You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон ва Россия: ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, қўшимча рейслар ва Россияга поезд қатнови - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари Москвада нимага келишди? Ўзаро мулоқот чоғида кўтарилган айрим масалалар маҳаллий нашрларнинг хос эътиборларига ҳам сабаб бўлмай қолмади.
Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг Москвадаги йиғилиши доирасида музокаралар олиб боришган.
Россия томонининг расман хабар беришича, Абдулла Арипов мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам парвозлар сонини кўпайтириш тўғрисидаги қарордан ўзларининг миннатдор эканликларини билдирган.
Аммо, маълум бўлишича, Ўзбекистон Бош вазири Россия томонига ушбу йўналишда биргаликда ишлашни давом эттириш ва зарур карантин талабларига риоя этган ҳолда паритет асосида бу парвозлар сонини ҳафтасига 14 тага етказишни таклиф қилган.
Абдулла Арипов, бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия ўртасида талаб энг катта бўлган йўналишлар бўйича йўловчи темир йўл алоқаларини ҳам босқичма-босқич қайта тиклашни мақсадга мувофиқ, деб билишларини айтгани ҳам маълум бўлган.
Аммо Россия томонининг расмий хабарида ўзбекистонлик ҳамкасбининг бу таклифига Бош вазир Михаил Мишустин ва россиялик бошқа масъулларнинг муносабати, жавоби қандай бўлгани тафсилотлари ноаён қолган.
Жорий пайтда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига амалга оширилаётган мунтазам авиақатновлар сони тўрттани ташкил этади.
Россия ҳукумати шу йил 31 май куни рейслар сонини биттага оширишга қарор қилган.
Ўзаро қатнов
Ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган мунтазам парвозлар ҳозир ҳам барча ўзбекистонликларнинг бирдек Россияга киришларининг бор-йўғи иккита имкониятидан биттаси бўлиб турибди.
Россия ҳукумати 14 апрелдан бошлаб ўзбекистонликларнинг мамлакатга учинчи давлат орқали киришларига ҳам расман изн берган.
Аммо ўзбекистонликлар якка тартибда ҳали-ҳануз Россияга бошқа қатнов воситалари - поезд, автобус ва машинада кира олишмайди.
Икки давлат ўртасидаги пандемия боис расман тўхтатилган мунтазам ҳаво қатновлари, бир йил деганда, шу йилнинг 1 апрель куни қайта тикланган.
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари ўзининг сони пандемиягача миллионларга нисбат бериб келинган.
Айнан глобал коронавирус пандемияси сабаб, ўтган бир йилнинг ўзида юз минглаб ўзбекистонликлар ортга, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.
Бугун улардан яна катта сондагисининг Россияга қайтиш истаги ва ҳаракатида экани кўрилади.
Аммо икки ўртадаги мунтазам авиақатновларнинг қайта тикланишига оид расмий хабар ортиданоқ чипталарнинг нархи ва қанчалик имконли экани ўзбекистонликларни энг кўп шикоятларига сабаб мавзулардан бирига айланган.
Айрим ўзбекистонликлар чипта баҳосининг минг доллардан ҳам ошиб кетганлигидан шикоят этишган.
Пойтахт Тошкентдан сенаторларнинг ҳатто авиачипталарнинг нега қимматлиги юзасидан Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборишганига оид хабарлар ҳам олинган.
Қўмитанинг яқинда эълон қилган текшируви натижалари "Uzbekistan Airways" АЖ томонидан белгиланган нархлар хорижий авиакомпаниялариникидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлигини кўрсатгани хабар берилган.
Ўзбекистон, Россия ва миграция
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Агар куни-кеча эълон қилинган расмий статистикага таянилса, мамлакат аҳолиси сони ҳозир қарийб 35 миллион кишига яқинлашган.
Аксар фуқаролари мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.
Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.
Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Агар, ўтган ойги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.
Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.
Худди шу боис ҳам, ўзаро қатновларнинг қачон ва қандай тикланиши ҳозир ҳам кўпчилик ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтириб, ўйлантириб келаётган масала экани кўрилади.
Ўзбекистон, Россия ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи мавзуси икки давлат Бош вазирларининг Москвадаги мулоқоти чоғида Ўзбекистондаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган нуқталардан бири бўлган.
Россия томонининг расмий хабари тафсилотларидан маълум бўлишича, бу хусусда Бош вазири Михиал Мишустин сўз очган.
Мишустин Россия ва Ўзбекистон интеграцион бирлашмаларда фаол иш олиб боришаётганини айтган.
У ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошидаги кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон билан конструктив ўзаро алоқаларни олқишларини таъкидлаган.
Россия Бош вазири, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг "ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидаги тўлақонли иштироки иқтисодиётининг ўсиши учун қўшимча имкониятлар ва, албатта, фуқаролари учун сезиларли устунликлар яратиши"га ишончи комил эканини ҳам билдирган.
Ўзбекистон жорий пайтда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошида кузатувчи мақомига эга ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу иқтисодий иттифоққа ўтган йил охирида расман кузатувчи сифатида қабул қилинган.
Ушбу мақом кузатувчи давлат ваколатли вакилларининг таклиф бўйича Иттифоқ органлари йиғилишларида қатнашишлари, қабул қилинган ҳужжатларни олишларига изн беради.
Шу билан бирга, қарор қабул қилишда иштирок этиш ҳуқуқини бермайди.
Kузатувчи мақомидаги давлатлар Иттифоқ манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга мажбур саналишади.
Қозоғистон ва Қирғизистон бу иттифоқнинг тўлақонли аъзолари саналишади.
Туркманистон минтақанинг ягона нейтрал давлати бўлади, Тожикистон эса, ҳали-ҳануз ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи масаласида бир тўхтамга келмаган.
Тўлақонли аъзолик
Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзолиги мамлакат мустақиллиги тарихидаги энг қизғин баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.
Шахсан мамлакат президенти ва ҳукуматининг такрорий ишонтиришларига қарамай, ўзбекистонликлар орасида Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзоликни Ўзбекистон сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида баҳолаётганлар ҳалиям оз эмас.
Расман кузатувчи этиб қабул қилиниши ортидан, раиси мақомида бўлган Беларусь президенти Ўзбекистонга ЕвроOсиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш ва унинг тўлақонли аъзоси бўлишни таклиф қилгани ҳам маълум бўлган.
Бу ҳақда ўшанда Беларусь томони расман хабар берган.
Александр Лукашенконинг, "Сиз бизни узоқ вақт кузатмаслигингизга аминмиз ва яқин келажакда қарор қабул қилиб, ўзингиз ҳам жуда тўғри айтиб ўтганингиздек, Ўзбекистон халқига фойдали бўлса, иттифоқимизнинг тўлақонли аъзоси бўласиз. Биласизми, биз сизни ҳар доим ўз иттифоқимизда тўлақонли аъзо сифатида кутамиз ", деган сўзларидан иқтибос ҳам келтирган.
Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига расман кузатувчи этиб қабул қилинган мажлисда мамлакатни шахсан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи намоён этганди.
Мамлакат Ташқи ишлар вазирининг ўтган йил Сенат олтинчи ялпи мажлисида айтган сўзлари Россия ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик масаласида мигрантлар воситасида Ўзбекистонга босим ўтказаётганига оид тасаввурларни ҳам пайдо қилган.
Абдулазиз Комилов 7 август куни Сенатда ярим йиллик фаолиятлари юзасидан ҳисоб берган. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида гапирган.
Сенат аъзоларининг Россиядаги мигрантлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саволларига ҳам аниқлик киритган.
Худди шу манзарада вазир Ўзбекистон фуқаролари тақдирини енгиллаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар тайёрлангани, бироқ улар Россия томонидан рад этилганини айтган.
Бунинг ортидан берган изоҳида эса, бунинг сабаби айнан Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик билан боғлиқ экани англашилган.
"Россия билан бир-иккита ҳужжатларни имзоламоқчи бўлдик, лекин улар қабул қилмади. Жуда кўп нозик томонлари бор, буниям, ўйлайманки, сенаторларимиз билиши керак", деркан, вазир бунинг тафсилотларига тўхталиб ўтган.
Унинг сўзларидан маълум бўлишича, Россия томони "шартноманинг тўғри ёзилгани, яхши" эканини айтаркан, "Шартномани нима қиласиз? Мана, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киринглар. Ҳеч қанақа шартнома керак бўлмайди. Ана шунда ҳамма муаммолар ўз йўли билан ҳал бўлиб кетади", деган.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов ҳам бу каби иқтисодий иттифоққа аъзоликни бир мамлакат сиёсий мустақиллигига хавф сифатида кўрганини ошкора баён қилган, уларга рўйхушлик бермаган.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг "сиёсийлаштирилиши" сўнгги йилларда унга тўлиқ аъзо давлатлар, жумладан, Қозоғистоннинг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳам кўрилган.
Янги Ўзбекистон эса, кўпқутбли ташқи сиёсат олиб бориш истаги ва ҳаракатида эканини айтади.
Ўзбекистоннинг бу иттифоққа тўлақонли аъзо эмас, кузатувчи мақомида кириш қарори айрим сиёсий таҳлилчилар томонидан янги Ўзбекистоннинг "дипломатик ютуғи" сифатида ҳам баҳоланган.
Хабарларга кўра, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг Москвадаги 2-йиғилиши ортидан томонлар ўндан зиёд ҳужжат имзолашган.
Бу ҳужжатлар орасида "Меҳнат инспекцияси, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бандликка кўмаклашиш масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома"нинг борлиги ҳам маълум бўлган ва кўпчиликнинг диққатини ўзига тортганларидан бири бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek