Россия, ўзбек мигрантлар: Ковиддан ўлган синглим бир ҳафта ўликхонада ётди, Питерга кўмдик - Видео

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россияда ишлаётган ва яшаётган миллионлаб ўзбекистонликлар орасида ҳам ковиддан нобуд бўлаётган кўп.

Самарқандлик Чарос Қуватова коронавирус оқибатида Россияда вафот этди. 42 ёшли синглиси айрилиғи билан бирга дафн ташвишлари ғами Нигоранинг зиммасига тушди. Рўзғорга етаридан ортиқ пули бўлмаган оила марҳумани Питерда тупроққа қўйишди.

Бу Россияда ҳаётдан кўз юмиб, шу ерда кўмилаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг ўндан, балки юздан бири. Нигора Қуватова Би-би-си ўзбек хизматига муҳожирликда бошига тушган кулфат ҳақида гапириб берди.

"Ўша пайти комада экан"

- Синглим шамоллаб қолиб, шифохонага тушганини эшитдим. Гилос, у-бу нарса олиб кўргани бордим. Ичкарига киришга қўйишмас экан. Чарос ётган қават ва хона рақамини билардиму, қайси бўлимдагилигини сўрамабман. Эшик олдида исм-фамилияси ва хона рақамини ёздим, олиб борган нарсаларимни етказиб қўйишлари учун қолдириб, кетдим.

Чаросга шунча телефон қиламан, жавоб бермайди. Кейин билсам, ўша пайти синглим комага тушган экан…

18 июль куни акам қўнғироқ қилди. «Эшитдингми, Чаросни?» деди. Шоша-пиша, «нима бўлди, комадан чиқдими?» дедим. «Йўқ, уни йўқотдик» деди. У ёғига нималар бўлди, эслолмайман. Бақириб йиғладим, ўзимга сиғмайман, юрагим олов бўлиб ичимни куйдириб ёнди.

Ҳеч ишонгим келмайди: «синглим йўқми энди» дейман ўзимга ўзим.

Ўша куни эрталабгача ухлаганимиз йўқ. Бироз ўзимизга келганимиздан кейин синглимнинг майитини уйга юборишни маслаҳатлашдик.

Россиянинг ҳар еридан ёрдам

Йўл-йўриқ излай бошладик. Ўзбекистонга «юк» юбориш 160-170 минг рубль (тахминан 2000-2200 доллар) дейишди. Ҳеч биримизда бунча пул йўқ. Нима қиламиз, дея бошимиз қотди.

Шу пайт Гулноз деган таниш қиз қўнғироқ қилиб қолди, бу ерда ошпаз бўлиб ишлайди. Унга кеча синглимни ўлгани, кўмиш учун уйга юборишга пулимиз йўқлигини айтиб йиғладим.

- Ҳозир унга-бунга телефон қиламан. Сиқилманг, арафа кунлари савобталаб кўп. Масжиддагилар, одамлар ёрдам қилади, ўртада пул тўплашиб жўнатамиз, деди у.

Шундан кейин интернетда эълонлар берилди, телефоним тинмай қолди. Москва, Магадан, Владивосток, Россияни ҳар еридан одамлар қўнғироқ қилиб кўнгил сўрашди, ҳамдардлик билдиришди. Бегона одамлар, ҳеч бирини танимайман.

Ҳар ким имкони қадар пул жўнатди. Телефонимга «тинг» этиб хабар келади, кимдир 40 рубль, кимдир 50 рубль юборган бўлади. Шундай қилиб, бир соатда 80 минг рубль йиғилди. Аммо бу синглимнинг жасадини ватанга юборишга етмасди.

Мусулмонлар қабристонидан жой

Чорамиз қолмади, уни Петербургда тупроққа қўйишга қарор қилдик. Достоевский метро бекатининг ёнидаги дафн маросимлари идорасига бордим. Синглим вафот этди, кўмишга қанча пул кетади, деб сўрадим.

«Қанча пулинг бор?», деди.

50 минг рубль атрофида пулим борлигини айтдим. Йиғилган пулдан хужжатларга, ўликни дорилашга, кафанликка ҳаражат қилгандик.

Етади, деб 3 та қабристонда жой борлигини айтишди. Бири мусулмонлар қабристони эди, шуни танладим.

«Бизга мусиқаю гулчамбар керак эмас, кафанни ўзим олиб келаман. Тобут ва машина бўлса бўлди», дедим.

Ҳисоб-китоб қилдик, ҳаражатлар 40 минг рубль атрофида бўларкан, келишдик.

Яна хужжатлар учун анча югурдим. Кафанлик, жаноза учун мулла топиш ва шунга ўхшаш дафн билан боғлиқ масалаларни ҳал қилгунимча, Чароснинг жасади ўликхонада бир хафта қолиб кетди.

"Чарос, қаердасан?"

Ҳаммаси битгач, ўликхонага бордим. Касалхонага борганману ўликхонага бормаган эдим, ҳеч эшигини топа олмайман. Бинони атрофини айланаман, кириш жойи қаерда, билмайман. У ёққа ўтаман, черков, бу ёқда эшик йўқ, тополмайман.

Тентакдек бўлиб қолдим, Бор овозда «Чарос, Чарос, ман келдим, қаердасан?» деб бақира бошладим. Кўрсангиз, ҳудди деразадан синглим қараб, «ҳа, мен бу ёқдаман» дейдигандек…

Айланаман, тополмайман. Охири ерга ўтирдим-да, ерни муштлаб йиғлай бошладим. «Қанисан, Чарос? Қанисан?» деб.

Қанча вақт ўтди, билмайман. Бир рус киши келиб, мени тургазиб, эшиккача кузатиб қўйди.

"Кун кўрмай кетди"

Синглимни тобутга жойлаб, кафанлаб қўйишган, ёпиқ.

Шифокорга «оч, юзини, кўрай дедим. «Йўқ, очмайман», деди.

«Илтимос, синглимни охирги марта кўрай», деб ялиндим.

«Дориланган, ковид билан ўлган, очмаймиз», дейишди.

«Бу синглим эмас, алдаб бошқа одамни жасадини кўмаяпсизлар. Мени синглим ўлмаган», дейман.

«Ишон-ишонма, ўзингни ишинг. Бор, полицияга бер, очиб кўрсатишади», дейди.

Шундай йиғлайманки, охирги мартагина кўрай, юзини кўрсатишсин, деб.

Йўқ, кўрсатилмади. Синглим билан юз кўриб видолаша олмадим…

Жаноза ўқилгач, марҳуманинг қарзи бўлса, ким тўлайди, деган савол берилди. Акам олдинга чиқди. Синглимнинг қарзлари кўп эди. Охирги пайт қийинчиликда яшади, ёш болали бўлгани учун ишлай олмади. Ҳаммамиздан пул сўраб, кун кўрди. Биз ҳам ўзимиздан ортиб, ҳар доим ёрдам қила олмадик. Афсус.

Бир киши дунёда шундай келдию, кун кўрмасдан шундай ўтди-кетди. 42 ёшида, Мусофирликда яна…

ххх

Бу Россияда вафот этаётган ва тупроққа қўйилаётган ўнлаб, балки юзлаб ўзбекистонликлардан биттасининг дарду ҳасрати холос.

Нигора Қуватова Би-би-си ўзбек хизмати билан суҳбат жараёнида «синглимнинг жасадини ватанга юборишда ёрдам сўраб Санкт-Петербургдаги ваколатхонага бордим, рад жавобини олдим» деди.

Биз бу даъво юзасидан Миграция агентлигининг Санкт-Петербургдаги ваколатхонасига бир неча бор қўнғироқ қилиб, боғлана олмадик.

Санкт-Петербургдаги консуллик ходими Равшан Бахриддинов «200-юк юбориш» бўйича мурожаатларда маслаҳат берилиб, хизмат учун миграция агентлигининг ваколатхонасига йўналтирилишини билдирди.

Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Саиднумон Мансуров бу хизматларни меҳнат мигрантларига ёрдам дастурига Россияда яшаш гувоҳномаси (ВНЖ)га эга ўзбекистонликлар киритилмаганини билдирди.

Марҳума Чарос Қуватовада Россияга яшаш гувоҳномаси бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek