Россия танклари тожик-афғон чегараси яқинига ташланди - Афғонистон ва Толибон O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Published

Афғонистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош катта ҳудуди ҳануз Толибон қўлида қолмоқда. Россия Тожикистон ва Ўзбекистон билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказмоқчи.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга Россиянинг ҳарбий базаси ва иншоотлари жойлашган иккита Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади.

Айнан Тожикистондагиси Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳисобланади.

Афғонистондаги кескинлашиб бораётган вазиятдан уч Марказий Осиё давлати қаторида Россия ҳам жиддий хавотирда.

Толибон сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош вилоятларидаги деярли барча туманлар, муҳим назорат-ўтиш нуқталари ва айрим йирик портларни босиб олган.

Энди эса, асосий эътиборини вилоят марказлари - йирик шаҳарларга қаратган.

Расмий Москва мавжуд вазият сабаб, катта сондаги афғонларнинг бу уч Марказий Осиё давлатига қочиб ўтиши ва ўзининг "жанубий чегаралари"даги вазиятнинг беқарорлашиши мумкинлигидан ҳам хавотирда.

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида ўтган ой Россия президентининг шахсан ўзи Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам КХШТ доирасида ёрдам беришларини айтган.

Россия Ташқи ишлар вазири эса, лозим бўлса, Тожикистондаги ҳарбий базалари имкониятлари ҳам ишга солинишини баён қилган.

Хабарларга кўра, Россия келаси ой Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳарбий машқлар ўтказмоқчи.

Рейтер ахборот агентлигининг ёзишича, кеча, сешанба куни эса, худди шу мақсадда Россия ўзининг танкларини тожик-афғон чегараси яқинига жойлаштирган.

Танклар Афғонистон чегараси яқинидаги полигонга Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасидан ташлангани айтилмоқда.

Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи баёнотига таяниб, ТАСС ахборот агентлиги хабар берган.

Агентлик танкчилар сафарбарлик чоғида карвонни ҳимоя қилиш ва душман ҳужумини қайтаришни ҳам машқ қилишгани ҳақида ёзган.

Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон кучлари иштирокидаги қўшма ҳарбий машғулотларнинг 5-10 август кунларига режалангани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, режадаги ҳарбий машқлар аввалига Тожикистонда ўтказилади.

Машғулотлар Афғонистон билан чегарадан бор-йўғи 20 км узоқликда бўлиб ўтади.

Хабарда Россия Қуролли кучларининг шу ҳафта душанба кунги баёнотига таянилган.

Унда ёзилишича, Россиянинг Ўзбекистон жанубидаги қўшма ҳарбий машқлари 30 июль-10 август кунларига режаланган.

Бу машғулотларнинг ҳам Афғонистон билан чегара яқинида бўлиб ўтиши айтилган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги қўшма машғулотларга "1500 га яқин аскар ва 200 та техника билан бирга самолётлар ҳам жалб қилинади".

Орада Россия ҳарбийларининг Самарқандда ҳам ҳарбий машқлар ўтказишгани хабар берилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб ўзининг шахсий таркиби жанговар шайлигини ҳам синаб кўрган.

Толибоннинг сўнгги ҳужумлари манзарасида Тожикистон баробарида Ўзбекистонга ҳам афғон ҳарбийлари ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳлар вакиллари қочиб ўтишган.

Сўнгги расмий рақамларда уларнинг умумий сони 150 га яқин экани айтилган.

Ўзбекистон лозим расмиятчиликдан сўнг улар барчасининг ортга қайтарилганини расман маълум қилган.

Расмий Тошкент чегарани ноқонуний бузиб ўтишга уриниш ҳолларининг "қатъий бартараф" этилиши билан такроран огоҳлантирган.

Аммо шу пайтгача Афғонистон Толибон ҳаракатининг бирор бир Марказий Осиё давлатига тўғридан-тўғри ҳужуми кузатилмаган.

Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати ўзининг яқинда Москвага қилган амалий ташрифи чоғида Россия томонини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтиришгани ҳам расман хабар берилган.

Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга давлати бўлади.

Толибон ўз ҳужумларини кучайтирган сўнгги ҳафталарда энг катта сондаги афғон ҳарбийлари давлат чегарасини бузиб ўтаётган мамлакат экани ҳам кўрилади.

Шу пайтгача юзлаб сондаги оддий афғонларнинг ҳам айнан ва фақат Тожикистонга қочиб ўтаётгани кузатилади.

Тожикистон орада Афғонистон билан давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш учун захирадан қўшимча 20 минг ҳарбийсини ташлашга қарор қилган.

Бу хусусда ўзи амалдаги раиси бўлган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан ҳам расман кўмак сўраган.

Ташкилот Бош штаби бошлиғи бошчилигидаги оператив гуруҳ Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги вазиятни ҳам ўрганиб қайтган.

Тожикистонга "моддий-техник кўмак лозим", деган тўхтамга ҳам келган.

Марказий Осиёда Қуролли кучлари энг жанговари, дея эътироф этилувчи Ўзбекистон ҳозир бу ташкилотга кирмайди.

Аммо Россия Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади.

Ўзбекистон айнан сўнгги тўрт йил ичида қўшма ҳарбий машғулотларга зўр берган.

Бунда саноқли давлатлар билан чекланмай, ҳамкорлари сафини ҳам тобора турфалаштириб бораётгани кўрилган.

Расмий Тошкентнинг бу хатти-ҳаракатлари айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар томонидан Ўзбекистоннинг "ҳарбий куч-қудратини кўрсатиб қўйиш истаги" билан ҳам изоҳланган.

Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон режалаётгани айтилган қўшма ҳарбий машғулотларга оид хабарларга ҳозирча Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek