You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон чегараси яқинида яна ҳужум, толиблар энди Ҳайратонни нишонга олишган – Афғонистон ва хавфсизлик Video O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
Толиблар Ҳайратон бандаргоҳига Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки шимолий туманидан ҳужум қилишган. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида жойлашган Ҳайратон халқаро аҳамиятга молик бандаргоҳ саналади. Толибон ҳужум қилган маскан Термиздан атиги бир неча чақирим масофада жойлашган.
Бандаргоҳнинг шиддатли ҳужумлар остида қолганига оид хабар Толибон Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош Калдор туманини қайта босиб олганини иддао қилиб чиқишидан саноқли соатлар ўтиб бўй кўрсатган.
Толибон Ўзбекистонга таҳдидми? -Видео
Шу душанба куни туманни толиблардан тозалашга муваффақ бўлганликларини расман баён қилган Афғонистон ҳукумати эса, жангариларнинг орадан бор-йўғи кун ўтиб янграган бу даъволарини расман тасдиқламаган.
Калдорни қайта қўлга киритиш билан айнан Ҳайратон бандаргоҳи ва шаҳарчасига толиблар хавфини аритганликларини ҳам айтишганди.
Ҳайратонга қарши ҳужум
Минтақадаги мухбирларимизнинг маҳаллий масъулларга таяниб хабар қилишларича, толибларнинг ҳужуми маҳаллий вақт билан кеча, кечга яқин бошланган ва ярим тунга қадар давом этган.
Улар Ҳайратонни айнан бандаргоҳ яқинида жойлашган Шўртепа ва Калдор туманларидан ҳужумга тутишган.
Ҳайратон бандаргоҳига 3-4 киломертгача яқинлашишга муваффақ бўлишган.
Уларнинг сонлари ўнлаб экани айтилган.
Аммо, маълум бўлишича, Ҳайратонга Балх вилояти маркази Мозори Шарифдан қўшимча мадад кучлари ташланган.
Бир неча соатлик шиддатли жанглар ортидан, танклар билан ҳам қуролланган бир неча юз афғон ҳарбийси толиблар ҳужумини даф этишган.
Ўзаро жанглар чоғида ҳар икки томоннинг талофатларига оид расмий ва тасдиқланган хабарлар ҳозирча имконли эмас.
Аммо афғон ҳарбийлари толибларга қаттиқ зарба берганликларини иддао қилишган.
Уларнинг бу даъволарига ҳаракатнинг муносабати ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
Ҳайратон полицияси қўмондони Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида бугун, 1 июль куни жангариларни бандаргоҳ атрофидан буткул сиқиб чиқариш учун янги ҳарбий амалиёт уюштириш режасида эканликларини ҳам билдирган.
Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, Ҳайратондаги жангларга Афғонистон ҳукуматининг шахсан ўзи эътибор қаратган.
Маҳаллий масуъллар ва ҳарбийларга қандай қилиб бўлмасин, бандаргоҳни сақлаб қолишни буюрган.
Ҳайратон бандаргоҳи ҳеч қачон толиблар қўлига ўтмаслиги, бунга йўл қўймасликка қурблари, куч-қудратлари етишини баён қилган.
Толиблар ва бандаргоҳлар
Толибон Шўртепа ва Калдор туманларини тасарруф этганлигини шу шанба куни маълум қилган.
Орада Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятидаги стратегик жиҳатдан муҳим яна бир тумани - Андхўйни ҳам маълум муддат босиб олишга муваффақ бўлган.
Бу каби ютуқлари ортидан, Афғонистон шимолидаги халқаро аҳамиятга молик икки йирик - Ҳайратон ва Оқина бандаргоҳларининг ҳам Толибон таҳдиди остида қолгани маълум бўлган.
Толибон сўнгги икки-уч ҳафтанинг ўзида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги Шерхон ва Ойхоним бандаргоҳларини ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Бу икки бандаргоҳнинг ҳали-ҳануз толиблар назорати остида қолаётгани айтилади.
Орада Толибон Шерхон бандаргоҳи фаолиятини қайта тиклагани ва аллақачон ундан фойда ола бошлаганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо афғонистонлик масъуллар айни мазмундаги хабарларни расман тасдиқлашмаган.
Стратегик жиҳатдан муҳим ва халқаро аҳамиятга молик бандаргоҳларнинг Толибон қўлига ўтаётгани аллақачон Афғонистон иқтисодий жиддий зарба бериши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Сўнгги вазият ва огоҳлик
Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, ҳали жанглар арафасидаёқ Ҳайратон шаҳарчасидаги барча Мозори Шариф шаҳарига қочиб келган ва улар ҳали-ҳануз ортга қайтишмаган.
Вазият нисбатан тинч эса-да, шаҳарчадаги ҳамма нарса ёпиқ, бандаргоҳ ҳам фаолиятдан тўхтаган ва жорий пайтда қачон иш бошлаши номаълумлигича қолаётир.
Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.
Расмий Тошкентнинг бу қарори толиблар Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир пайтга тўғри келган.
Аммо Ўзбекистон томони бунинг сабабини ўшанда Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.
Афғонистонлик ҳарбийлар ва маҳаллий қуролли гуруҳлар аъзоларининг толиблар ҳужумидан қочиб, устма-уст Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишга уринишлари манзарасида кескин баёнотлар билан чиққан.
Бунга ўхшаш ноқонуний уринишлар қатъий бартараф этилиши билан расман бир эмас, такроран огоҳлантирган.
Уларнинг айни мазмундаги баёнотларига расмий Кобул муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ўтган йилнинг 20 август куни Мозори Шариф яқинидаги темир йўл қўриқчиларига уюштирилган ҳужумда эса, бир нафар Ўзбекистон фуқаросининг яралангани расман тасдиқланган.
Унинг "Суғдиёна транс" корхонасининг координация бўлими бошлиғи ўринбосари экани айтилган.
Аммо Ўзбекистон томонининг расмий хабаридан ҳужум қилган қуроллиларнинг ким экани тафсилотлари ноаён қолганди.
Робиталар
Ўзбекистон 75 чақиримлик Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини Афғонистонга 2011 йилда қуриб берган.
Бу йўл Афғонистон учун Шимолий Таъминот тармоғининг муҳим бўғини сифатида ҳам кўрилади.
Трансафғонистон транспорт йўлагининг бир қисми бўлади.
Агар, имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Афғонистон импортининг қарийб ярми шу йўл орқали ўтади.
Бундан бир неча йил аввал мазкур лойиҳанинг давоми сифатида тез орада Мозори Шарифни Шибирғон ва Маймана орқали Ҳиротга боғловни темир йўлнинг ётқизилиши ҳақида ҳам хабар берилган.
Бу Афғонистон шимоли-ғарбида транспорт иқтисодий йўлагини яратишга имкон бериши айтилганди.
Амударё устида барпо этилган, Ўзбекистон Термизини Афғонистон билан боғлаб турган "Ҳайратон" кўприги икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янада яқинлашишини осонлаштирадиган робита, деб кўрилади.
Ушбу чегара-божхона мажмуаси мамлакат иқтисодиёти ва халқига катта манфаат келтираётгани ва келтириши мумкинлиги айтилади.
Ҳайратондаги воқеаларнинг сўнгги ривожига ҳозирча Ўзбекистон томонининг бирор бир муносабати кўзга ташланмайди.
Аммо Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 28 июнь кунги сўнгги расмий баёнотида ҳам Ўзбекистон ҳукумати нейтралитетни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканини қатъий маълум қилган.
Вазирлик ўзининг 24 июнь кунги илк расмий баёнотида эса, Афғонистон, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини билдирганди.
Шимол ва шимол-шарқ
Афғонистоннинг қолган шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида вазиятнинг нисбатан тинч экани айтилади.
Аммо Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош Таҳор вилоятининг айрим туманларида ҳануз жанглар кечаётганига оид хабарлар бор.
Кеча, чоршанба куни Толибон Таҳорнинг Фархор туманида ҳозирда марҳум таниқли мужоҳиддин қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг қароргоҳини босиб олгани ҳам хабар берилган.
Тожикистондаги узоқ йиллик фуқаролар урушига якун ясаган сулҳ битимининг худди шу ерда имзолангани айтилади.
Кеча, 30 июнь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон пойтахт Душанбеда Афғонистон Вулуси Жирга (Вакиллар палатаси)нинг раиси билан учрашган.
Расман хабар берилишича, президент Раҳмон Мир Раҳмон Раҳмонга "Тожикистон халқи ҳамиша Афғонистон халқи тарафида бўлиши"ни айтган.
Тожикистон раҳбари бугун Россия Давлат Думаси раиси билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва Парламент Ассаммблеяси Кенгашининг аъзо давлатлар хавфсизлиги масаласида тутган ўрнини гаплашиб олган.
Хабарларга кўра, Россия Давлат Думаси раиси кенгашнинг пойтахт Душанбедаги мажлиси теграсида Мир Раҳмон Раҳмон билан ҳам икки томонлама музокаралар олиб бормоқчи.
Худди шу манзарада Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчисининг Москвага сафар қилаётгани маълум бўлган.
Хабарларда хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик Россиядаги музокаралар чоғида кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлиши айтилган.
Россия ҳозир дунёнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнларига расман бош қўшган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Сўнгги йилларда Москва Толибон иштирокидаги бир неча босқич тинчлик музокараларига ҳам мезбонлик қилган.
Россия АҚШ ва Хитой билан бирга минтақадаги энг йирик учта геосиёсий ва геоиқтисодий ўйинчидан биттаси бўлади.
Афғонистондаги АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари эса, 11 сентябргача мамлакатни деярли буткул тарк этишмоқчи.
Уларнинг Афғонистондаги ҳозирликлари қанчалик жиғларига тегишини орада кечган вақт давомида Россия ҳам, Хитой ҳам яширишмаган.
Орада Ғарб нашрларида АҚШ қўшинларининг Афғонистонни буткул тарк этишларига эришиш учун толибларни "қўллаётгани"га оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Бошқа томондан, сўнгги ўн йилликларда "жанубий чегаралари"нинг хавфсизлиги Россияни жиддий хавотирга солиб келиши ҳам бор гап.
Толиблар эса, қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ортга қайтишни бошлаган сўнгги икки ойнинг ўзида Афғонистоннинг, айниқса, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштиришган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзида бу минтақаларда ўттиздан ортиқ туманни босиб олишган.
Шимолий Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона вилояти бўлади.
Бу вилоятнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош иккитаси илова жами олти тумани ҳозир ҳам шимол ва шимол-шарқдаги қолган аксарияти каби толиблар назорати остида қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek