Толибон Ўзбекистонга бевосита чегарадош туманни яна босиб олганини айтмоқда, маршал Дўстум жангга тайёрланаяптими? Video O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Published

Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош тумани яна толиблар қўлига ўтди. Толибоннинг бу даъвосини масъуллар ҳалича рад этишмади. Маршал Абдулрашид Дўстумнинг жанг режасини чизаётган қиёфадаги сурати ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатди.

Калдор шимолий Балх вилоятининг Шўртепа билан бирга Толибон шу шанба куни босиб олганини иддао қилган иккита туманидан биттаси бўлади.

Маҳаллий масъуллар толибларнинг Калдор билан боғлиқ даъвосини дастлаб рад этишган, Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда бу каби хабарларни расман тасдиқлашмаганди.

Аммо кеча, 29 июнь куни Балхнинг қудратли собиқ ҳокими ва Афғонистон шимолида катта таъсирга эга сиёсатчилардан бири бўлган Атто Муҳаммад Нур бошчилигидаги икки кунлик ҳарбий амалиётлар ортидан, Калдор яна ҳукумат назорати остига ўтган.

Бу ҳақда Атто Муҳаммад Нурнинг шахсан ўзи Facebook даги саҳифасида хабар қилган, генерал ўз постига амалиётлар чоғида олинган суратларни ҳам илова қилган.

Толибонга қарши жангларда Атто Муҳаммад Нурнинг тарафдорлари билан бирга яна ўнлаб афғон хавфсизлик ва полиция кучлари аъзолари ҳам иштирок этишгани маълум бўлган.

Ҳарбий амалиёт иштирокчилари бунинг ортидан Ҳайратон бандаргоҳи ва ҳайратонликларга ҳам толиблар таҳдиди ариганини айтишган.

Жанглар чоғида толибларга катта талафот етказишганини ҳам иддао қилишган.

Мазкур янгиликка ўз эътиборини қаратган Тожикистондаги айрим йирик интернет нашрлари масъулларга таяниб, Афғонистон билан чегарадаги вазият тинч, хавотирга ўрин йўқ экани ҳақида ҳам ёзишган.

Калдор учун бўлган жангларда Афғонистон томонидан Тожикистон чегарасини кесиб ўтишга уриниш ҳоллари бўлмаганини маълум қилишганди.

Ўзбекистонга бевосита чегарадош Калдор ва Шўртепа яна халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон бандаргоҳига яқин жойлашгани билан ҳам Афғонистоннинг стратегик жиҳатдан муҳим туманлари сифатида кўрилишади.

Аммо бугун кун аввалида Афғонистон шимолидан олинган хабарларга кўра эса, Толибон бир кечанинг ўзида Калдорни қайта қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, ҳаракат бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилган, ўз постига Калдорда олинган суратларни ҳам илова қилган.

Бу уларнинг бор-йўғи ўтган тўрт кун ичида иккинчи бор айни мазмундаги баёнот билан чиқишлари бўлган.

Аммо афғонистонлик масъуллар ҳозирча уларнинг бу даъвосини расман тасдиқлашмаган.

Генерал Атто Муҳаммад Нурнинг ҳам бунга бирор бир муносабат билдириб чиққани ҳалича кўзга ташланмаган.

Аммо улар Калдордан кейин шимолий Балх вилоятидаги Толибон назорати остида бўлган қолган беш туманни ҳам тозалаш ниятида эканликларини маълум қилишганди.

Хорижда даволаниб, яқинда Афғонистонга қайтган Атто Муҳаммад Нур Калдордан аввал Шўртепани ҳам толиблардан тозалашга ҳаракат қилиб кўрган.

Аммо тумандаги қатор қишлоқлар озод қилингач, минага тўқнаш келиб, бир қанча қуроллисини бой бериши ортидан, уларнинг афғон ҳукумат кучлари билан бирга ҳудудни тарк этишгани маълум бўлганди.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, Ўзбекистонга бевосита чегарадош Шўртепа илова бу туманларнинг барчаси ҳам ҳали-ҳануз толиблар қўлида қолмоқда.

Ўзбекистон томони ўтган бир неча куннинг ўзида Афғонистон шимолидаги вазият борасида кетма-кет икки бор расмий баёнот билан чиққан.

Қўшалоқ баёнот тафсилотларидан сўнгги бир ҳафта давомида айнан Шўртепа орқали юз нафар афғонистонлик ҳарбий ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакилларининг Ўзбекистонга ўтишга урингани маълум бўлган.

Чегарани бузиб ўтганларнинг барчаси Афғонистонга қайтарилганини билдирган Ўзбекистон Тақши ишлар вазирлиги ўзининг душанба кунги сўнгги баёнотида ҳам бу каби уринишлар қатъий бартараф этилиши билан яна бир бор расман огоҳлантирганди.

Калдорнинг толиблардан тозаланганига оид хабарлар манзарасида ижтимоий тармоқларда маршал Дўстумнинг жанг режасини чизаётган қиёфадаги сурати бўй кўрсатган.

Орада унинг "кутилмаганда соғлиги ёмонлашиши" ортидан Туркияга жўнаб кетгани ва у ерда даволанаётгани хабар берилган.

Партияси воизи сўнгги суратнинг бир ҳафтача олдин Туркияда олинганини тасдиқлаган, ҳозир маршал Абдулрашид Дўстумнинг соғлиги яхши эканини билдирган.

Шу дам олиш кунларида яқинлари билан суҳбатидан маршал Дўстумнинг тез орада Афғонистонга қайтиши маълум бўлган.

Маршал Дўстумга яқин манбалар унинг шанба куни Афғонистон шимолидаги вазиятни Жаузжондаги айрим маҳаллий қўмондонлар билан гаплашиб олгани, уларни Толибонга қарши бирлашиш ва ўз тарафдорларини сафарбар этишга чақирганини айтишган.

Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан ҳам бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири саналади.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси сифатида ҳам кўрилувчи Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши уришиб келган.

Ўша пайтда генерал бўлган Дўстумнинг кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда муҳим ўрин тутган.

Орада президентликка ўз номзодини ҳам қўйган, биринчи ўзбек вице-президент мақомигача кўтарилган, маълум муддат Афғонистон Қуролли кучларига ҳам бошчилик қилган.

"Кутилмаганда соғлиги ёмонлашиб", даволаниш учун Туркияга жўнаб кетмасидан аввал ҳам маршал Дўстумнинг Афғонистон шимолидаги жангларга шахсан ўзи бошчилик қилгани кўрилган.

Бунинг ортидан, айнан Атто Муҳаммад Нур маршал Дўстумга ҳам Толибонга қарши ўз кучларини бирлаштириш таклифи билан чиққани ва у буни хуш қаршилагани ҳам маълум бўлганди.

Толиблар сўнгги бир неча ҳафта ичида Афғонистоннинг, айниқса, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштиришган.

Саноқли ҳафталарнинг ўзида бу минтақаларда ўттиздан ортиқ туманни босиб олишган.

Шимолий Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона вилояти бўлади.

Толибларнинг сўнгги ютуқлари ортидан, Ҳайратон ва Оқина каби Афғонистон шимолидаги стратегик ва халқаро аҳамиятга молик бошқа йирик бандаргоҳлар ҳам хавф остида қолгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.

Аммо ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг Афғонистондаги вазиятга оид 24 июнь кунги расмий баёнотида чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини билдирган.

Бетарафликни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий баён қиларкан, вазирлик ўзининг расмий баёнотида Афғонистондаги ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳам чақирган.

Худди ўша куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини синовдан ўтказаётганини расман хабар берган.

Аммо расмий хабарда амалий машғулотларнинг режага асосан қилинаётгани айтилганди.

Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, Афғонистон мудофаа, Ички ишлар вазирлари ва мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони алмашиши ортидан, афғон хавфсизлик кучлари мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида фақат саноқли туманлар назоратинигина яна ўз қўлларига қайтариб олишган.

Бунгача Афғонистон ҳукумати ўзининг уруш стратегияси, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятга эътибори ва кадрлар танловидаги қарори учун жиддий танқидлар остида қолиб келган.

Мухбирларимизга кўра, сўнгги кунларда минтақага қўшимча мадад кучлари ташланмаган.

Қўлларига қурол олган собиқ мужоҳиддин қўмондонлари, кўнгиллилар ва афғон хавфсизлик кучлари эса, жорий пайтда ўзларининг асосий эътиборларини шаҳарлар ҳимоясига қаратишган, дейишади улар.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги вазият манзарасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сўзчисининг Би-би-си Ўзбек хизматига, "Ўзбекистон ўз чегаралари дахлсизлиги ва суверенитетини таъминлаш даражасида қудратга эга" эканлигини билдирганди.

Аммо ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирган.

Сўнгги хабарларга кўра, АҚШ келаси бир неча кун ичида Афғонистонни буткул тарк этиши мумкин.

Америкалик мулозимлар Рейтер ахборот агентлигига фақат АҚШ элчихонаси ва Кобул халқаро аэропортини қўриқлаш учунгина муайян сондаги ҳарбийлари Афғонистонда қолиши мумкинлигини айтишган.

Юқори мартабали АҚШ қўмондони эса, ўзлари чиқиб кетгач, Афғонистон фуқаролар уршига юз тутиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Бундай эҳтимолни назардан соқит этмаётган генерал Миллер Афғонистондаги АҚШ кучларига масъул қўмондон бўлади.

АҚШ генералидан аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳам шунга ўхшаш огоҳлик билан чиққан.

У Хавфсизлик Кенгашига ҳисоб бераркан, Толибон сўнгги икки ой ичида 50 дан ортиқ туманни босиб олгани, кўплаб шаҳарларни қамал қилиб, тобора пойтахт Кобулга яқинлашаётганини айтиб, бундан кейин воқеалар "даҳшатли тус олиши" эҳтимоли ҳақида сўз юритганди.

Кеча, сешанба куни Германия Афғонистонда бўлган сўнгги олти юзга яқин аскарининг барчаси ортга қайтарилганини расман маълум қилган.

Бугун, 30 июнь куни Афғонистон Миллий ярашув Олий кенгашининг раиси ҳам Толибон хорижий иттифоқ қўшинларининг чиқиб кетаётганидан фойдаланиб, ўз ҳужумларига зўр берганини айтган.

Доктор Абдулла Абдулла бу каби ҳолат ҳаракатнинг тинчликка мойил эмас эканига оид хавотирларни янада кучайтирганини таъкидлаган.

Миллий ярашув Олий кенгаши Афғонистоннинг тинчлик жараёнига масъул энг нуфузли идораси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek