ саноқли давлатларидан бири саналади.
Туркманистон эса, Ўзбекистонни жаҳон бозорига энг қисқа йўл билан олиб чиқиши мумкин.
Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Эрон, Афғонистон ва Покистон орқали денгиз портларига чиқишни орзу қилиб келади.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, ҳозир сони расман 35 миллионга яқинлашган.
Ишсизлик ва камбағалликни аритиш, ўзининг анъанавий бозорларини турфалаштириш ва янги иш ўринларини яратиш бугунги Ўзбекистон ҳукуматини жиддий ўйлантираётган масалалардан бири экани кўрилади.
Айрим етакчи маҳаллий иқтисодий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон Туркманистоннинг газни қайта ишлаш, агросаноат, кимё саноати каби соҳаларига янада чуқурроқ кириб бориб, ўз ўрнини эгаллаш потенциалига эга.
Бошқача сўз билан айтганда, Туркманистон Ўзбекистон учун янги меҳнат бозори вазифасини бажариши мумкин.
Сўнгги куз-қиш мавсумларида эса, айнан Туркманистон Ўзбекистонда юзага келаётган энергетика бўҳронини енгиллатишга кўмак қилган минтақа давлати сифатида ҳам ўртага чиққан.
Ўзбекистонга бир йилга фавқулодда электр энергияси етказиб берган, газ тақчиллиги янада актуаллик касб этган бир паллада Ўзбекистоннинг Туркманистон биржаларидан ёқилғи маҳсулотлари сотиб олгани ҳам маълум бўлган.
Хавфсизлик
Туркман-афғон чегарасидаги вазият Туркманистон билан муносабатларда Ўзбекистон раҳбариятини биринчи навбатда ташвишга солувчи муҳим масалалардан бири сифатида кўрилади.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бу галги расмий ташрифи, бошқа томондан, Афғонистонда Толибон яна қудратга қайтган бир пайтга тўғри келган.
Тошкентдаги музокаралар чоғида бугунги Афғонистон масаласининг қай тартибда кун тартибига чиқиши ҳозирча маълум эмас.
Туркманистон раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги расмий хабарда томонларнинг халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишлари айтилган. Аммо тафсилотлари очиқланмаган.
Нейтрал Туркманистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Толибон ўтган ой бошида ўзининг муваққат ҳукуматини тузган, Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Ўзбекистон ва Туркманистон Толибон билан расман ва фаол мулоқотда бўлган, Афғонистонда ўзларининг жиддий иқтисодий манфаатларига эга, Афғонистон билан ўз темир йўл орқали боғланган икки Марказий Осиё давлати саналишади.
Толибоннинг муваққат ҳукуматини ҳозирча дунёнинг бирор бир давлати қонуний, деб расман тан олмаган.
Афғонистонда юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий ва инсоний бўҳрон эса, бу мамлакатдаги вазиятни издан чиқариб юбориши, унинг қайта "террорчи гуруҳлар уяси"га айланиши мумкинлигига оид жиддий хавотирлар бор.
Минтақа давлатлари мавжуд вазиятда ўз хавфсизликлари баробарида янги ва йирик қочқинлар оқими эҳтимолидан ташвишда.
Ўзбекистон Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонга гуманатар ёрдам юборишга қарор қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев яқинда, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги саммитида қилган чиқиши чоғида халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни яккалаб қўймасликка чақирган.
Ўзбекистон раҳбари, ўз навбатида, "Тинчлик исташса, Афғонистонга кўмак беришда давом этишлари"ни ҳам айтган.
Туркманистон президенти ҳам куни-кеча Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига берган сўнгги суҳбатида Афғонистонга гуманитар ёрдамларини тўхтатмасликларини маълум қилган.
Ўзбекистон Армияси Марказий Осиёда энг қудратлиси саналади.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сўнгги чиқишларидан бирида ҳам Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб туришганини айтган.
"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр" эканини баён қилган.
Аммо Туркманистон Қуролли кучларининг қанчалик жанговарлиги сўнгги ўттиз йил мобайнида минтақавий экспертларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келган.
Орада расмий Ашхободнинг Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш, қўриқлашда Ўзбекистон, Россия ва АҚШдан ёрдам сўраганига оид хабарлар ҳам олинган.
Туркманистон Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга иккита давлатидан биттаси бўлади.
Имконли бўлган манбаларда бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегаранинг узунлиги 800 км. дан ортиқроқни ташкил этиши айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek